Асосий мавзулар
18 октябр 2021

Императив 36. Севгининг беш бармоғи

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 36-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Л.А.Н

Мени енголмади бу Вақт, шукур,

Мен ундан севгимни асрадим.

Беморнинг кўзлари сингари чуқур

Менинг муҳаббатим – ҳасратим.

Тушлар идрокимга сени йўғирди,

Тонг эса алдади – шафқатсиз рўёб.

Юрак ою кунлар узра югурди –

Синиқ шишаларнинг устидан гўё.

Мана, сен! Қалб шўрлик базўр ишонар,

Бу бахт меникийди, менга буюрди:

Илоҳий бир нурда порлар пешонанг –

Менинг исмим порлар у ерда!

(1975)

«Оқ кўйлаклар» (1980)

Ҳолбуки, бу шеър шеър қаҳрамони аёлнинг пешонага ёзилган қадар эканлигининг таъкиди эди…

«Умримнинг кенг бўшлиқларида

Учраб қолар онда-сонда гул

Ва ўзининг қўшиқларидан

Аллақачон воз кечган булбул».

(1980)

«Олис табассум сояси» (1986)

Онда-сонда учраб қолаётган гуллар – севги ҳақида ёзилган шеърлардир.

Булбул ўзининг қўшиқларидан воз кечгани эса навбатдаги шеърий муболаға эди.

Аммо йиллар ўтиб бунинг ҳеч ҳам муболаға эмаслиги ўртага чиқди. Бунга раҳматли Ойдинхонимга аталган юқорида зикр этганим китобни тузар экан амин бўлдим.

Аммо севгининг ўзи бир умрдир. Гўё ҳаётингдан айри бир умр. Ёки унга параллел умр:

«Ҳаммаси ёдимда.

Энди борай мен.

Шартми севги учун ўзни оқламоқ?

Ҳаммаси ёдимда.

Демак, мен бойман,

Агар бойлик бўлса ёдда сақламоқ.

Умримни пойингга сенинг тўшадим.

Менда ҳеч не йўқдир, энди ҳеч нарса.

Ношукур эмасман – узоқ яшадим,

Агарда муҳаббат ҳаёт саналса».

(1983)

«Олис табассум сояси» (1986)

Севгининг умри севгили ўлгандан сўнгра ҳам давом этиши мумкин. Худди у тириклиги пайтидаги каби, ҳатто ундан ҳам кучлироқ шаклда яшамоғи мумкин:

Мозорингга бордим севгилим,

Мозоринг гулзор эди.

Сўнгра уйга қайтдим сенсиз

Сенсиз уй мозор эди. (2014)

Мозори гулзор бўлган бу аёл билан қирқ йил яшадим ва бу муддат ичида севги ҳақида ёзилган жами шеърлар унга аталди.

У ўлганида шу сатрларни ёздим:

«Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Инна иллахи ва инна илайхи рожиун.

Кеча пешин намозидан кейин ўзимнинг ярмимни Истанбулнинг Онадўли ёқасидаги Қоража Аҳмад қабристонига кўмиб келдим. Севгилимни кўмиб келдим.

Китобимдаги ҳузунли шеърларнинг қаҳрамони бўлган аёлни Истанбул тупроқларига топширдим. Ойдинхоним душанба куни ўлишни орзу қиларди, чунки Пайгамбаримиз душанба куни вафот этган эканлар. Ойдиннинг орзуси деярли ушалди, уни душанба куни дафн этдик.

У ғоя инсони эди. Аввал оиламизда, кейин унга ишонганлар орасида Қуръони Карим амрларини ва суннат қоидаларини ҳаёт тарзи ўлароқ татбиқ этди ва бу мақсадига қўли ва сўзи етган жойда эришди.

Марҳаматли эди. Ўлимидан олдин ризолик истадим, “албатта, сиздан мингдан-минг розиман, жоним”, деди. Мукофотимни шу заҳоти берди, нозу фироқсиз. Ҳолбуки, қаршисида турган бир золим эди.

Сабр тимсоли эди. 40 йил яшадим у билан. Ҳаётимиз алғов-долғовли кечди, билиб-билмай унга, болаларимга зулм қилдим, матонат билан қаршилади. Дудоқларидан бирор марта шикоят чиқмади, инграмади, йиғламади. Кўз ёшларини гизлаярак, Аллоҳ ато этган маъсум чеҳраси билан юзланди бизга.

Ораларни тузатувчи эди: менинг қусурларимни фарзандларимдан, фарзандларимнинг қусурини мендан гизлади, уларга мени, мени уларга мадҳ этди.

Ҳеч қачон ғийбат қилмади. Бировдан хафа бўлиб, бир-икки калима сўзлар-сўзламас, дарҳол тўхтаб, истиғфор келтирар, ”ғийбат бўлди”, дея уялар эди.

Юришида, туришида, ўтиришида, боқишида ва фикрларида ҳаё, асолат бор эди.

Мушоҳада этар экан, гўзал ташбиҳ (метафора) учун фикр моҳиятидан асло воз кечмайдиган жиддият ва масъулият соҳиби эди.

Аллоҳ уни кибрдан холи яратганди. 1991 йилги президент сайлови асносида (камина президентликка номзод эди) журналистларнинг “Сиз ватанингизни соғинмайсизми?” деган саволига Ойдинхоним “менинг ватаним – эримдир”, деб жавоб берган эди.

