Кўзқараш
3 июн 2020

АҚШдаги намойишлар ўзнетда либералларга қарши жазава қўзғатди

Бир нарсага эътибор қаратдим: АҚШда бўлаётган воқеаларга эътибор рус интернетида жуда юқори; рунетда бу воқеаларни анархия деб қоралаш, афроамерикаликларни арзимаган воқеа баҳона қонунбузарлик ва зўравонлик акциялари уюштиришда айблаш авжида.

Рус интернетида Ғарбдаги либерал трендларга қарши кескин кайфиятларни кўпдан бери кузатаман: феминизм ҳам қораланади, қора танлиларга нисбатан ижобий дискриминация ҳам қораланади, Европа муҳожирларни қабул қилаётгани ҳам қораланади, хуллас, ҳар ердан ёмонлик қидириш авжида. Рунет кетидан ўзнетда бундай кайфиятдаги одамлар кўпайиб қолди. Намойишларни дискредитация қилишга, сабабсиз зўравон қилиб кўрсатишга қаратилган ёлғон-яшиқ хабарлар-у, атайлаб уюштирилгани ҳақидаги фитна назариялари ҳам урчиб кетди.

Менимча, бу каби аксиллиберал фикрдаги одамлар АҚШдаги, Ғарбдаги асл вазиятни тўлиқ билмай туриб, ўз реаллигидан келиб чиқиб хулоса қилади. Лекин АҚШ ва Европа тарихидан ва бугунидан келиб чиқса, қора танли аҳолининг кураши маънисиз ва арзимас нарса эмас. Унинг чуқур ўтмиши ва сабаблари бор.

АҚШда ирқчилик ҳамон тирик. Полиция ходимлари қора танли одамларга ўта ишончсизлик билан қараши ва арзимас сабаб билан ўлдириб юбориши кўп кузатилган ҳолат.

Жуда майда ва исботланмаган қонунбузарлик учун ўлдирилган Жорж мана шундай муносабат қурбони. Кўчаларга чиққан афроамерикаликларнинг туйғуларини, ғазабларини тушунса бўлади. Гап инсон ҳаёти, инсон қадри, кўп миллионлик жамоа ғурури ва нормал муомалага муносиблиги ҳақида кетмоқда.

Инсон қадри билан ўйнашиб бўлмайди. Бир кун келиб у ўзига нисбатан ишламаган қонунларни ва тартибларни ҳурмат қилмай қўйиши мумкин.

Яна бир жиҳат. Жорж Флойд ўлими одамларни жунбушга келтирган триггер-ивент бўлди. Лекин акция иштирокчиларининг орасида ирқчилик, ёмон муомала қурбонлари оз эмас. Уларни ўлдиришмаган, лекин камситишган, ҳақоратлашган, калтаклашган, адолатсиз қамашган, ишдан ҳайдашган.

Улар фақат Жорж Флойд учун эмас, ўзлари учун кўчага чиқмоқда. Улар – фақат қора танлилар эмас. Улар орасида оқ танлилар ҳам бор. Полиция ходимларининг ҳам каттагина қисми намойишчиларни қўллаб-қувватлаяпти, уларни тушуняпти.

Албатта, намойишчилар уюштирган зўравонлик актларини оқлаб бўлмайди. Бундай ҳиссиётли акцияларга зўравонлик ишқибозлари ҳам қўшилиб олади, қолаверса, жаҳл чиққанда ақл кетади.

Лекин бу – ҳаракатнинг моҳияти эмас. Намойишчиларнинг кўпчилиги адолат хоҳлайди, холос. Уларнинг аксарияти тинчликка чақирмоқда, қора танлиларга одамдай муомала қилинишини, ўт очилмаслигини талаб қилмоқда.

Тинчлик ва муроса, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик ҳамиша энг яхши ва энг тўғри ечимдир, лекин, афсуски, одамлар бу яхши ечимга осон йўл билан етиб бора олмайди доим ҳам.

Энг муҳими – жамиятда фикр ифодалаш эркинлиги бўлиши керак, баъзида ҳиссиётга берилиб, баъзида жаҳл қилиб, одамлар пировардида бир-бирини яхшироқ тушуна ва ҳурмат қила бошлайди.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
25 июн 2016
23 июн оқшомида Тошкентдаги форумлар саройида рақсга тушган ва қўшиқ айтганлар орасида ҳам, томошабинлар қаторида ҳам Ўзбекистон халқ артисти ...
26 декабр 2018
2018 йилнинг 26 декабри куни тармоқда қоп кўтарган гурас-гурас Қорбоболарнинг фотосуратлари пайдо бўлди. Айрим суратларда Қорбобо кийимидаги ўсмирларнинг Бувайда ...
15 январ 2019
Ўзбекистонда Ватан ҳимоячилари куни нишонланди… бу эса болалар боғчасида олинган сурат… Нимага болаларга армия формасини кийгизишмоқда, мен билмайман, бироқ ...
31 июл 2019
1 август куни Ўзбекистондаги олий ўқув юртларига кириш учун тест имтиҳонлари бошланади. Бу ҳашаки шпаргалкалар даври тугаб, улар ўрнига ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...