Кўзқараш
1 декабр 2020

Далада ишлаб эрини боқаëтган хотинлар

«Ошин» – 1983 йилда Японияда суратга олинган кўп қисмли фильм. Бош ролларда Нобуко Отова, Юко Танака, Аяко Кобаяси ва бошқалар ўйнаган.

Фильмда далада ишлайдиган аëллар машаққати ҳикоя қилинади. Фильм Ўзбекистонда намойиш қилинганидан кейин мавсумий далада ишлайдиган хотинларни Фарғонада «ошин», деб айтиш расм бўлди.

Фермер ва ëзувчи Раҳимжон Раҳматнинг Фарғонада кунлик ëки мавсумий ишлайдиган аëллар ҳақидаги туркум ҳикояларини «Элтуз» ўқувчилари эътиборига ҳавола қиламиз. Ҳикоядаги воқеалар бизнинг кунларимизда бўлиб ўтади.

***

Ўтган куни ошинларимдан бири телефон қилди: «Амаки, иш борми? Иш топиб беринг! Пул тугади!»

– Данғарада пайпоқ тўқишда ишлаётгандингиз-ку. Нима бўлди? Ишни тўхтатдингизми?

– Э, ака, бормай қўйдим. Бўлмади. Сизда иш борми? Иш топиб беринг. Мошларингизни уйга олиб келиб олдингизми?

– Яхши. Эртага келинглар икки киши.

– Нима иш қиламиз?

– Олмани саралаймиз. Ловия елпийсизлар.

Ошинимнинг исми Бахтигул.

Бахтигул ўзи тенгқур шериги билан эрталаб уйимга етиб келди.

Ҳаво илиқ эди. Ишни бошладик. Ўзим ҳам ишладим. Ишни олма сарлашдан бошладик.

– Чиригини алоҳида идишга соламиз, бутунини яшикка жойланглар. Олма картошка эмас, нозик мева, бутун олмани жойлаётганларингда бир-бирига урилиб заха емасин, – деб тушинтирдим уларга.

– Нега Данғарада ишламай қўйдингиз. У ерда пайпоқ тўқишда ишлардингиз, а?- сўрадим Бахтигулдан.

– Э, амаки, у ер ёқмади, бошида яхши тўлаймиз, деб алдаб, охирида яхши пул бермади.

– Неча сўм олардингиз?

– Бошида яхши тўлаймиз, кунига эллик олти минг сўмдан оласизлар деди, ойлик беришга келганда йигирма етти минг берди.
Нега кам? – десак «Кейинги ойга қўшиб берамиз», деди. Кейинги ойга яна алдади, яна йигирма етти минг берди. Бунақа пулга ишлаб бўладими, кўпчилик хотинлар ишдан бўшаб кетди,- деб тушинтирди Бахтигул.

– Йўл кира ва овқат пулини ишхона тўлармиди?

– Э, қаерда тўлайди? Ёнимиздан сарфлардик.
Берган ойлигидан йўлкира ва овқат пулини чиқариб ташласак,биласизми қанча қоляпти? Ўн бешмингдан сал ошяпти, холос. Бор-е,ишламайман, деб у ердан чиқиб кетдим,- деб тушинтирди Бахтигул.

– Бошқалар ўшанча ойликка ишлаб юрибдими? Жуда оз-ку. Ундан кўра кўчада перашка пишириб сотсангиз кўпроқ пул топасиз, – дедим мен.

– Мажбур ишлаб юрганлар бор. Лекин кўпчилик икки ой ишлаб, алданганини сезгач, ишдан чиқиб кетяпти,- деди суҳбатдошим.

– Менимча,- деб тушунтирдим Бахтигулга, – янги ишга келганларни яхши пул тўлаймиз, деб ваъда бериб, охирида алдаш уларнинг, яъни тадбиркорнинг иш услуби бўлса керак. Алданганини сезган ишчи ишдан бўшаб кетса, янгилар ишга киради. Токи улар ҳам алданганига ишонч ҳосил қилгунча икки ой эшакдек ишлайди. Ҳозирги замонда нима кўп? Ишлайман, уч-тўрт сўм пул топаман деган қизлар, жувонлар кўп. Демак, ишлашга талабгорлар керагидан ортиқ кўп бўлгани учун тадбиркор шунақа алдовни ўйлаб топган.
Албатта, тадбиркор билан иш бўйича келишувларинг оғзаки бўлган, ўртада меҳнат шартномаси имзоланмаган, шундай бўлгач алдайди-да сизларни, яна кимни алдасан.

– Билмасам. Балки шундай қилгандир. Тадбиркор ҳеч ким билан сиз айтган шартнома имзоламайди, – деди Бахтигул руҳсизгина.

Бахтигул ва унинг Иқболой, Саодат, Маърифат ва Мамлакатхон исмли шериклари илгари кўп марта даламга ишлагани келганди. Улар ўзларини битта бригада деб, ҳар доим бирга ишга борарди.

Шу ошин аёлларнинг ҳам ҳозирги тақдири билан қизиқдим. Уларнинг ҳаммаси шаҳардан иш топиб, дала ишига бормай қўйганди. Меҳнатимизни қилган ошинларга яхши пул тўлаймиз, лекин биздаги иш мавсумий, доимий эмас, ҳар куни иш топилмайди.

