Асосий мавзулар
8 март 2021

Охирги луқма

Бундан ўн йиллар олдин, баҳорнинг энг ёқимли палласи – апрель ойининг ўрталари эди, Олмаотага қараб йўлга чиққандим. Черняевка чегара постига кундузи соат ўн иккиларда етиб келдим. Йўлда ўзимча режалаштириб, ўзбек ва қозоқ чегараларидан бирор соатларда ўтиб олсам, кеч соат олтиларда Олмаотага қараб жўнайдиган автобусларнинг бирортасига ўтириб кетишга бемалол улгураман, ҳатто бу орада яхшилаб тамадди қилиб ҳам оламан деган хаёлда эдим.

Ўзбек чегара постининг олдига етиб келиб ҳайрон бўлиб қолдим, навбатда мингга яқин одам тик туришарди. Ҳаво иссиқ эди, айниқса, навбатга турадиган жойда шийпон ёки усти ёпиқ бино йўқлиги сабабли очиқ ҳавода туриб шафтоли қоқи бўлишга тўғри келарди.

Елкамдаги сумкамни ерга қўйиб навбатга турдим. Кун қизиб борарди, очиқ жойда турганимиз учун тезда терлай бошладим. Навбат бошида ғўддайиб турган одамлар ярим соатлар ўтгандан кейин ҳам пост ичкарисига қўйилмай тураверганларидан кейин атрофимдаги йигитлардан қачондан буён турганларини сўрадим. Улар менга масхараомуз тарзда эрталабдан буён тик турганларини, бу орада бир мартагина икки юз нафарга яқин одамни ичкарига қўйиб юборишганини, шундан бери қоққан қозиқдек турганларини айтишди.

Россияга кетаётган бўлсаларинг, чегарада ўралашиб қийналгандан кўра шундоққина поездга чипта олиб бемалол ўтириб кетмайсизларми, дедим. Улардан бири: “Ака, ўзимиз ҳам яхши биламиз, аммо чипта ўзимизда уч-тўрт баравар қиммат, ҳозир чегарадан ўтиб олсак, тўғри вокзалга қараб чопамиз, ўша поездга бу ердан арзон чипта олиб ўтирамиз-кетамиз”, деди.

Анчагина суҳбат орасида менинг ортимдан яна икки юзга яқин одам келиб навбатга туриб улгуришганди. Чекиш ниятида четга чиқиб навбатни кузатдим, одамлар қизиб бораётган асфальт устида тик туришарди, йўлнинг икки томонига бетон тўсиқлар қўйилганди.

Навбатда турганларнинг деярли ҳаммаси Россия ёки Қозоғистонга ишлаб пул топиб тирикчилик қилиш ниятида сафарга отланган 18 дан 45 ёшгача бўлган, юртимизнинг турли ҳудудларидан йўлга чиққан навқирон йигитлар эди. Уларнинг шеваларидан деярли юртимизнинг ҳамма жойларидан келганлари билиниб турарди.

Ташқаридан разм солсангиз, улар гўё билаклари кучга тўлган, аёвсиз жангга отланган пишқираётган отларни мингган баҳодирлар лашкарига ўхшарди, уларнинг сафи минут сайин кўпайиб борарди. Ҳарбий кийимдаги йигитлар келиб бетон тўсиқлардан чиқмаслик кераклигини қўпол дўқ-пўписа билан тушунтириб кетишарди.

Яна бир ғалати ҳолни кузатдим, шундоқ ёнгинамиздан қозоқ ва бошқа чет эл фуқаролари ўзаро чақчақлашиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз, навбатсиз чегара пости ичкарисига бемалол ва мағрур ҳолда кириб кетишарди, уларга йўл очиқ эди. Навбатда турган йигитлар уларга ҳайрон бўлиб ҳам ҳавас, ҳам ҳасад билан тикилишарди.

Тушдан кейин соат учларга келиб қуёш чидаб бўлмас даражада қиздиришни бошлади. Бу орада тўсиқ этиб қўйилган икки бетон орасидан ташқарига чиқишга рухсат берилмаётгани боис одамлар терлаб-пишиб, ҳатто кийимлари жиққа ҳўл бўла бошлади.

