Видео
20 декабр 2020

Нега аёллардан даҳо чиқмайди?

Биз аёлларда ўз «мен»ини эркак фикри, мавқеи билан тасдиқлатиб олиш инстинкти бор экан, буни ҳозир ўйлаб қолдим.

Аслида бу эркакларда ҳам бор: аёл туфайли, аёлнинг севгиси туфайли, аёлларнинг эътибори туфайли ўз «мен»ини мустаҳкамлаш. Бизда бошқачароқ, яъни ўзлигимизни, фикримизни, интеллектимизни, ҳатто истеъдодимизни ҳам ёнимиздаги эркак танишларимиз, ўзимиз ҳурмат қилганларнинг фикрлари билан тасдиқлатиб олиш эҳтиёжи жуда кучли.

Нега аёлдан даҳо чиқмаслиги ҳақида жуда кўп баҳслар бор – дунё илмида, санъатида, адабиётида. Менимча, бунда патриархат тузум (жамият)нинг ҳам таъсири бор. Яъни ҳар қандай интеллектли аёлда ҳам бу инстинкт сифатида мавжуд бўлади, деб ўйлайман.

Патриархат тузум туфайли қонимизга, кодларимизга бу нарса сингиб кетган, ҳатто юксак даражадаги бир қадриятларимизни, ўзлигимизга тегишли бўлган энг юксак тушунчаларимизни ҳам эркаклар томонидан баҳолатиб олиш, тасдиқлатиб олиш эҳтиёжи бор.

Масалан, аёлларнинг тан олиши унчалик таъсир қилмайди, лекин эркаклар тан олиши – бу бошқа масала. Биз ҳатто ўз шахсиятимизни, «мен»имизни, интеллектимизни ҳам бирор бир эркакнинг орқасида туриб – у билан ёнма-ён туриб эмас ёки унга қарши чиқиб эмас, кўп ҳолларда унинг орқасида туриб тасдиқлатишга эҳтиёжманд бўламиз.

Дунё илм-фани, санъатида, адабиётида, умуман, ҳаётда ҳам бунга мисоллар жуда кўп. Жумладан, ҳаёти фожеавий афсоналарга сабаб бўлган Камилла Клодел. Камилла жуда истеъдодли ҳайкалтарош эди, табиат аёлдан даҳо яратди, деб эътироф қилади Камилладаги яратувчилик қобилиятини кўрганлар.

Камиллага Огюст Роденга бўлган, бир томондан, севгиси, иккинчи томондан, айнан Роден уни тан олиши, қўллаб-қувватлаши муҳим бўлади. Уни севади, севишдан ташқари, айнан юқоридаги ҳислар туфайли ҳам унинг ёнидан кетолмайди. Роден унга қандай муносабатда бўлишидан қатъи назар, унга сиғинишда давом этади, натижада асарларига (ҳайкалларига) унинг нуқси ура бошлайди.

Роден билан муносабати омадсиз кечади. Танқидчилар эса асарларини тақлид деб билиб, Камилладан ижод борасида четлаб ўтишни бошлайдилар. Алоҳида ижодкор сифатида тан олишни тўхтатишади. Бора-бора бундай ҳолат 30-35 ёшларида аёлнинг ақлидан бутунлай мосуво бўлишига олиб келади. Унинг қисмати ана шундай аянчли тугайди.

Яна бир мисол. Виржиния Вульф бошида Жемс Жойснинг ижодини, «Уиллсс» романини умуман қабул қила олмайди. Кундалигида бундай ёзади: «…Наҳотки, Том (машҳур шоир Томас Элиот назарда туриляпти. Виржиниянинг қадрдон дўсти бўлган) гаёққан бўлса шундай асар? Наҳотки, Том тан оляпти Жеймс Жойсни?» деб жазавага тушади.

Демак, ўзининг баҳосига ишонишдан, ўзининг баҳосида қолишдан кўра, Элиотнинг Жойсни тан олгани уни шубҳага солаверади. Бу ўринда эркак фикрига эргашиш, эркак кишини устун билиш ёки ўз «мен»ини, шахсиятини эркак томонидан тасдиқлатиб олиш истаги жуда кучли.