Ҳақиқий тавозе соҳиби эди. Унга хизмат қилиш учун юзлаб аёллар эшиги олдида навбат тутди, аммо у ҳеч кимни ўзига хизмат қилдирмади, доим хизмат қилди. Амр бермади, доим амр кутди. Ҳукмдорларнинг хотинлари оёғига келди, аммо бундан ғурурланмади, Онадўлидан келган йўқсил хотинларга қандай муносaбатда бўлса, маликаларга ҳам шундай муносабатда бўлди: самимий, содда ва меҳр ила.

Ёлғонни билмас эди, ваъдасига вафодор, қул ҳаққини иҳлол қилишдан қаттиқ қўрқарди.

Пайғамбаримизнинг жуфти ҳалоли Ҳазрати Хадича онамизнинг ҳаётига эмранар эди.

Ўларкан, мардона, мужоҳида каби ўлди. Дудоқларида сўнгги дамгача Аллоҳ ва унга ҳамд бор эди.

Раҳмон ва Роҳийм бўлган Роббим, шоҳидлик келтираман, Ойдин сенинг ризонг учун яшаган бир қулинг эди, унга мағфират айла. (Муҳаммад Солиҳ. 10 ноябр, 2014 йил, Истанбул).

ОЙДИНГА

Ориққинам менинг, гўзал ниначим,

Урушқоним менинг, аҳилим менинг,

Товушқоним менинг, тезкор гиначим,

Камалак сингари ҳар хилим менинг.

Сен менинг ойимсан, менинг мўъжизам,

Ой каби ҳеч қачон тутилмаганим,

Сен ёлғиз кучлимсан, менинг ожизам,

Дафъатаним менинг, кутилмаганим.

Тилимга ҳеч қачон чиқмайди чипқон

Сен ҳақда гапирсам, менинг мўъжизам,

Сен учун яшасам узоқ яшайман,

Менинг кераккинам, менинг бежизам.

Масрур мажнунтолим, мунгли тўронғил,

Ойдингинам менинг, ярим қоронғим.

(1979)

«Валфажр»

(1983)

Шеърий матнларда қофиялар тасодифий ва дафъатан кўринса ҳам уларнинг тасодиф эмаслигини кашф этиш мумкин. Юқоридаги шеърнинг сўнгги икки сатридаги «мажнунтол»га қарши қўйилаётган «тўронғил» ва «ойдин»га қарши қўйилаётган «қоронғи» ҳаёт қаршисидаги ўлимнинг рамзларидир. Бу матн ёзилишига илҳом берган Зот гўё рафиқамнинг ўлимини менга унинг вафотидан олдин кўрсатганди.

Бир эркак бир аёлни ёки бир аёл бир эркакни ҳақиқий севги билан севса, бу севги уларда бўлган бошқа севгиларни ҳам ўзида мужассамлаштиради. Масалан, ватан ва она севгиси аёлга бўлган севгида мужассамлаша олади. Бунга юқоридаги шеърлар шоҳиддир. Бу шеърларда севганим аёлга қарата:

«Ўзгарма, шундай тур доим тушимда,

Мен қўрқмай яшайин, мени сев, гулим –

Мана шу алфозда, шу туришингда

Менинг Ватанимсан, севгилим».

(1986)

деганимда нақадар самимий бўлган бўлсам, бу шеърни атаганим аёл мухбирнинг «ватанингизни соғинмадингизми?» деган саволига «менинг ватаним – эримдир», деб жавоб берганида унинг ҳам мен қадар самимий бўлган деб ўйлайман.

Худди шунингдек, икки инсон бир-бирини чинакам севги билан севса, улар ўзлари яшаган ҳар қандай шароитни севгисига монанд шаклда ўзларига мослай оладилар. Яъни улар саҳрода яшасалар ҳам бу ерда улар худди гулистонда яшагандай яшай оладилар:

Уларга айт, севгилим

Сен ва мен биламиз

муҳаббатнинг тимсоли

мажнунтол эмаслигини.

Сариқ гул – айрилиқ, қизил гул –

учрашув, дегани эмас.

Айт уларга, тушунтир севгилим,

биз қандай севгандик бир-биримизни,

қандай севган эдик,

гуллари юлинган оламда!.. (1980)

«Валфажр» (1983)

Яратган Роббим менга шундай бир севги насиб этди бу дунёда. Она, Ватан, Аёл севгисини бир қалбда тўплаб, уларни Ўзига йўналтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин.

Тағин ўқинг
8 декабр 2024
Жорий йилнинг 7 декабр куни Стокголм шаҳрида Ўзбекистон Конституцияси қабул қилинган кун муносабати билан Ўзбекистоннинг швециядаги элчихонаси, маданият маркази ...
1 март 2019
Ўзбекистон Молия вазирлигининг маълум қилишича, мамлакатда депутатлар ва сенаторлар 1,56 млн сўм (186 доллар), вазирлар 1,727 млн сўм (205 ...
23 июл 2024
Тутқунликдаги 12 нафар бола Украинага, ўзбек асири эса Россияга қайтарилди, Фаластинга репарация тўлови белгиланди, Бахти Ташкентскийнинг шерикларидан бири ўлди ...
2 август 2024
Ўзбекистон бўйлаб ҳокимликлар ёки кадастр агентлиги ер ҳамда уй-жойлар тақсимоти, ўзлаштириш, давлат заҳирасига ўтказиш бўйича жиноий ишлар амалга ошириши ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...