Асосий мавзулар
7 феврал 2022

Императив 42. Фикрларнинг шиддатли умри

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 42-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

СЎЗБОШИ ЎРНИДА

Соф санъат. Бу термин Шарқ шеъриятида деяр- ли қўлланилмайди.

Балки бу термин Шарқда «санъат зотан доимо софдир» деб тушунилгани учун қўлланилмас, ким билади.

Аммо бугун мен Ғарб шеърияти ҳакда ёзмоқчи- ман. Узоқ йиллар аввал битилган бир шеърим бор эди. Унда Шарқнинг шоири гул бутоғига боғлаб қўйилган девга қиёсланарди. Бу Шарқ классик шеъриятининг аксилижтимоий табиатига ишора қилувчи мусбат(позитив)ташбиҳ эди.

ШАРҚ ШОИРЛАРИ

Кўкаравер, ўсаверар, бир кун

«Гул» бўлажак барибир исминг.

Гарчи, сен бултурги гулдан бошқасан,

Гарчи, бултургиси – хотира,

Сен бўлса, хаёлсан кўкараётган.

Ўсаркан, сен ўзинг ўсмайсан,

Сенинг исминг ўсар ҳар йили –

Бўйи бир хил унинг, япроғи бир хил,

Ўзгармас исмингнинг ҳидлари.

Бу не муҳаббатдир,

Бу не мўъжиза -неча асрдирки,

Шарқнинг шоири

Нозик бир ўсимликнинг бутоғига

Боғланган банди дев каби талпинар!

(1980)

 (Валфажр 1983)

Бугун ҳам камина бу фикрда собитман. Шарқ шеърияти ўзининг энг юксак чўққиларида асоци- алдир, ғайриижтимоийдир. Балки, бу хусусият шеъриятнинг санъат ўлароқ ўз софлигини муҳофаза қилиш (инстинкти) рефлексидир. (Албатта, бу ҳусусият долзарб масала- ларни тасвирлашга мойил, социал йўналишдаги шеъриятнинг аҳамиятини камситадиган бир омил сифатида кўрилмаслиги керак).

Бизнинг замонимизда «Соф санъат» ва бу ту- шунча тарафдорлари социалистик реализм ада- биётшунослигининг танқид объекти эди.

Гарчанд 20 аср совет адабиётининг илғор ёш наслининг ботиний доҳийлари айнан «соф санъат

» тушунчаси вакиллари эдилар. Улар совет маф- кураси тарафидан тарғиб қилинган совет ёзувчи шоирлари эмас, балки, кўпинча таъқиқланган Ғарб ёзувчи-шоирлари эдилар.

Ёш совет шоирларига «Ғарб шеъри тақлидчи- си» тамғаси урилиб, улар миллий илдизларини инкор этган осийлар дея эълон қилинарди.

Аммо бир оз вақт ўтгандан кейин айнан бу

«осийлар» яратган адабиёт «энг миллий» адаби- ёт эканлиги ўртага чиқарди.

Ҳақиқатан ҳам, асл миллий бўлган санъат — миллийликусти санъатдир.

Чунки, ҳақиқий санъат соф ақл билан эмас, руҳ тарафидан яратилади. Шу боис ҳам ҳақиқий санъ- ат асари — асрорлидир, сирлидир.

Инсон руҳи нақадар сирли борлиқ бўлса, соф санъат ҳам шу қадар сирлидир.

Шунинг учун ҳам, соф санъатни жиддий таҳлил- га тобе тутиш имконсиздир. Ва бу соҳадаги энг те- ран тадқиқотлар ҳам ҳамиша юзакидир.

Ҳар қандай «Шеърият мактаби» — уйдирмадир. Шеъриятда мактаб йўқдир. Буюк  сўз  устала- ри бор, аммо муаллимлар йўқ. Тақлидчилар бор,

аммо талабалар йўқ.

Адабиёт ва санъат тарихида устоз ва талаба (шогирд) ролини ўйнаган инсонлар кўп. Аммо бу ўйиннинг қоидасидир, санъатники эмас.

Стефан Малларме ёш шоир Пол Валерининг

«маслаҳат беринг» деган илтимосига жавоби шу эди «Ёлғиз қолинг». Тафаккур инсони учун энг буюк муршид – ёлғизликдир.

Инсонни шеър ёзишга ва ёки расм чизишга ўр- гатиш мумкин эмас, ҳудди овози бўлмаган кишини қўшиқ айтишга ўргатиб бўлмаганидай.

