Кўзқараш
11 ноябр 2020

Ўзингдан қаёққа қочасан?

Пост деб ёзишга арзигулик фикр ва кечинмаларим ҳам қолмабди, чамаси. Мумтоз шоира Нодиранинг:

Сен на учун дунёга келдинг,
Кайфиятинг баён этиб кет,

деган мисраларини дилимда кўп такрорлайман.

Ёзаётган мақола, шеър, ҳикояларимиз, мавзусидан қатъи назар, аввало, ўз кайфиятимиз баёнидир.

Ижодий кайфият эса мазлумлар ҳолига ачиниш, зулмни ёмон кўриш, эркинликни соғиниш, ватанинг ва халқингнинг муайян тақдирини чуқур идрок этишдан, ҳис қилишдан пайдо бўлади.

Ижодий кайфиятнинг энг тубида эса эзгулик деган шам милтиллаб туради. Демак, ижодий инилишнинг асасий сабаби, жавҳари эзгуликдир.

Шундай. Кўнгилда ёзишга арзигулик ҳеч гап қолмабди, эндики нимани ёзсам такрор бўлади.

Лекин ҳар қанча такрор бўлмасин, зулмни ёмонлашдан, мазлумнинг тарафини олишдан, осмонни соғинишдан, ватанимга, халқимга изтироб ва алам оҳангларига тўла севги изҳор қилишдан сира зерикмайман.

Шоир айтганидек:
Илоҳий такрор бор бу мусиқада.

***

Яхши.
Ёмонмас.
Яшаса бўлади.
Шу-да энди ҳаёт.
Яна қанақа ҳаёт бўлиши мумкин.
Қандай яшайман деб ўйлагандинг?!
Монополлар, гапирма деб оғзингга латта тиқадиган зўравонларнинг қадами етмайдиган узоқ ўлкаларга кетиб ҳаётдан роҳат кўрмоқчимидинг.

Сен айтгандай бўлмайди.
Ҳеч қачон.
Хомтама бўлма.
Ҳамма айб ўзингда.
Қўрқоқлик қилиб монопол ва зўравонга ўз ичингдан жой бергансан, улар йўғон ва ингичка ичакларингда илондай билтанглаб, жонингни, қонингни сўриб ётибди, қайга борсанг, улар сен билан бирга.
Ўзингдан қаёққа қочасан?

Сен қочиб борган эркли жамият сен сабаб эрксиз жамиятга айланади.
Қадаминг теккан жойда зулм ва адолатсизлик илонлари вошиллаб бош кўтаради.
Асли зулм ўчоғи сенинг ичинг.
Ўлдир, ичингдаги душманни ўлдир.
Монополлар ва золимларнинг жони сенинг ичингда яширин.
Ўзингни ислоҳ қил.

Мустақиллик арафасида
90-йилларда талаба эдим.
Тошкентдан уйга қайтишда Тошкент-Андижон поездига миниб, Қўқонда тушардик.
У ердан эса автобусга ўтириб, Коппон бозорига етиб олардик, бозордан қишлоғимизга сариқ ПАЗ автобус қатнарди.

У пайтлар Қўқонда, водий шаҳарларида, умуман, бутун Ўзбекистонда киссавурлик, ўғирлик, йўлтўсарлик, босқинчилик, рэкет авж олганди, қишлоқларда молўғрилар кўпайганди; шаҳар ва туманларда маҳаллий жиноий гуруҳлар бозор, заводлар ва бошқа сердаромад худудларни талашиб, бир-бири билан ё ҳаёт ё мамот, деб жанг қиларди.

Ит эгасига қарамайдиган давр эди. Қишлоқларда кўплаб одамлар томорқасига очиқчасига наша экар, сохта ароқ ясаб сотар эди. Жамият бир муддат назоратсиз қолганди.

Халқ турли муаммоларини ҳал қилиб беришини сўраб ҳокимликка эмас, маҳаллий жиноий гуруҳ бошлиқларига мурожаат қиларди. Айтишларича, Қўқон шаҳрида маҳаллий авторитетлардан бирига ҳокимлик ўз биносидан жой ажратган экан.