Агар аёл ҳам ўзига суяна олса, бундай тасдиқларга муҳтож бўлмайди. Ўзингга суяна олсанг, қарши жинсдан бўлган танишларингми у ёки бирор фикрий даҳоларми, ким бўлишидан қатъи назар, «мен»ингни тасдиқлатиш муҳим эмас, деб ўйлайман. Аммо ҳар бир аёлда, ўзимда ҳам шу инстинкт борлигини ногаҳон англаб қоламан.

Афсуски, бу ҳолат деярли инстинкт даражасида. Юқорида айтганимдек, бу, эҳтимол, ўша патриархат жамият таъсири. Минг йиллар давомида генетик кодларимизга сингиб кетган туйғулар инстинкларга айлангандир балки. Шунинг учун ҳам аёлдан даҳо чиқиши қийиндир.

Лекин нима бўлганда ҳам, инстинктни маҳв қилиш қийин бўлса ҳам, унинг кўзига тик қараш керак. Бу барибир шахсиятни камситадиган ҳолат.

Жинсидан қатъи назар, ҳар битта одам алоҳида шахс, алоҳида даҳо, алоҳида интеллект бўлиши мумкин. Биров буни тасдиқлаб бериши керак эмас.

Аслида тасдиқлаши шарт эмаслигини айтиш ақл ўргатишдай гап. Чунки ўзим ҳам мудом тасдиқ қидираман атрофдан – ўзимга, ўзлигимга, шахсиятимга, ижодимга… бошқа-бошқа… ҳамма нарсага. (Жинсимиздан қатъи назар, ҳаммамиз шундаймиз). Лекин мана шу камчиликнинг кўзига тик қарай олсак, эҳтимол, буни ҳам енгиб ўтса бўлар.

Ҳар ҳолда мен жуда хоҳлардим аёллардан даҳо чиқишини, даҳо аёллар кўпайишини. Гендер тенглик дегани бу фақат ҳаётда, унинг қайсидир жабҳаларида эмас, балки илм-фан, ижодда, адабиётда, санъатда, мусиқада, ҳар бир нарсада тенгма-тенг аёл-эркак даҳолар кўп бўлишини истардим.

Тўғри, аёл нима учун даҳо бўлолмаганига жуда кўп сабаблар бор – оила масаласи, турмуш вазифалари каби. Шунинг билан бирга, психологик сабаблари борлиги ва биттаси шу эканига тўхталиб ўтяпман.

Бу инстинкт даражасида бўлгани учун, қолаверса, энг нозик масала бўлгани учун, яъни ўз-ўзини тасдиқлатиб олиш қанақадир, ҳатто керак бўлса даҳоликни ҳам кимнингдир орқасига беркиниб ўтиб тасдиқлатиш – бу энди камчилик. Бу энди даҳолигингга соя соладиган камчилик. Шу илғашим ҳақида гапиргим келди. Хуллас, аёллардан доимий даҳолар чиқсин!

Тилланисо Эшбоева, шоира

Тағин ўқинг
3 июн 2023
Франц Кафка ўлимидан кейингина кўплаб асарлари чоп этилган ва дунёга танилган 20-асрнинг буюк ёзувчиларидан биридир. Тириклигида у бир нечта ...
18 январ 2021
2020 йил 16 март куни Фарғона вилоятининг Қува туманида яшовчи 18 яшар Розияхон Содиқова Фарғона шаҳрида ўғирлаб кетилганини «Элтуз»га ...
3 декабр 2018
“Ўз газингни ўзгага бериб, таппи ёққан ўзбегим”, дея совет даврини ёмонлаган халқимиз ўзининг замонавий тарихида ҳам газга ёлчимаяпти. Ўзбекистонда ...
12 май 2023
РТ: Сиз билан  яна гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман.  МС: Ничиксизлар жоллимисизлар мўччи бика ҳам хўжик биррилар Бормисиз, ...
Блоглар
13 сентябр 2023
Ислом Каримов одамлар орасида яшамагани учун ютуқларга эриша олмади. У ўзининг виртуал ёпиқ дунёсини яратди ...
12 сентябр 2023
(Бир тўй ҳақида ўй) Қўшиқчи Муниса Ризаеванинг тўйига бир миллион долларнинг тепасида расход бўлди. Пулни ...
20 август 2023
Файзулла Убайдулло Хўжа ўғли, яъни Файзулла Хўжаев 1896 йил 15 мартда Бухоро амирлигида туғилади. Отаси ...