Кўзқараш
13 декабр 2021

Cанъатга цензура ва тақиқ хавфи

Ниҳоят, маънавий руҳий бўшлиқда эканмиз, рационал фикр эгалари томонидан эътироф этила бошлангач, кўпчилик ўз ҳолатини тушиниб олса керак. Адабиёт шу кунгача ҳам бу ҳақда инграб келди. Бўшлиқ ҳақида. Ҳаётга энди кириб келишни, мустақил бўлиб, ўз ҳаётини қурмоқчи бўлган ёшлар қандайдир орзу ё имкониятлар қўйнига эмас, кира солиб бўшлиққа тушиб қолади. Ва жуда узоқ пайт бундан чиқиб кетолмайди.

Тўғри, у кўпчилик қатори бир амаллаб машина олар, уйли-жойли бўлар, лекин руҳий-маънавий бўшлиқ ичида қолаверади. Шу сабаб ҳозир ҳамма таскин психологи қидириб, параноикларча ўз радикаллашувидан таскин излаб қолган. Аслида бу ёмон жараён эмас. Ўтилиши керак бўлган босқич. Адабиёт шу пайтгача бу ҳақда инграб келди, лекин адабиётнинг ҳоли шунчаки йиғлоқилик ё бўрттириш деб қабул қилинди. Аслида адабиёт руҳиятимизга тутилган ойна, холос.

Чекловлар масаласига келсак, яна санъатга нисбатан цензура истаги кучайиб кетяпти одамларнинг. Асли санъат бутунлай эркинликка чиқди, гуллаб-яшнаб кетди, деб бўлмайди. Қора Туш даврларида маънавиятчилик ортидан санъат шу ҳолга тушгандики, мабодо қаҳрамон қўл ушлашиб ё ўпишиб қолса, бутунлай цензурага учрарди кинолар. Алал-оқибат нормал томошабин ўзбекча таржимадаги киноларни кўрмай қўйди. Айнан ўша жойига қизиққанидан эмас, балки кадр кесилиши оқибатида ундаги мазмун ҳам бузилгани учун.

Ўзбек санъатининг ўзи эса ундан ҳам аянчли – қайнона-келин можаросини ёритиш ҳолига тушиб қолди. Биз санъатимиз фақат шундан иборат бўлганидан ёзғирамиз, аммо ўзимиз унинг шу ҳолга келишига сабаб бўлдик. Ортиқча маънавиятчилигимиз, маъно етмасдан, шаклнинг ўзидаёқ санъат асарларини қирғин қилиш керак, деб дод-кўтарганимиз учун. Натижада санъатга умрини тикканларни фақат қайнона ва келиннинг маиший муаммолари билан банд бўлишга маҳкум қилиб, уларнинг асл санъатларини, асл овозларини ўчирдик, умрини едик.

Бир мисол айтаман. “Ёш куч“ журналида ишлаб юрган пайтларим (4-5 йиллар олдин) водийга ёшлар кунларини ўтказиш учун боргандик. Актёр, актрисалар ҳам бор эди. Театрларимиздан бирида ишлайдиган таниқли, ёши улуғ актриса билан ҳамхона бўлдим. У киши Зулфия Қуролбой қизининг ҳикоясини ҳар тунда ўқиб, ёдлаб олишга уринарди. Сабабини сўрасам, ўзи ўзи учун бирорта жой топиб, моноспектакл қўймоқчилигини, театрдаги ҳис ва фикрдан маҳрум қайнона-келин можароли спектакллар ва улардаги комик ролларидан ҳам тўйиб кетганини, баланд, интеллектуал умрига ва шунча тажрибасига татигулик роль исташини айтганди.

Ролларини қанчалик маҳорат билан ижро этмасин, ўзи учун бачкана туюлиши, томошабинлар ҳам шундай қабул қилиб қолганидан норози эди. Санъаткор сифатида ҳақиқий санъат истарди. Мендан яхши ҳикоя ва асарларни тавсия қилишни сўраганди ўшанда. Моноспектаклни қўйдими-йўқми, кейин хабарим бўлмади. Аммо гап бунда эмас. Аслида гап санъатдаги чекловлар ниҳоятда зарарли эканида, бу чекловлар санъаткорларни санъатдан маҳрум қилишида ва санъатнинг ўлишида.

Санъат томошабини учун битта муҳим нуқта бор: эркинлик, танлов ҳуқуқи деган. Унга манзур эмасми, демак, у бошқа танловни амалга оширсин.

Бир-икки йил олдин “Миллион“га нисбатан танқид жуда урчиб кетди, ҳатто бир муддат тақиқда турди. Кўпчилик “белдан паст ҳазил қилади“, деб тақиқланишини ҳам истаганди. Шахсан мен «Миллион» концертини кўрмайман, тақиқланса ҳам, тақиқланмаса ҳам бефарқман. Аммо бошқа томони бор – бугун уни, эртаги буни тақиқласак, эркин ижод қилиш учун санъат муҳити ўлади.

