Фожеа бахтсизликка берилган зарбага айлансин
Тинч турурми бу кўҳна дунё,
Тинч турурми доғули замон…
А.Орипов.
Коронавируснинг янги штампи дейиляпти. Бу қанақаси экан?! Янги штамп вирус аввалгисидан тез юқаркан, лекин кўп ўлдирмас экан. Ёш болаларга ҳам юқяпти дейишди. Англияда тарқалганмиш. Ҳозиргача 33 та мамлакатга етиб борибди. Кўп мамлакатлар қайтадан чегараларини ёпяпти. Янги штамп илгари ковид билан оғриганларга қайтадан юқармикан?! Ўзи,зўрға шу касалдан тузалиб олгандим, яна юқиб қолса нима бўлади?!
Қондаги вирусга қарши антитела уч ойгача сақланаркан, сўнг йўқ бўларкан. Уч ойдан сўнг яна вирусга чалинсам-а. Оббо. Эҳтиёт бўлиш керак. Инсонларга юқаётган коронавирус лабараторияда яратилган жанговор вирус дейиляпти. Жанговор бўлмай ҳар бало бўлсин ўша вирус. Энди қандай яширинамиз янги штамп вирусдан?!
Биронта ёзувчи коронавирус деган ҳикоя ҳам ёзмади. Исажон Султон шунақа ҳикоя ёзса бўларди, чунки у киши микробиологияни, вируслар оламини яхши билади. Пандемия онгимизда қанақа эврилишлар ҳосил қилганини чуқур тахлил қилиб мақола ёзадиган журналистимиз ҳам йўқ.
Ҳўш,пандемия инсонни, унинг ҳаётий қадриятларини ўзгартирдими? Серҳашам тўй ва маросимларимиз оёғимизга урилган кишан эканлигини тушиниб етдикми? Серҳашам маиший маросимларга сарфлаган пулимизни болаларимиз таълимига, оиламиздагиларнинг яхши еб, яхши ичишига ишлатсак бўлмайдими? Вирус семиз одамларда оғир ўтишини билдик. Демак,семизликка қарши курашамиз.
Бежиз бир кунда 10 км.пиёда юрганга мукофот дейилмади. Ишхонада бир жойда ўтириб ишлайдиганлар ҳам жамоа бўлиб эрталабки гимнастикани бошлаб юборди. Ковидга қарши курашадиган энг биринчи ва асосий дори иммунитетимиз эканлигини ҳам билиб олдик. Иммунитет нимадан кучаяди? Сифатли озиқ-овқат иммунитетни кучайтиради. Ҳўш, бизлар етарли миқторла гўшт ва сут махсулотларини истеъмол қиламизми? Йўқ,етарли гўшт ва сут махсулотлари емаймиз. Статистикага ва анов партия раҳбарига ишонмайман, кўзимга,ақлимга, фаросатимга ишонаман…
***
Кейинги ўн йилликда кўз ўнгимда неча чорвачилик фермер ҳўжаликлари тугатилди. Ундан аввал ҳам чорва фермер ҳўжаликларига маҳаллий ҳокимлар бир қисм пахта экишга мажбурлар эди. Ерининг ярмига пахта эккан чорва фермер моллари сонини камайтиришга мажбур. Иммунитетимизни кучайтириш чорасини кўрмасак бўлмас, бунинг учун эса тиббий профилактикани кучайтириш, аҳолининг тиббий онгини ошириш зарур.
Туман шифохоналарида оддий замонавий Ком. тамография аппаратини йўқлиги одамни ҳайрон қолдиради. Ҳар бир туман шифохонасига битта-иккитадан Ком.томаграфи ва МРТ сотиб олишга давлатнинг кучи етмайдими,наҳот! Туманларимиздаги давлатга қарашли шифохоналар аҳволи мақтагудек эмас, биродарлар. Халқнинг соғлигига биринчи навбатда давлат масъул. Чунки мазмунан давлат халқнинг иродасини, ҳохиш-истагини акс эттиради, манфаатларини ҳимоя қилади ва жамиятда адолатни таъмин этади.
