Кўзқараш
9 март 2021

Тахт талвасаси

Инсониятнинг узоқ кечмишидан маълумки, Александр Македонский ақлан, жисмонан ва руҳан тенгсиз куч-қудрат соҳиби бўлган. Шунинг учундир ўз вақтида аёвсиз жанглар қилиб, деярли дунёни босиб олган.

Ғолибона ҳарбий юришлари оқибатида беҳисоб олтин-кумушларни, бепоён ҳудудларни қўлга киритган, одамларни шафқатсизлик билан ўз измига бўйсундирган. Ўша даврда дунёнинг энг бой тождори бўлган.

Лекин унинг ўшандай улкан ғалабалари келгуси авлодлар учун ибрат бўлолмаган. Саркарданинг инсоният олдидаги энг буюк хизмати – ёруғ оламни тарк этганидан сўнг қабридан бир қўлини чиқариб қўйишларини васият қилган, токи одамлар беҳисоб бойлик йиққаним билан боқий дунёга қуруқ қўл билан кетаётганимни ўз кўзлари билан кўрсинлар, деган экан. Марҳумнинг васиятини сўзсиз ижро қилганлар.

Александр Македонскийни пайғамбар бўлган деб ҳам бежиз айтишмайди. Чунки унинг ўша бебаҳо васияти бугун ҳам, келгусида ҳам қатъий амал қилаверади. Айниқса, дунёнинг давлатбошилари буюк саркарданинг ўша васиятини улкан олтин ҳарфлар билан саройлари пештоқларига ёзиб қўйишса, давримиз олампаноҳларининг олам ва одамларга муносабатлари бутунлай бошқача бўлармиди?!

Узоққа бормайлик, бундан бор-йўғи 10 йиллар аввал араб давлатларида аҳолининг кетма-кет исёнлари бошланиб кетганди. Қонга беланган бу ғалаёнлар дунё тарихида «Араб баҳори» деб номланди.

Ҳўл ўтин гугурт чаққанингиз билан ёниб кетавермайди. Агар қуриб- қақшаб турган хашак устига олов учқуни тушиб қолса борми, тамом, ҳаш-паш дегунча заррадек учқун даҳшатли ёнғинга айланади.

2011 йилда Тунисда полиция ва кучишлатар тизимларининг зуғумларига бардош беролмаган бир оддий фуқаро норозилик сифатида ўзини намойишкорона ёқиб юборганди. Бу воқеадан кейин бутун мамлакат бўйлаб оммавий норозилик намойишлари ва ғалаёнлар бошланганди.

Ҳаш-паш дегунча араб дунёсини қонга ботирган норозилик исёнлари олови қўшни Миср, Яман, Жазоир, Иордания, Мавритания, Уммон, Судан, Ливия, Сурия, Марокаш, Саудия Арабистони мамлакатларига ҳам ўтиб, уларни оловли инқилоблар қамраб олганди.

Афсуски, бу инқилоблар давомида содир бўлган мудҳиш воқеа ва ҳодисалар эл-юрт ва мамлакат манфаатлари учун хизмат қилмади. Аксинча, араб баҳори инқилоблари оқибатида миллионлаб одамлар ҳалок бўлишди, ногирон бўлиб қолишди, юрт вайронага айланди, янги авлод руҳан чўкди.

Мамлакатлар иқтисодиёти янада ортга кетди, одамлар янада қашшоқлашди, имкон топган фуқаролар бутун дунё бўйлаб тумтарақай қочиб кетишди. Ҳукмдорлар ҳам, одамлар ҳам, иқтисодиёт ва ниҳоят мамлакат ҳам пароканда бўлди, ҳеч ким ютмади, аниқроғи, ҳамма ютқазди.

Аслида бундай бахтсизликнинг бош айбдори, биринчи галда, мамлакат бошқарувидаги раҳбарлар эди. Аввало, юқоридаги мамлакатлар раҳбарлари 20–30 йиллаб тахтига маҳкам ёпишиб ўтириб олишган.

Улар илк бошқаруви йилларида ўз давлатининг иқтисодиётини кўтаришда ижобий бурилишлар ясашга ҳам эришганлар. Аммо кўп йиллар ўтганидан сўнг, аниқроғи, мамлакат бошқарувини тўла қўлга киритиб, яккаҳоким бўлганларидан кейин уларнинг шуурида сиёсат ва иқтисодиётга нисбатан кўникма ва кибр пайдо бўлган.

