Асосий мавзулар
10 феврал 2021

“Бўлмаганга бўлишма…”

Қул нечун қул, чунки у бўйнидаги занжирга сиғинади.

Кейинги дастурни тайёрлаш ниятида навбатдаги туман прокуратурасига бордим. Раҳбар билан кўришиб, дастур режасини келишиб олганимиздан сўнг терговчини қўшиб берди, тасвирга олиш учун жойларга чиқиб кетдик.

Туман четидаги машина-трактор паркига бордик. Бу хўжаликдаги муаммо – етти ойдан буён ишчиларга ойлик маошлари берилмаётган экан. Прокуратура текшируви мобайнида ана шу ҳолат аниқланиб, иш улар томонидан судга оширилган.

Суд қарорига кўра, барча ишчиларга ойлик маошлари тўлиқ ундириб берилган, хуллас, ҳуқуқ ҳимоячиларининг қонуний ҳаракатлари оқибатида адолат қарор топган бўлган.

Корхона раҳбари терговчи билан суҳбатлашиб қолди, биз оператор билан комбайнни таъмирлаётган беш йигитнинг қаршисига бордик.

“Ҳорманглар йигитлар” дея қўл олиб сўрашдик, улар билан бироз дилдан суҳбатлашдик, оилалари, фарзандлари ҳақида сўрадим. Аслида ўрим мавсуми роса авжига чиққан палла эди. Техника техникада, барибир, ўрим пайтида тўсатдан бузилиб қолиб тузатишаётган экан.

Камсуқум, камгап йигитлар экан, қўллари ишда, одам юзига тик қарашмайди. Ниҳоят мақсадимизни уларга тушунтирдим. Чиндан ҳам сизларга ойлик маошларингизни тўла ундириб беришдими, деб сўрадим.

Улар бундай ғамхўрликдан бошлари осмонга етганини, энди эса астойдил ғайрат билан иш бошлаганларини айтишди. Тиғиз мавсум пайтида уларнинг вақтини олгим келмади.

Бўлиб ўтган ойлик маошларини ундиришга нисбатан муносабатларини бир оғиз сўзлаб беришлари кераклигини айтиб оператор-тасвирчини ёнимга чақирдим. Шундоқ микрофон тутганимни биламан, кутилмаганда улар шартта тилдан қолишди.

Ўзи шундоқ бўлади, телекамера қаршисида кўплар ҳаяжонланади, деб тушундим, уларга мақсадимни вазминлик билан яна бир карра тушунтирдим.

Яна микрофон тутдим, ҳозиргина ўзаро бемалол гапираётган йигит “Ака анави гапирсин, мен гапга йўқман”, деди мўнғайиб. Кейинги йигитга микрофонни тутдим ва “Етти ойлик маошларингиз ундириб берилгани ҳақида қандай фикрдасиз?” деб сўрадим.

Йигит кутилмаганда “Бизда ундай воқеа бўлмаган”, деб ғўлдиради. Жаҳлим чиқиб кетди, жараённи дарҳол тўхтатдим. Наҳотки “адолат қарор топди, ҳуқуқ ҳимоясиларига раҳмат”, деб қўйиш шунчалар қийин бўлса, дедим таажжубланиб.

Ўзи чиндан ҳам сизларга ойлик маошларингиз ундириб берилганми ёки майнавозчилик бўляптими, агар ёлғон бўлса терговчи ҳам … экан-да,  деб юбордим хунобим ошиб.

Бирдан йигитларнинг юзида хижолат аралаш даҳшатли қўрқув пайдо бўлганини сездим. Ҳайрон бўлиб ортимга ўгирилиб қарадим, беш-олти метрлар нарида раҳбар билан терговчи ўзаро суҳбатлашиб, бизни кузатиб туришган экан.

Чамамда, гапимни эшитиб қолиб хижолат бўлишди шекилли, ўзларини ҳеч нарса эшитмаганга солишиб, аста суҳбатлашиб узоқлашишди. Бу ҳолатдан кейин мен ҳам қаттиқ хижолатга тушиб ғазабга келдим.

“Ака, бизни ҳам тўғри тушунинг, бизнинг ҳам бола-чақамиз бор, сиз келиб кетувчи одамсиз, биз эса бу раҳбар билан бирга қолиб яна ишлашимиз керак, сиз кетгандан кейин раҳбар бизни ишдан бўшатиб юборса нима қиламиз? Агар биз ҳозир тўғрисини айтсак, раҳбар эртага бизни ишдан бўшатиб юборади”, деди ялингансимон.

“Нима, шаҳардан келган оқбилаклар деб ўйлаб, бизларни масхара қиляпсанларми, бола-чақа ортига беркинма, эркаклигингча қол, кел, унда сенлар билан яккама-якка ташлашамиз», деб кўйлагимни ечиб юборганимни ўзим ҳам сезмай қолибман.

«Ака, шошманг, бугун бошқа жойларни ҳам тасвирга олишимиз керак-ку», дея операторнинг елкамдан ушлаганидан сўнг бироз ўзимга келдим.

«Эй, укалар, ахир сизларни прокуратура, суд ходимлари, қолаверса, давлат раҳбари ҳимоя қиляпти-ку, ахир раҳбарингиз сизни яна ишдан бўшатадиган бўлса, ҳуқуқ ҳимоячиларига мурожаат қилсангиз, улар сизни яна тўла ҳимоя қилади-ку, яна кимдан қўрқасиз, адолатли давлат  бўлса шунчалик бўлади-да, ўзларингиз ўзларингизга ишониб ҳаракат қилишингиз керак-ку», дедим.

Билаги кучга тўла жисмонан бақувват йигитлар бошларини қуйи солганларича сўзсиз қотиб турардилар…

Ҳайрат

збекистонлик маҳаллий журналистнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикояси)

Тағин ўқинг
21 сентябр 2022
Ўзбекистондаги кўплаб фермер хўжаликлари кластерлар пахта ва бошоқли дон харид қилиш бўйича фьючерс шартномалар нусхасини ҳалигача ўзларига бермаётганидан норозилик ...
13 декабр 2015
2015 йилнинг 13 декабрида, Жаслиқ турмаси маҳкуми, ҳуқуқ ҳимоячиси Аъзам Фармонов 37 ёшга тўлади. 2006 йилнинг апрелида уни ҳибсга ...
20 апрел 2019
20 апрель куни Қозоғистоннинг Жамбул вилоятидаги «Тошкент-Олмаота» трассасида автобус ҳалокатга учради. Йўловчилари аксарият ўзбекистонликлар бўлган автобус ҳалокатида камида 11 ...
17 феврал 2016
Куни кеча бир қатор ОАВ томонидан, Арамаис Авакян иши бўйича яширинча хукм чиқарилгани, ва ушбу жиноий иш айбланувчилари 14 ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...