Шаҳар ҳокими шаҳар ва аҳолини бошқаришга, қарор чиқаришга ваколатли шахс бўлса-да, амалда бошқарув маҳаллий норасмий тўда бошлиғи қўлида эди. (Қизиқ ва ғаройиб ҳодисаларга бой эди у даврлар. Ўшандаги жараёнларни тасвирлаб ғоят қизиқарли роман ёзса бўлади).

Маҳаллий бойлар ўз мулкларини асраб қолиш, ҳимоя қилиш мақсадида жиноий тўда лидерлари билан тил топишишга ҳаракат қилар, уларни моддий таъминлаб турарди. Қайси бой зўравон жиноий груҳлар етакчиси айтган гапларга юрмаса, унинг уйига ниқобли босқинчилар бостириб кирарди.

Маҳаллий йирик диний уламолар ҳам жиноий тўда бошлиқлари ёнидан жой олди. Шундан кейин жиноий гуруҳлар орасида сиёсий талаблар янграй бошлади.

«Бирлик» ҳаракатининг кучайиши ҳам шу йилларга тўғри келади. Улар ҳам муайян муддат, гарчи қонуний ваколатлари бўлмаса-да, халқни бошқаришга, моддий неъматларни ўзбошимчалик билан тақсимлашга ҳаракат қилишган. Масалан, бирликчилар Қўқон шаҳрига туташ экин ерларидан аҳолига ўзлари ўлчаб ер участкалари бўлиб беришганини эслайман.

Балки бирликчилар бўлиб берган ер участкаларига кейинроқ ҳокимлар қарор чиқариб бергандир.

Шаҳардаги сердаромад заводлар бир муддат тўлалигича маҳаллий норасмий гуруҳлар назоратига ўтганди: заводга бошлиқ тайинлаш, заводдан келаётган фойдани тақсим қилишни шу тўдалар ҳал қилган.

Жиноятчи гуруҳлар ҳаддан зиёд кўпайган, ҳатто ҳар бир кўчанинг ўз тўдаси бор эди.

Юқорида айтганимиздек, ўғри, қароқчидан бойлар қўрқади. Давлат эса муайян бир оралиқда ўз функциясини суст бажарган ва бу эса давлат ичида давлатчалар пайдо этган. Ақлли бойлар ўз мулкларини омон сақлаш мақсадида энг кучли жиноий тўдаларни моддий қўллаб-қувватлашни, уларни ўзлари томон оғдиришни бошлаб юборишган.

Жиноий тўдаларнинг мускулида кучи бўлади, калласида кучли ва айёр ақл бўлмайди, ақл бойда бўлади, шунингдек, катта пул оқимлари қаерда бўлишини ҳам бойлар билади.

Шундай қилиб, бойлар ва маҳаллий уламолар ва айрим норасмий сиёсий гуруҳлар аралашуви, таъсири натижасида соф ўғри, босқинчи тўдалар қилмишида сиёсий оҳанглар юзага келди. Улар шариат номидан аёлларни зинокор деб юзига қора суртиб эшакка тескари миндириш, ёшларни ўғрисан деб оёғидан осиб қўйишга журъат эта бошлашди.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат битиклари эди.

Тағин ўқинг
5 сентябр 2016
Каримов ўлими ундан касал ва заиф бир жамият ва уни шу аҳволга солган режим яшашда давом этаётганини намойиш қилди. ...
12 январ 2018
Ўзбекистонда ва чет элларда шу пайтгача яширин бизнес билан шуғулланиб келган ўзбекистонликларнинг ўғирлик пуллари президент Мирзиёев томонидан амнистия қилиниши ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт паша виз-визига ўхшаш шовқинлари ...
19 март 2018
1972 йилда Ўзбекистон мустақиллигини талаб қилувчи уюшма тузгани, Совет Иттифоқига қарши курашгани учун КГБ тарафидан қамоққа ташланган Миртемир Мирабдуллаев ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...