Аҳвол шу даражага етганки, гаҳ деса истаган одамини қўлига қўндира олишган, вақтлар ўтиб, ёшлари бир жойга бориб қариб қолишган. Араб давлатлари ҳукмдорларининг жиноий умумийликни ташкил этадиган яна бир жиҳати – улар бошқарувни ўз халқига нисбатан ўта шафқатсизлик ва бағритошлик ҳамда мамлакат қонунларини истаганча оёқ ости қилиш билан юритишган.

Шунингдек, мазкур мамлакатларда қуйидагича умумий ҳолат содир бўлган: одам сони туғилиш ҳисобига ўсиб бораверган, аҳоли ёшараверган, авторитар-яккаҳоким бошқаруви ҳам кучайган, ўта қашшоқлик, коррупция, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, пулнинг қадрсизланиши, ишсизлик,  клептократия – коррупцияга учраган раҳбарлар сиёсий ҳокимиятдан фойдаланиб ўз миллатининг бойлигини ўзлаштириш учун давлат маблағини талон-тарож қилиш ёки ўзлаштириш ҳам кундан кунга кучайган.

Ўз халқидан беҳисоб бойликларни ўғирлаган ўша ҳукмдорлар миллиардлаган пулларни мамлакат тараққиётига, ўз халқи турмуш тарзини яхшилаш ва иқтисодиётни тараққий эттириш ўрнига дунёдаги энг йирик банкларга яшириб қўйишни афзал билишган.

Ниҳоят, ўша араб ҳукмдорларининг ўз халқидан тортиб олиб дунё хазиналари орасига беркитган 50-70 миллиардлаган доллари ва яна халқдан яширган беҳисоб бойликлари нафақат уларнинг ўзлари, оила аъзолари, бола-чақалари, авлодлари, балки халқига ҳам насиб этмади. Аксинча, бутун мамлакат аҳолисини ҳам катта ҳалокатга олиб келди, чек-чегарасиз кулфатлар, фожеалар келтирди, холос.

Инқилоблар оқибатида ҳукмдорлар қамоқларга тиқилди, осилди, оломон томонидан уриб ўлдирилди ёки қувғинда хорликда ўлим топишди. Ҳукмдорларнинг фарзандлари ғалаёнлар даврида қамалди, ўлдирилди ёки қувғинда умрбод тавқи-лаънатлар остида яшашга маҳкум бўлишди. Руҳи кибр тўла, очкўз, тахт васвасасига тушган араб ҳукмдорлари ўз авлодлари ва халқига ана шундай аянчли мерос қолдирди.

Афсуски, бутун дунёга овоза қилинган «араб баҳори» фожеасидан собиқ совет республикалари бўлган бугунги мустақил давлатларнинг аксарият ҳукмдорлари тўғри хулоса чиқариб, атрофга кўзларини катта очиб қараш ўрнига тахт васвасасига тушиб тўлғонаётгандек кўринишади.

Бугунги кунда мазкур ҳудудлар аҳолисининг аксарияти ҳукмдорлар бошқарувидан бутунлай норози кайфиятда. Сабаби – яна ўша тахтга турли-туман ҳийла-найранглар билан маҳкам ёпишиб, узоқ йиллар тахтга қонунга зид равишда ўтириб олиш, аҳоли сонининг ўсиб бораётгани, авторитар-яккаҳоким бошқаруви, қашшоқлик, коррупция, инсон ҳуқуқларининг поймол этилиши, пулнинг қадрсизланиши, ишсизлик,  клептократия – коррупцияга учраган раҳбарлар сиёсий ҳокимиятдан фойдаланиб ўз миллатининг бойлигини ўзлаштириш учун давлат маблағини талон-тарож қилиш ёки ўзлаштириш, фарзандларининг шоҳона яшашини таъминлашга ҳаракат ва ўғирлаган бойликларини хориж банкларига яшириш, ўзгача фикрлайдиган кишиларни кучишлатар тизимлари хизматидан ноқонуний фойланиб шартта бўғиб ташлаш, минг афсусларки, арабларни ҳалокатга олиб келган ўша бошқарув тизими билан худди эгизак бўлган муҳит мазкур ҳудудларда ҳам давом этмоқда.

Узоққа бормайлик, тахтда узоқ йиллар ўтириб олган Россия, Қозоғистон ва ҳатто Ўзбекистон президентларининг бир-биридан ўзарга фақат ўзлари, оиласи ва яқинларининг дам олиб ҳордиқ чиқаришлари учун эртакнамо саройларни миллиардлаб доллар маблағларга  элдан яширинча қуриб олганлари ҳақида хабарлар олами жаҳонга ёйилиб фош этилди.