Санъаткорларнинг ўзи ҳам эҳтиёткор бўлиб қолади. Ортиқча эҳтиёткорлик талантни ўлдиради. Агар бизга ёқмагани учун овозларни ўчираверсак, ҳали бери қайнона-келин можаросидан юқорига кўтарила олмаймиз. Натижада ноллик муҳити, бутунлай ўлик муҳитнинг яралишига асл сабабчи биз бўлиб қоламиз. Эркинлик муҳитида тўла ютамиз, деб айтиб бўлмайди, албатта, аммо жараён бўлади. Ютадиганимиз ҳам, ютқизадиганимиз ҳам 50/50 бўлади. Яъни бизга ёқадигани 50% бўлса, ёқмайдигани ҳам 50% бўлади.

Бу умуман ҳеч нарса содир бўлмаслигидан кўра жуда яхши ҳодиса.

Биринчидан, ҳеч нарса содир бўлмаслиги қачондир (майли, сизнинг даврингизда, пайтингизда бўлмасин дейлик) биз ҳозир қочаётган жуда катта хаосга олиб келади. Ҳозир маънавий қадриятларимиз ё бошқа нарсалар хаосга учрамасин деб эркин санъат муҳитидан қочганимиз билан эртага ўша қадриятларнинг тўла инкор этилишига, бутунлай хаосга сабабчи бўлиб қоламиз. Аслида онгда доимий хаос ва эврилишлар бўлиши табиий ҳол. Одам онги ҳеч қачон бир жойда қотиб қолмаслиги керак. Хаос ва космос ёнма-ён. Хаосдан космос, космосдан хаос туғилиши азалий қоида. Шунчаки қабул қилиш керак буни. Бир жойда қотиб қолиш узоқ вақт давом этадиган хаосга олиб боради. Бунинг оқибати яхши деб баҳолаб бўлмайди, албатта. Шунчаки, онгдаги эврилишларга тоқатли бўлиш ва қабул қилиш, англашга уриниш муҳим.

Эркинлик муҳитидагина сифатли асарлар яралиши мумкин. Ҳамма нарсани бой бергандан кўра, нимадир гўёки бой бериш эвазига нимагадир эга бўлишимиз энг катта фойда. Ҳаётнинг барча соҳасида бўлганидек, ижод соҳасидан ҳам фақат энг яхши ва бизга тўлиқ ёқадиган маҳсул кутиш абсурд. Ҳеч қачон ҳаммаси яхши, биз истагинимиздек бўлмайди. Аммо бўлолганича бўлишига қўйиб бериш керак.

Ҳозир ижодга нисбатан эркинлик эмас, тақиқ томонда турсак , яна кунимиз ўша қайнона-келин можарасига қолиб кетаверади. Кеча интернетда лгбт саҳналар мавжуд бўлган фильмларни тақиқлаш кераклиги ҳақида айтишди. Тўғри, кинотеатрда буни тақиқлаш мумкин эҳтимол, лекин интернетда очиқ фойдаланишда турган нарсани қандай тақиқлаш мумкин? Майли, тақиқланди ҳам дейлик. Ўша кино ёки кадрлар тақиқланар ва биз шу тақиқни ўзимиз учун ютуқ деб ҳам билармиз. Аммо оқибати ёмон. Умумий ижод муҳити учун акс таъсир қилади бу. Мабодо ўзбекникига ўхшамайдиган бир чивин учиб қолса ҳам ўзбекларнинг ижод асарларида, хавфсираш, кесиб ташлаш, цензура ва ёпиқлик бошланади.

Умумий меъёр туйғусини ижодда кимлардир эмас, ўша ижодий маҳсулни яратаётган одам ва уни қабул қилувчи белгилаши керак. Яна ўша танлов ҳуқуқи, эркига бориб тақалади гап. Агар яна тақиқ томонида турсак, истаймизми-йўқми, Аҳад Қаюмга муҳтож бўлиб қолаверамиз.

Tıllanısa Nuryoğdu

Блогернинг фейсбук саҳифасидан

Тағин ўқинг
4 декабр 2019
Туркияда яшаётган атоқли адиб ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ шу йилнинг 20 декабрида 70 ёшга тўлади. Муҳаммад Солиҳ ҳаёти ҳақидаги ...
16 июн 2022
Телефон қўнғироқлари, туҳмат кампаниялари ва шахсий ташрифлар: Давлат хавфсизлик хизмати ўзбекистонлик журналистларни қандай қўрқитмоқда? Бу Ўзбекистон журналистларига нисбатан ДХХ ...
23 декабр 2020
Ўтган пайшанба, 17 декабрь куни Telegram канали орқали Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ)нинг қатор “лохмач”ларини учратган жойда жазолаш ҳақида ...
14 ноябр 2018
Ўзбек ҳукумати Россия билан ҳамкорликда ўзининг космик дастурини ишлаб чиққани ҳақида 12 ноябрь куни «Интерфакс» агентлиги хабар тарқатди. «Ўзбекистонга ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...