Асосий мавзулар
9 сентябр 2021

Toшкентда янги талабалар ижарага уй изламоқда

6 cентябрдан Ўзбекистон олий ўқув юртларида янги ўқув йили бошланди. Айни пайтда вилоятлардан пойтахтга келиб ўқиётган талабалар учун турар-жой муаммолари ҳам бошланди. Ўзини ижтимоий тармоқда абадий студент дея танитган Жонтемир Жондор исмли шахс, етти йилдан буён уй излаётгани ва Тошкентда ижара уй топиш муаммолари ҳақида ёзди.

Тошкентга келганимга етти йил бўлди. Келганимга эмас, муқим яшаётганимга. Ўтган йиллар ичида ҳаловат топиб, мазза қилиб оёқ узатиб яшаган кунларимни минг уринай эслолмайман. Бу шаҳардаги энг катта муаммо – БОШПАНА! Айниқса, талаба ва сўз дея тили осилганча ҳаллослаб юрган ижодкорлар учун.

Талабаларга доимгидек ётоқхона етишмайди. Ижодкорлар турар жойи эса йўқ ЎЗБЕКСИТОНДА! Уй бозорига чиқиб кўрганмисиз ҳеч, амалдорлар? Шахсан мен деярли ҳар икки ойда чиқаман. Бугун ҳам бордим. 1 хонали ижара уй нархи 250 доллар!

Ҳай-ҳай, бу Америка ё Германия эмас, ҳатто Туркияда ҳам 100 долларга тузуккина бошпана топиш мумкин экан марказдан. Агар ойлик минг доллар бўлганда ҳам тушунишим мумкин эди бу нархни. Икки ярим миллион бир ойга бир оилага етади, деган даҳо мулозим қани? Бир хонали квартирага етмайди-ку!

Халқнинг устидан кулиш ёқадими шунчалик ё аслида аҳвол қандайлигини ростанам билмайдими бунақа оғзига келганини валдирайдиганлар?

Хуллас, 250 доллар. Бу уч миллион дегани коммунал тўловлар билан ҳисоблаганда! Кунма-кун сапчиб бораётган  нархларни назорат қиладиган ташкилотлар борми бу мамлакатда? Ё ёшлар эннасини кўриб юраверсинми? Қайси талаба ойига уч миллион топа олади? Бир хонали уйда жуда борса уч кишига рухсат беришади. Бир миллиондан тушадими шунда?

Ёш ижодкорлар нима қилсин? Ёзувчиларга қуриб берилган уйга тўлов қилишга қурби етмайдиган, топгани қорнини тўйғазишга аранг етиб турганига ҳам чидаб, сўз деб, адабиёт деб юрган ёш ижодкорлар қаерга бош урсин?

Қачонлардир ижодкор уйлари бўлган. Жуда арзон нархда. Унда бемалол ўзлари уй сотиб олмагунча яшаб, ижод қилиб юраверишган. Шунақа уйлардан бири Қатортол бозори ёнида. Билмадим, ҳозир у ерни ҳам бозорчиларга бўлиб беришди шекилли каттароқ соққа қилиш учун.

Одамнинг хўрлиги келади. Нега ҳамма нарса пулдорларники? Маънавият, санъат, адабиёт аҳлини ҳам ўйлайсизларми? Шўрманда ижодкор бир хонали уйда ўн бешта одам билан яшолмаса. У ёзиши керак! Тушунтирганнинг фойдаси йўқ буни сизларга. Ёшлар иттифоқи, қачон ижодкорлар уйи қурилади-ю, биз у ерда яшаймиз?

Қачон нархлар чўнтакбоп кўринишга келади? 

Қачооооон? 

Қачооооон? 

Ё бирорта мард МЕЦИНАТ борми? Ўқи, ёз, ярат! Бунақа маиший муаммоларни ўйлама, ўз бўйнимга оламан, сен ижодингни қил дейдиган? Бормииии? Уфққача сукунат…

Юмшоққина ўриндиқлардан туриб, уй излаётган рўдапо киши сифатида бииир бозор айланинг, ҳурматли катталар! Йўўўқ, ҳеч қачон! Чунки сизга давлат ажратган теппа-текин уй берилган! Камига баааарча тўловлардан озоооодсиз! Қанча калтак бўлса, бизни бошимизга синаверсин!

Тағин бу йил «ЁШЛАР ЙИЛИ». Раҳмаааат, бизга қаратилаётган эътибордан, контракт нархи бир баробар арзонлашгани-ю, суперконтракт деган исталган эшшакмия ҳам пул тўлаб  ўқиши мумкин бўлган оқилона инъом учун ва кўчаларда саргардон бўлмай, арзонгина ижара уйларда мазза қилиб яшаб, ўқиб, ёзиб, ижод қилаётганимиз учун ҳам раҳмааааат! Ҳааа, келажак бизнинг қўлимизда! Қўлимиз эса кўксимизда! Илоё бу яхшиликларингиз биздан қайтмаса, Худодан қайтсин.

Jontemir Jondor,
абадий талаба

Тағин ўқинг
20 январ 2017
Ўзбекистон Президентининг 2017−2021 йил стратегиясига оид фармонига кўра, ички ва хорижга чиқиш паспортларини жорий қилиш ва хорижга чиқиш учун ...
22 декабр 2016
21 декабр куни Тошкент шаҳар судида Даврон Норбоев ҳакамлигида диний экстремизмда айбланаётган тўрт нафар шахс устидан суд давом этди. ...
5 январ 2022
Рассом Туз
8 март 2018
Канадалик ўзбек ҳуқуқшуноси Дилсора Фозилова 8 март куни «Элтуз» канали орқали юнусободлик имом Раҳматуллоҳ Сайфуддиновнинг «турк сериалларини кўрган аёллардан ...
Блоглар
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...
17 март 2024
Рассом Туз бир мавзу муҳокамасини бошласа ағдар тўнтарини чиқариб барча қирраларини ўрганади. Танганинг ағиниям¸ бағиниям¸ ...