– Иқболой нима иш қиляпти? Оқсариқ, гавдаси кичкина, абжир аёл бор эдик-ку,- сўрадим Бахтигулдан.

– Иқболой ҳозир ишламаяпти. Ишлаёлмайди. Эри уриб жинни қип қўйган. Эри ёмон эди. Ишламасди. Хотинини урарди. Иқболой опа ишлаб топган пулни олиб қўйиб ароқ ичарди. Иқбол опа уйидан чиқолмайди.Сочларини ёйиб, бир нимадан қўрққандек уйнинг бурчагига, кўрпаларнинг ортига, ҳар хил латталарнинг орасига беркиниб, олиб ўзи билан ўзи гаплашиб ўтиради. Баъзан «Ўғлим келди!» деб кўчага югириб чиқаркан. Ўғли йўқ. Битта ўғли бор эди коллежда ўқийдиган, дадаси ёмонроқ урган экан, ўзини осиб ўлдирганига беш-олти йил бўлди.

– Оббо. Ёмон иш бўпти-ку! Иқболой чаққон, ширинсухан ва кўркам аёл эди, айниқса, кўзларининг доим кулиб туриши чиройли эди.
Ҳозир Иқболойга ким қараяпти. Эри ёнидами?- деб сўрадим Бахтигулдан.

– Эри қаердан қарайди? Кетворган қаёқадир. Ўзи у Иқбол опанинг уйида яшарди. Ҳозир бутунлай кетворди. Қишлоғи қўшни туманда эди,- деб тушинтирди Бахтигул.

– Маърифат билан Саодат яхши юрибдими? Икковиям баланд бўйли, кўркам аёллар эди, яхши ишларди?- сўрадим Бахтигулдан.

– Маърифат ҳозир ишламайди, бир жойда ўтириб қолган, оёғи ишламай қолди, Фарғоналарда банисада ётиб келди. Тузалмади. Унинг ўрнига коллежни битирган қизи ишга чиқяпти. Аясини ўша боқяпти. Унинг ҳам эри алкаш, дангаса, ишёқмас. Эркакка ўхшаб ишлаб пул топмайди. Саодат опа эса Росияга ишга кетворди. Қариндошлари ўша ёқда экан.

Ўтган куни иккита ошин ишлатдим. Иккиси ҳам бўй етган қизини эрга узатмоқчи. «Тўй куни аниқ эмас, баҳорда бўладими, ёзда бўладими, билмадим», дейди ошинлардан бири.

Иккинчи ошин ҳам қачон тўй бўлишини аниқ билмайди.
– Камларимиз бор ҳали, – дейишди улар.

– Куёв томон учта уйни бўшатиб қўйди, шуни тўлдиришим керак. Битта пардасининг ўзи фалон миллион экан. Гилами ундан қиммат. Мебелни нима қиламан? Кир ювадиган мошина, яна алламбалолар олишим керак экан. Тўйдан кейин анча кун куёвникига сомса, кабоб, ош, манти ташишим ҳам керак экан. Бунча камни қаердан битираман? Бошим қотиб бўлди,- деди ошинларимдан ёши каттароғи.

Унинг алкаш эри ўн йиллар илгари маст ҳолатда бетон ариққа калла ташлаб ўлган, учта боласини ўзи катта қилади.

Ошин айтган тўй харажатларини эшитиб мен қўрқиб кетдим, шунча нарсага пулни қаердан топаман. Менда ҳам бўй етган қиз бор.
Бечора ошин қора меҳнат қилиб топган пулига қанақа қилиб қизини узатволар экан.

Тўйларимиз турган-битгани юрак ўйноқ қиладиган ташвиш-ку. Маънавиятчилар, маърифатчилар, маҳаллачилар, аёл қўмитачилар, нега маиший ҳаётимиздаги бидъатларни, ёмон одатларни ислоҳ этмайсизлар?

Сизларнинг бевақт ўтказиладиган беҳисоб тадбирларингдан ҳеч қандай фойда йўқ-ку.

Ëзувчи Раҳимжон Раҳмат ҳикояси

Тағин ўқинг
25 январ 2021
AҚШ президенти Дональд Трамп лавозимидан кетишидан аввал Ўзбекистондаги Қарши шаҳри яқинида жойлашган Хонобод ҳарбий базасида хизмат қилган ҳарбийларга тўлиқ ...
24 сентябр 2020
Сўнгги пайтларда мендан энди мигрантларнинг тақдири қандай бўлиши ҳақида тез-тез сўрашмоқда. Айримлар Россиядан қайтаётган ишсиз эркаклар оқимидан очиқчасига ҳайиқмоқда. ...
10 январ 2017
Reina тунги клубини қонга белаган ва 39 кишини қатл қилган хужумчига қатл буйруғини берганликда гумонланган Илëс Мамашарипов қўлга олинди ...
22 июн 2016
Рассом Туз ва Элсеварлар қаторига Кирпи тахаллуси билан ижод қиладиган ëш рассом ҳам қўшилди. Шу кунларда Тошкентда истиқомат қиладиган ...
Блоглар
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган ...
13 феврал 2024
Тармоқнинг ўзбек сегменти ўзбек давлат рамзларига нафратни парваришламоқда. Ижтимоий тармоқларда маҳалла раиси ва фаолларнинг давлат ...