Кўзқараш
3 июн 2020

АҚШдаги намойишлар ўзнетда либералларга қарши жазава қўзғатди

Бир нарсага эътибор қаратдим: АҚШда бўлаётган воқеаларга эътибор рус интернетида жуда юқори; рунетда бу воқеаларни анархия деб қоралаш, афроамерикаликларни арзимаган воқеа баҳона қонунбузарлик ва зўравонлик акциялари уюштиришда айблаш авжида.

Рус интернетида Ғарбдаги либерал трендларга қарши кескин кайфиятларни кўпдан бери кузатаман: феминизм ҳам қораланади, қора танлиларга нисбатан ижобий дискриминация ҳам қораланади, Европа муҳожирларни қабул қилаётгани ҳам қораланади, хуллас, ҳар ердан ёмонлик қидириш авжида. Рунет кетидан ўзнетда бундай кайфиятдаги одамлар кўпайиб қолди. Намойишларни дискредитация қилишга, сабабсиз зўравон қилиб кўрсатишга қаратилган ёлғон-яшиқ хабарлар-у, атайлаб уюштирилгани ҳақидаги фитна назариялари ҳам урчиб кетди.

Менимча, бу каби аксиллиберал фикрдаги одамлар АҚШдаги, Ғарбдаги асл вазиятни тўлиқ билмай туриб, ўз реаллигидан келиб чиқиб хулоса қилади. Лекин АҚШ ва Европа тарихидан ва бугунидан келиб чиқса, қора танли аҳолининг кураши маънисиз ва арзимас нарса эмас. Унинг чуқур ўтмиши ва сабаблари бор.

АҚШда ирқчилик ҳамон тирик. Полиция ходимлари қора танли одамларга ўта ишончсизлик билан қараши ва арзимас сабаб билан ўлдириб юбориши кўп кузатилган ҳолат.

Жуда майда ва исботланмаган қонунбузарлик учун ўлдирилган Жорж мана шундай муносабат қурбони. Кўчаларга чиққан афроамерикаликларнинг туйғуларини, ғазабларини тушунса бўлади. Гап инсон ҳаёти, инсон қадри, кўп миллионлик жамоа ғурури ва нормал муомалага муносиблиги ҳақида кетмоқда.

Инсон қадри билан ўйнашиб бўлмайди. Бир кун келиб у ўзига нисбатан ишламаган қонунларни ва тартибларни ҳурмат қилмай қўйиши мумкин.

Яна бир жиҳат. Жорж Флойд ўлими одамларни жунбушга келтирган триггер-ивент бўлди. Лекин акция иштирокчиларининг орасида ирқчилик, ёмон муомала қурбонлари оз эмас. Уларни ўлдиришмаган, лекин камситишган, ҳақоратлашган, калтаклашган, адолатсиз қамашган, ишдан ҳайдашган.

Улар фақат Жорж Флойд учун эмас, ўзлари учун кўчага чиқмоқда. Улар – фақат қора танлилар эмас. Улар орасида оқ танлилар ҳам бор. Полиция ходимларининг ҳам каттагина қисми намойишчиларни қўллаб-қувватлаяпти, уларни тушуняпти.

Албатта, намойишчилар уюштирган зўравонлик актларини оқлаб бўлмайди. Бундай ҳиссиётли акцияларга зўравонлик ишқибозлари ҳам қўшилиб олади, қолаверса, жаҳл чиққанда ақл кетади.

Лекин бу – ҳаракатнинг моҳияти эмас. Намойишчиларнинг кўпчилиги адолат хоҳлайди, холос. Уларнинг аксарияти тинчликка чақирмоқда, қора танлиларга одамдай муомала қилинишини, ўт очилмаслигини талаб қилмоқда.

Тинчлик ва муроса, ўзаро ҳурмат ва бағрикенглик ҳамиша энг яхши ва энг тўғри ечимдир, лекин, афсуски, одамлар бу яхши ечимга осон йўл билан етиб бора олмайди доим ҳам.

Энг муҳими – жамиятда фикр ифодалаш эркинлиги бўлиши керак, баъзида ҳиссиётга берилиб, баъзида жаҳл қилиб, одамлар пировардида бир-бирини яхшироқ тушуна ва ҳурмат қила бошлайди.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
1 август 2018
«Талқончи» нон ушатишда давом этади… Ўзбек маҳбуслари учун чақимчи камерадош билан яшаш қандай ёқимсиз… Собиқ сиёсий маҳбус Муҳаммад Бекжон ...
3 сентябр 2018
Ислом Каримовнинг ўлганига икки йил бўлиши билан Ўзбекистон ҳукумати марҳум президентнинг шиорлари, расмлари ва китобларини йўқ қилиш кампаниясини бошлади. ...
5 феврал 2016
Арамаис ва унинг шериклари устидан суд тугади. Ҳукмни кутиш қолди. Прокурор унга 18 йил сўради. 2015 йилнинг 4 сентябрида, ...
10 апрел 2020
Кемага чиққанда юзларча сайёҳ,Бўлишар битта жон, ягона тилак.Тўфонга дуч келиб тўзғиса ногоҳ,Ажал яқинлашса, жонлари бўлак. Тўлқинлар чиқарган сандиқда маржонҚолиб ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...