Бугунги кунда бутун дунё бўйлаб моховдек яккалатиб қўйилган Россия президенти қонунларни айланиб ўтиш бўйича янгилик яратди – ўзи ташкил этган янгича электрон овоз бериш йўли билан мамлакат конституциясини ўзгартириб, ўтган президентлик муддатини нолга туширди.

Яъни унинг ўтган президентлик даври бекор қилинди ва ўзи учун яна икки марта сайланиш ниятида 2036 йилга қадар давлат раҳбари лавозимида қолиш  имкониятини яратди. Албатта, бу найранг мамлакат  ва дунё аҳлига ёқмади.

Ниҳоят бугунги кунда империя тахти васвасасида тўлғанаётган Россия ҳукумати дунёнинг адолатсиз бошқаруви оқибатида ўз халқи томонидан тахтдан қувилаётган ҳукмдорларни ўз пинжига олаётган дунё жандармига айланди, тарих қайтарилмоқда.

Тожикистон ва Қозоғистон президентлари ўзларини миллат отаси деб эълон қилишди. Бунинг асл маъноси – ўша шахслар мамлакат президентлигидан кетганидан кейин ўзи, фарзандлари ҳамда қариндош-уруғлари устидан жиноят иши очишни қонун билан таъқиқлаб қўйишди.

«Қўрққан олдин мушт кўтарар», деб бежиз айтмаган доно халқимиз. Аслида бу жиноятни яширишдан бошқа нарса эмас. Эндиликда эса баъзи давлат президентлари тахтни ўз фарзандларига мерос қилиб қолдириш васвасасига тушиб қолишган, аниқроғи, тахт авлоддан авлодга ўтувчи хонлик барпо этиш ниятидалар.

Тожикистон ва Туркманистон ҳукмдорлари ўз фарзандларини юқори давлат мансабларига кўтариб, бу ният йўлида аллақачон тайёргарликни бошлаб юборишган, халқни бунга ҳам кўниктиришга интилишяпти.

Туркманистон эса ҳозир зимистонга айланган. Бу мамлакатда амалда аллақачон хонлик бошқаруви ҳукм сурмоқда. Олампаноҳ қаршисида катта амалдорлардан тортиб то оддий одамгача чуқур таъзим бажо келтиради. Арқадағнинг айтгани айтган, дегани деган, сўзсиз ижро этилади. Подшои олийлари мамлакатни хоҳлаганича бошқаради.

Оқибатда ҳар томонлама эрки бўғилган Туркманистон халқига жуда қийин бўлди. Халқ ҳам жисмоний, ҳам руҳий жиҳатдан хўрланмоқда, зўрланмоқда, таҳқирланмоқда.

Ўтган йили Туркманистоннинг Ўзбекистон билан чегара ҳудудида табиий офат – кучли тўфон бўлди. Уйлар томларини, ҳатто одамлар ва ҳайвонларни шамол учириб кетди. Рўзғорлар вайрон бўлди, одамлар ҳалок бўлди, баъзи ҳудудларда сув тошқини бўлди, оилалар бутунлай бошпанасиз қолди.

Туркманистон ҳукумати бу табиий офат ҳақида ҳеч қаерда хабар бермади, яширди, ўта оғир аҳволга тушиб қолган халқига ҳам ёрдам бермади. Аксинча, табиий офат оқибатини телефонларга тасвирларга тушириб олган хотин-қизларни ўта шафқатсизлик билан олиб бориб қамаб қўйди.

Ўзбекистон томони эса табиий офатдан зарар кўрган аҳолига зудлик билан ёрдам кўрсатди.  Туркманистоннинг мазкур чегара ҳудудида аксарият ўзбеклар истиқомат қилишади.

Миллатчи ҳукмдорлар ўзбек мактабларию ўзбекча матбуотни аллақачон тақиқлаб қўйишган. Хуллас, ҳозир Туркманистоннинг жафокаш халқи бутун дунё устидан кулиб масхарабоз деб атаётган ҳукмдорнинг зулми остида сукут сақламоқда.

Қирғизистонни Ўрта Осиёдаги озодлик ороли, дейишади. Қўшни ҳукмдорлар эса адолатсиз президентларини ҳамиша қувиб юбораётган халқнинг бошқаларга намуна бўлишидан қўрқиб, уларни ёқтиришмайди.