Пандемия сабаб меҳнат мигрантларимиз учун Россия ёпилди. Энди нима бўлади? Энди ўзбек йигитлари иш излаб қаёққа боради?! Ҳаммаёқ берк-ку! Ўзимиздаги ишхоналар ёлчитиб ойлик бермаса, ойлик излаб қаёққа борилади энди?! Коррупцияни белини синдириш ҳақида ҳам жиддий ўйлаш керак. Коррупция пандемияга ўхшаган инқироз даврида даҳшатли ички душманга айланади.
Аҳолининг муҳтож қатламига давлат томонидан ажратилган ва саховатли инсонлар томонидан эҳсон қилинган маблағларнинг қанчаси мақсадга етиб боргани, қанчасини олғирлар ўзлаштирганини биров ҳисоблаб кўрдими? Шаҳарликлар, баданларинг нозик экан, нисбатан яхши шароитларда яшасаларинг-да, коронавирусдан сизлар кўпроқ зарар кўрдиларинг, қишлоқ одами вирусни осон ўтказди. Демак, шаҳарликлар, ўз ҳаёт тарзларингни танқидий тахлил қилишларинг керак. Фожиа бахтсизликка берилган зарбага айлансин. Яъни, оддий тил билан айтсак, дуч келганимиз пандемия жамиятимиздаги иллат ва маразликларни бартараф этишимизга катта туртки берсин.
Пандемия сабаб талаба ўғил-қизим анча вақт қишлоқда яшади. Ўқишлар онлайн дейилди. Лекин қишлоқда тезкор интернет қани?!
Вирус сўзи лотин тилида заҳар деган маънони билдиради. Демак еб турган ошимиз (ҳаётимиз) га заҳар солинди, уни тўкиб ташлаёлмаймиз, чунки егани бошқа овқатимиз йўқ? Нима қилмоқ керак?! Ичамиз шу заҳарланган овқатни! Фақат заҳарни танамизга салбий таъсирини камайтирадиган тадбирларга эътибор қаратишимиз лозим, шундагина камроқ зарар кўрамиз.
Одамларнинг фикрини ва дунёни ўзгартиролмайсан, шунинг учун оломонга гап уқтираман деб чиранма, дейишади айрим нодон одамлар. Диктаторларнинг маддоҳлари бутун бошли халқнинг фикрини ўзгартира олади-ку! Туппа-тузук халқлар мафкуравий тарғибот таъсирида қонхўр, мамлакат бойликларини талон-тарож қилган, минглаб инсонларни қашшоқликка дучор этган диктаторни ҳалоскоримиз, элбошимиз, юртбошимиз дея қўшиқлар куйлай бошлайди-ку. Ҳўш, уларнинг фикри қандай ўзгарди? Ахир дунёни, инсон фикрини ўзгартириб бўлмас эди-ку! Шундай экан, демак инсонларни яхшиликка, эркинликка, орли, номусли бўлишга ундаш ижобий натижа беради, албатта.
Ўтган кунги постларимга бир ФБ дўст: чиранманг, дунёни ўзгартиролмайсиз, деб ёзибди. Мен у билан баҳслашмадим, баҳсни ёқтирмаслигим бор гап. Фикрлар очиқ айтилмайди, чала айтилади. Ярим ҳақиқат чала туғилган чақалоққа қиёс, яшаб кетиши, яшаганда ҳам тўлиқ яшаши гумон. Фикрларни, ҳақ сўзни чала айтилишига сабаб нима? Балки ҳақ сўз деб айтилаётган фикрлар вояга етмасдан, пишмасдан туғилишга шошилаётгандир. Ё объектив реалликдаги ҳавф-хатар сабаб атай чала фикрлаётгандирмиз.
Чала ҳақиқат билан кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Ҳақиқатнинг чала жойини ёлғон билан тўлдириш мумкин… Бугун тонгда ўзимга шу саволни бердим: – Нега чала фикрлайсан, айтаётган ҳақиқатинг ҳам чала? Бу саволимга ўзим нима деб жавоб бердим? Жавобни ўйлаяпман, кейинроқ айтаман…Мексика чегарасига етиб олай, дермиди?!
Ëзувчи Рахимжон Раҳмат фикрлари эди