Қаёқдандир пайдо бўлган сотувчилар одамларга минерал сув олиб келиб сота бошлашди. Сув сотувчиларнинг ичида эркаклар, аёллар ва ҳатто болалар ҳам бор эди. Диққинафас бўлиб турган одамлар чанқоқ босиш ниятида тўхтамай сув ича бошлашди. Атрофимизда сув сотаётган эркаклардан бири баклашкадаги сувни “менга-менга” дея узатилаётган қўлларга бермай маҳкам ушлаб, “олдин пулини тўла, кейин сув бераман”, деб  бақирарди.

Деярли ҳамманинг елкасида катта-катта сумкалари бор эди. Сумкаларнинг ичида асосан сафар учун ишчи кийим-кечаклар босиб-тиқиб солинганди, кўринишидан сумкаларнинг энг енгили йигирма килограммдан кам эмасди. Ғуддайиб туравериб чарчаган йигитларнинг аксарияти энди сумкаларини ерга қўйиб устига ўтириб олишганди.

Бу орада яна икки юз нафарга яқин одамни пост ичкарисига қўйиб юборишди, навбат олдинга қараб жилгандек бўлди, аммо бизнинг ортимизда навбатга келиб қўшилаётган одамларнинг сони кескин кўпайиб бораётганди. Олдиндагилар озгина сурилгандек бўлгани сабаб орқада навбатда турган одамлар олдинга қараб шундай катта куч билан интилишдики, ўртада қисилиб қолганлар сўкиниб бақир-чақир қилиб юборишди.

Бироз ўзларига келиб олган одамлар яна сув ича бошлашди. Шу вақт орқа томондан, “Айланай, болларим, сувдан ичинглар, қийналиб кетдинглар-а, олинглар сувдан ичинглар”, деб меҳр билан муомала қилаётгани эшитиб қолдим. Беихтиёр ўша томонга қарадим.

Ранглари ўчиб кетган кўйлак-лозим кийган, бошида ҳам анча уриниб қолган рўмол, юз-қўллари офтобда қорайиб кетган, аммо истараси иссиқ, 55 -60 ёшлардаги мехнатда пишган оддий ўзбек қишлоқ аёли. Меҳр тўла муомаласидан тик турган йигитлар каби уч-тўрт фарзандни катта қилгани шундоққина кўриниб турарди.

Аёл кўлидаги минерал сувларни бир нималар деб пулини ҳам сўрамай тарқатиб борарди. Олдинга қараб келгани сари орқадаги йигитлар “пулини олиб қўйинг, онажон”, дейишарди, сув ҳақи аёлга қўлма-қўл узатиларди. Аёл биз томонга анча яқин келиб қолганида унинг гапларини аниқ эшита бошладим:

“Иссиқда қийналиб кетдинглар-а, болларим, олинглар, сувдан ичинглар. Бошларинг тошдан бўлсин, ризқ қидириб бегона юртларга сафарга чиққан айланайлар. Ҳа, сизлар пул жўнатиб эл-юртимизни, пошшомизни, бизниям боқяпсизлар. Борган юртингиз одамларини, пошшосиниям, погонлиларни ҳам боқасиз, жоним болларим. Иссиқ-совуқ демай, кечаю кундуз тер тўкиб меҳнат қиласизлар, дам олиш нималигини эсингиздан чиқарасиз, ҳалол топган пулингиздан охирини оилангизга, бола-чақангизга едирасиз, кийдирасиз.

Вой, бечора болларим-а, ҳаммасини едириб-ичирганингиздан кейин энг охирги луқма ўзингизга тегади-я. Сизларга увол-а, болажонларим. Замон шу экан, нимаям қилардик, ахир парранда зотиям ўз уйини ташлаб кетгиси келмайди, наилож, сафарларинг бехатар бўлсин болажонларим. Аллоҳим сиз болажонларимни ўз паноҳида сақласин, ой бориб омон қайтинглар”.

Шу пайт ғалати ҳолни кузатдим, яқин атрофда онанинг гапларини эшитаётган йигитлар ўз оналарини кўргандек бўлишди шекилли, ҳатто сувни олмай туриб пулини узатишарди, она ҳам кафтига келиб тушаётган пулларни умуман санамасди. Онанинг набираси бўлса керак, ғизиллаганча минерал сув ташиб келарди, она эса тинмай гапириб сув тарқатарди. Она юқоридаги гапларини давом эттираркан, баъзи йигитларни ўз фарзандидек елкасини оналарча меҳр билан силаб қўярди.