Аслида Қирғизистонга озодлик тамал тошини қўйган, ҳеч қачон коммунистик партократия амалдорлигида зарарли тажриба орттирмаган, мамлакатнинг биринчи президенти, кучли олим ва зиёли инсон Асқар Ақаев бўлади.

Мамлакатдаги озод турмушни кўролмаган ташқи ёвуз кучлар халқ орасига биродаркушлик, миллатчилик уруғини сочишга ҳам уриниб кўришди. Хайриятки, кейинги йилларда қирғизистонликлар бу хасталикдан фориғ бўлмоқдалар.

Таъкидлаганимиздек, араб давлатлари ҳукмдорларининг дунёнинг йирик банкларига яширган миллиардлаган доллари ўзига ҳам, халқига насиб этмади, турли жарималар тарзида йўқ бўлиб кетди.

Бугунги кунда Россия ва Ўрта Осиё давлатлари ҳукмдорлари ва боёнларининг Европа ва Америка давлатларидаги йирик банкларга ўз халқидан яшириб қўйилган миллиардлаган пул маблағлари ноқонуний деб топилган, аниқроғи, ўз халқидан ўғирланган даромад сифатида музлатиб қўйилди.

Энг кулгили жиҳати – собиқ совет давлатининг бугунги мустақил республикалари президентлари ва уларнинг фарзандлари энг катта бизнесменлардир. Чунки уларнинг бундай катта пул маблағлари ва бойликларни қандай йўл билан топгани аҳмоққа ҳам аёндир.

Ўзбекистоннинг марҳум президентининг аристондаги қизи Гулнора Каримованинг давлат пулларини ўғирлагани ҳақидаги ҳангомалар бутун дунёга овоза қилинди.

Ўзбекистонда салкам 30 йил давомида бирорта миллиардер очиқ равишда  пайдо бўлмади. Чунки бу юртда ҳукмдор ва унинг вазирларигина эълон қилинмаган миллиардерлардир.

Бу эса халқи ҳуркитилиб, овози ўчирилган мафия давлати, деганидир. Қаранг, куни кеча дунё матбуотида Қозоғистоннинг миллат отаси Назарбоев неварасининг Англия банкида сақланаётган 44 миллиард доллар пул маблағлари устидан ноқонуний даромад деб топилгани юзасидан суд бўлиши ҳақида хабар эълон қилинди.

Назарбоевнинг ҳамма фарзандлари, ҳатто неваралари ҳам доллар миллиардерлари бўлишган. Бундай фактларни кўплаб келтириш мумкин.

Собиқ советларнинг бугунги мустақил давлатларининг ҳукмдорлари навбатдаги президент сайлови мавсуми олдидан юрагига ғулғула тушиб, бесаранжон бўлиб қолишади.

Амалдаги президент томонидан ўз халқи турмуш даражасининг тараққиёти ҳақида кечаю кундуз ташвиш чекаётган ягона инсон сифатида артистлик ва эркинлик юзасидан қаттиқ тақиқлар ва сиёсий ўйинлар бошланади.

Мақсад айёрлик, маккорлик, алдов, зўравонлик, қонунларни оёқ ости қилиш каби ҳар қандай ҳаракатлар билан бўлса-да, тахтни ўз қўлида сақлаб қолиш бўлади. Ҳозирги ҳукмдорлар ўзлаштирилган беҳисоб бойликларни тахт таянчи, деб ўйлашади. Афсуски, бу ҳукмдор ҳам, халқ ҳам ютқазадиган шафқатсиз оловли инқилоб тўфони арафасидаги тахт васвасасидир. 

Ҳайрат,
ўзбекистонлик муаллифнинг “Элтуз”га йўллаган ҳикояси

Тағин ўқинг
26 апрел 2021
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров Ўзбекистонга қайтди. Бу ҳақда актёр Дилшодбек Каттабеков ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди. ...
4 апрел 2023
1914 йилнинг 4 апрелида Тошкентда ҳунарманд оиласидан чиққан Убайдулла Хўжаев (Убайдулла Асадуллахўжаев) «Садои Туркистон» газетасини ташкил этди. Бу газета ...
30 сентябр 2015
Кеча мажбурий пахта терими жумладан болалар эксплуатацияси авж олган Хоразм вилоятига рейдга чиққан ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малоҳат ...
13 апрел 2017
«Оила ва жамият» газетаси (12.04) президентнинг пенсионерларга метрода юришни (10.00 дан 16.00 гача) текин қилиб қўйганидан «миннатдор» кексаларнинг «катта ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...