Асосий мавзулар
22 сентябр 2021

Оддий йўловчининг қадри борми?

Эрталаб болани мактабга қолдириб, пиёда ишга келаман. Қулоқда Шер аканинг “Аввалғиларға ўхшамас” қўшиғини қўйиб олиб…

Чарх авзойи бу дам аввалгиларға ўхшамас,

Котибу даври рақам аввалғиларға ўхшамас…

“Омон ака – донишманд, Навоийни тушунтириш баробарида ўзини ҳам чиройли англатган”, деган адабий-фалсафий хаёллар оғушида серқатнов йўлга чиқиб келаман.

Бу ўша – Алишер Навоий номидаги опера ва балет театрининг марҳума ходимасини машина уриб кетган пиёдалар ўтиш йўлаги. Биламан, бу йўлакда пиёдаларни ёмон кўришади, чунки кенг йўл, текис-равон, сал нарида светофорнинг қизилидан эндигина қутулиб чиққан машиналар аллақандай “пешеход” учун яна тўхтагиси келмайди.

Қулоқдан мусиқани ечаман, машиналар оқими камайишини кутаман, кейин “Бисмилло” деб йўлакка биринчи қадамни қўяман. Ҳар доим шунақа: пиёдалар йўлагига қадам қўйишда калима келтирадиган бўлганман, чунки бу йўлакдан ўтиш деярли худкушлик билан тенг. Қай ҳайдовчининнг миясида қандай хаёл – билмайсан. Қонунга итоаткорми, тормозни босадими ё “ўтиб кетаман, мақпти” деб газни босадиган “ўпка”га дуч келасанми, билмайсан.

Не учар юлдузлар ўтди чалғитиб элни жуда,

Неча авлод йўлию умидин айлаб беҳуда,

Давр мезони билан тортай бу кун ўзимни-да…

Ўзимни тортиб, кейинги қадамни қўйишни ё қўмасликни билмай турибман.

Ҳартугул, бир машина тўхтади, рулда аёл киши, биринчи йўлакдан ўтдим, лекин ҳали яна бештаси турибди, иккинчи ё учинчи йўлдан келаётганлар биринчига қараб тўхтамаслиги, газни баттарроқ босиши мумкинлигини биламан. Кеча Қаршида биттасини учинчи йўлда «Ласетти» уриб кетганини кўрдим-ку видеосини.

Эй фалак, ҳеч кимни этма бесамар йўлларда хор…

Бир йўналиш тугади, ўтиб олдим. Энди ўртадаги узлуксиз чизиқда туриб қолдим, нариги томон тўхтамайди, улар учун бу учинчи “полоса”, тез юриладиган, яъни ким ҳам бир пиёдани деб шиддатни туширгиси келарди, дейман. Орқамдан ва олдиндан визиллаб машиналар ўтяпти, хавфсизлик оролчаси эса йўқ.

Ва ниҳоят, қарама-қарши йўналишда ҳам тўхташни бир аёл бошлаб берди. Ўтаверинг деган ишорани ҳам қилди. Ўта бошлайман. Иккинчи йўлакдаги ҳайдовчи – эркак ҳам тўхтади. Аммо мен томондан учинчи, асли биринчи йўлакда учириб келаётган бир машина (ҳайдовчининг жинсини айтмайман, ўзинглар билиб олинглар) “бааааап” этиб сигнал бериб, етмаганига ичидан бошини чиқариб сўкиб, визиллаб ўтиб кетди.

Нафс ипига боғлидур руҳ ипларин узган тана…

Мен нимани нотўғри қилдим, дейман. Қоидага итоат қилиб, бошқалар ҳам итоат қилаётганига ишониб, йўлда ўз ҳақимдан минг бир қўрқув билан фойдаланиб туриб ҳақоратни эшитдим. Лекин у дамда ҳақоратдан эмас, қўрқувдан кўпроқ титрадим. Жонинга хатар туғилганда, ичингдаги шахснинг овози ҳам пасайиб қоларкан.

Не ситамким, бу алам аввалғиларға ўхшамас…

Шу йўлни кесиб ўтгунча мен адабиёт, фалсафа ва бошқа баланд фикрлар оғушидаги интеллектуал инсон эдим. Энди бўлса, қўрқувдан оёқ-қўли титраган, бир темир олдида нақадар ожизлигини англаган арзимас одамман.

Мен ёлғиз эмасман. Бу ҳар бир пиёданинг бошида бор савдо. Биз пиёдалар айримлар учун одам эмасмиз, аллақандай иккинчи навли биомассамиз. Нега инсон шу темирга минганда ва ундан тушганда бошқа-бошқа одамга айланиб қолади?

Чунки бу шаҳар автомобилни одамдан кўпроқ севади.

Энди инсон қадри ҳам аввалғиларга ўхшамас…

Шаҳноза Соатова,
муаллифнинг фейсбукдаги саҳифасидан

Тағин ўқинг
16 август 2017
2018 йилги Green Card лотереяси натижаларига кўра, Америкада яшаш имконини олган ғолиблар миқдори бўйича Ўзбекистон бешликдан ўрин олди. Бешликка ...
17 феврал 2016
Куни кеча бир қатор ОАВ томонидан, Арамаис Авакян иши бўйича яширинча хукм чиқарилгани, ва ушбу жиноий иш айбланувчилари 14 ...
23 май 2024
Бухоролик ишсиз, бўйдоқ рижол Жасур Султонов Телеграм ижтимоий тармоғида «Қизлик олиш детски», «1000% ишончли», «Ҳижобли ҳомиладор», «Айлана видеолар» номли ...
8 январ 2022
Ҳикоямиз қаҳрамони қирқ билан эллик орасидаги деҳқонободлик йигит. Тошкентнинг эски пединститут яқинидаги Бобур кўчасида, тўрт қаватли ғиштин уйлардан бирида ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...