Ҳар замонда чекиш учун икки бетон орасидан чиқиб нарироқ бориб турар эканман, навбатда хуноб бўлиб турган йигитларга қараб хаёлга чўмаман… Ҳа, бу йигитларнинг тирикчилик кўйида таваккал қилиб мусофирликка чиққани маълум. Аммо сафарда уларни қандай тақдир кутиб тургани бутунлай қоронғи.

Улардан кимнингдир ишлари юришиб кетади, даромад қилиб бойиб кетади, данғиллама уйлар солади, янги машиналар олади, кимлардир ўша бегона юрт турмуши ёқиб қолиб бир умрга қолиб кетади, яна кимдир оч қолади, бир тийинсиз қарзга ботиб аранг уйига қайтиб келади, яна кимдир кутилмаганда жиноятга қўл уриб кўп йилларга қамалиб кетади, яна кимлардир касал ёки жиноятчилар ёки фалокат қурбони бўлиб юртига тобутда қайтади. Сафар бошида улар хору зорлик, очлик,  сарсон-саргардонликни кўришлари аниқ. Нима бўлгандаям мусофирчиликнинг нони қаттиқ бўлади…

Кеч соат олтиларга борганда бирдан ҳаво айниб, совуқ шамол турди. Қоронғи тушгач ёмғир ёға бошлади. Куни бўйи иссиқдан диққинафас бўлган одамлар энди совуқдан жунжика бошлади. Усти-бошлар ҳўл бўлиб кетганди. Йигитлар тик турганларича ёнида бор озиқларни истеъмол қилишарди, кўпчилик оч қолганди ҳам.

Пост ичкарисига қўйиш тўхтатилганди. Одамлар навбати ҳаддан ташқари кўпайиб чўзилиб кетди. Энди иккала бетон орасидан четга чиққан одамларни юзларини қора ниқоб билан тўсган ҳарбийлар очиқдан очиқ резина калтак билан уриб дўппослаб кета бошлашди.

Ярим кечага борганда одамлар бутунлай ҳолдан тоя бошлади. Навбатда турган одамлар сони бир неча минглаб кўпайиб кетди. Ортда навбатда турганлар олдинга қараб сура бошлади. Атрофга разм солдим, одамлар тик туриб ухлашарди. Сур-сурда навбатнинг энг олдида турган йигитлар ҳарбийлар томонидан қаттиқ калтакланиб бақир-чақир қилишарди.

Тунги соат учларга борганда яна битта катта гуруҳни ичкари постга қўйиб юборишди, бу оломон ўртасида мен ҳам бор эдим. Аранг ичкарига кириб кириб олдим.

Пост ичкари ҳовлиси кенг асфальтланган майдон эди. Йигитлар қўлида сумкаси билан ўтирган ҳолатда ғоз юришга мажбурланар, бутун майдон бўйлаб ўша ҳолатда илонизи кўришида ҳаракатланарди. Мен бундай ўзига хос навбатнинг охирроғида эдим.

Кутилмаганда бақир-чақир кучайиб кетди. Чамамда чегарачиларнинг бошлиғи бўлса керак, қўлида резинка калтак билан чиқиб келиб, “овозингни ўчир” деб ўтириб ғозюришча ҳаракатланаётган йигитларни аямай уриб кетди.

Ҳамма жим бўлиб қолганди, фақатгина ўша бошлиқнинг куракда турмайдиган уят гаплар билан сўкиниб бақираётгани ва дубинканинг “гурс-гурс” овози эшитилиб турарди. Йигитлар дубинка зарбидан чаққонлик билан зарбага сумкасини қалқон қилиб қўйиб ўзларини ҳимоя қилишарди.

Бошлиқ одамларни калтаклаб чарчади шекилли, “энди биронтанг ҳам ўтмайсан”, деб ўшқириб ҳаллослаганча бино ичкарисига кириб кетди. Одамлар қўрқиб-писиб ўтиришаверди.

Эрталаб соат етти бўлди. Оломоннинг тоқати тоқ бўлганди. Бироқ калтакдан қўрқиб ҳамон жим ўтиришарди. Аслида бу чегара пости куну тун узлуксиз ишларди. Улар ичкаридан биронта ходимнинг чиқиб чақиришини кутарди. Сездим, чегара ходимлари ҳам бошлиқдан чўчиб ичкарида индамай ўтиришганди.

Шартта ўрнимдан турдим ва навбатнинг энг олдига бориб турдим ва менинг ортимдан ўн нафар болани қўрқмай юраверишини айтиб олдинга қараб тик туриб одимладим. Менинг бу ҳаракатимни ҳамма бақрайиб ҳаяжон билан кузатиб турарди.

Ортимдагиларга “дадил бўл, юриш”, дедим. Ўн нафар йигит ўрнидан туриб. аста орқамдан юра бошлади. Шу пайт ўша бошлиқ шаҳд билан ичкаридан чиқиб келди. Биринчи менга дуч келди, кўзларимиз тўқнашди, “еб юбораман” дегандай ўқраярди менга. Мен ҳеч нарса бўлмагандек йигитларни бино ичкарисига бошладим. Бошлиқ индамай ичкарига кириб кетди. Одамлар жонланди, ҳаракат бошланди.

Тўпланиб қолган оломонни тезкорлик билан ўтказиб юбориш учун қозоқ чегарачилари чиқиб кетиш томонини ҳам кириб келиш учун очиб беришди. Шу сабаб қозоқ чегараси пости томонидан тезда ўтиб олдик.

Қарангки, кеча кечки пайт жўнаб кетадиган автобуслар ўрнидан жилмабди. Йўловчилар йўқ бўлганидан кейин автобуслар қаёққа ҳам борарди, демак одамлар чегарадан ўтказилмаган экан-да. Автобуслар графиги ҳам бузилиб кетибди.

Шошиб-пишиб тамадди қилган бўлдик-да, автобусга ўтирдик. Роса чарчагандим, чегарадан ўзиям йигирма соатда ўтибмиз. Жойимда индамай атрофни кузатиб кетар эканман, қулоғимда ўша оддийгина ўзбек онанинг гаплари янграрди:

“Икки юрт одамларини, пошшосиниям, погонлиларни, бойларини ҳам боқасиз, жоним болаларим. Иссиқ-совуқ демай, кечаю кундуз тер тўкиб тинмай меҳнат қиласизлар, дам олиш нималигини эсингиздан чиқарасиз, ҳалол топган пулингиздан охирини оилангизга, бола-чақангизга едирасиз, кийдирасиз. Вой, бечора болаларим-а, ҳаммасини едириб-ичирганингиздан кейин энг охирги луқма ўзингизга тегади-я. Сизларга увол-а болажонларим…”. 

Ҳайрат,
ўзбекистонлик муаллифнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикояси

Тағин ўқинг
18 март 2021
Қрим ярим ороли Россия армияси назорати остида 2014 йилнинг 18 мартида ўтказилган референдум натижасига кўра Россия таркибига қўшиб олинди. ...
11 апрел 2016
Ўзбекистонда май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар ...
11 март 2016
Ўзбекистонда рекламада порнодан фойдаланиш тақиқланади. Лекин бу қоида сиëсий рекламаларга жорий қилинмайди. Кинода ўпишиш мумкин, ҳар икки холатда, – ...
15 декабр 2017
13 декабрь куни Тошкент ислом университети 4-курс талабаси Асқар Нодиров ўзбек-қозоқ чегарасида ўтаётиб посбон Толиб Файзиевни пичоқлаб тан жароҳати ...
Блоглар
13 апрел 2021
«Элтуз» каналида ўзининг “Нью-Йоркдан назар” видеоблогини юритаётган 70 ёшли қишлоқ хўжалиги мутахассиси Исмоил Оспанов эътиборни ...
11 апрел 2021
«From Me to You» (Мендан сенга) — Леннон ва Маккартни дуэти ижро қилган зариф бир ...
8 апрел 2021
2010 йил 7 апрель куни ўз қарорлари билан озиқ-овқат ва коммунал хизматлар учун нарх-навони мислсиз ...