Овози бўлган киши эса, асло муаллимга муҳтож бўлмайди. Шунинг учун ҳам, ҳақиқий шоирлар(- санъаткорлар) ҳамиша ёлғиздирлар.

Бу ёлғизларни бирлаштирадиган ягона омил — ёлғизликдир.

Бу гап санъатнинг бутун турларига махсусдир, тегишлидир. Чунки санъатнинг бутун турлари — бирбутундир, якпорадир.

Шеърият, расм, мусиқа — бир бутундир.

Биз уларни фақат кўринишда ҳар хил кўрамиз.

Расм — бўёқларда ифодаланган шеърдир ёки бўёқларда тасвирланган мусиқадир.

Мусиқа — куйда ифодаланган расм ва ёки шеъ- рдир.

Шеърият ҳам — сўзда ифодаланган расм ёки мусиқанинг сўздаги ифодасидир.

Фақат шеъриятнинг бир хусусияти бор, бу унинг тил орқали, сўз орқали ифодаланганидир. Шу боис, шеърият, расм ва мусиқадан фарқли ўлароқ, инсонларни бир-биридан айирадигандай кўрина- ди. Аммо илк қарашда шундай кўринади. Аслида, у ҳам — расм ва мусиқа каби — инсонларни бир- лаштиришга хизмат қилади. Чунки, шеър ҳам —таъкидлаганимиздек — инсон руҳининг маҳсулидир. Тил эса, бу маҳсулни бизнинг дунёмизга етказишга масъулдир холос.

Бирлаштирувчи жараён бадиий таржималар асосида юз беради. Яъни, турли халқлар шеърия- тиларининг ўзаро таъсири жараён этади.

70-йилларда мен франсуз тилини билмаган ҳол- да (рус тилидан) франсуз шоирларининг асарлари- ни ўзбекчага таржима этдим. Бугун бу таржималар- нинг замонавий ўзбек адабиётига таъсир қилганига шубҳам йўқ. Айнан шу нуқтада шеъриятнинг, ҳар қандай санъат асарининг миллатусти ҳусусияти зоҳир бўлади.

Мен Жак Превернинг «Кузги япроқлар» шеъ- рига ёзилган қўшиқни ҳоҳ Ив Монтан ижросида

— франсузча, ҳоҳ Мэт Монро ижросида инглизча тинглайин, айни гўзаллик нафасини ҳис этаман. Руҳ маҳсули бўлмиш санъатнинг миллийликусти моҳияти тил тўсикларини ошиб ўтади.

Аммо баъзи мутафаккирлар, масалан, Эдгар По санъатнинг руҳий тарафига унча ҳам аҳамият бермайдилар. У, масалан, «Қарға» поэмасининг аллитерацион системаси математик бир аниқлик билан ҳисобланган, дейди. Бошқа тарафдан, у ай- нан шу аллитерация, шу рационал ҳисобланган сас системаси поэмадаги сирлиликни, иррацио- нал руҳни кучайтирганини тан олади.

Албатта, усталик билан қўлланилган аллитера- цион силсила ўқувчига руҳий таъсир қилишнинг кучли воситасига айланиши мумкин.

«Қарға» поэмасини шоир ҳар сатр охирида «ҳеч қачон» сўзини такрорлашдан бошлайди. Бу такрор сасда ифодаланган мудҳиш бир кучга айланади. Ички қофиялар, аллитерация — «Қарға» поэмаси- даги асосий жодудир. Бу жоду ипак матоҳга қўрқув ва зулматни кашталайди.

Қарғанинг «Quoth the Raven “Nevermore”» қичқи- риғи даҳшатли бир ассонансдир.

Ҳатто буюк циник Пол Гоген ҳам бир пайтлар бу жодуга асир тушганди. Гоген одамларни куза- тиб ўтирган қуш расми ифодаланган бир расми- нинг сўл, уст бурчагида «NEVERMORE» («ҲЕЧ ҚАЧОН») ёзиб қўйган.

Менинг қадрдон дўстим, Латвия халқ шоири Улдис Берзинш Қуръони Каримни арабчадан ла- тиш тилига таржима қилди. У таржима жараёнида Китобдаги оятларнинг ички қофияланиш система- сини бузмасдан латиш тилига ўтказишга ҳаракат қилганини севинарак эътироф этганди.

Ҳақиқатан ҳам, қофия — шеърий санъатнинг муҳим атрибутларидан биридир. Гарчанд биз қо- фияга у лойиқ бўлган диққатни кўрсатмасликка одатланганмиз.

Бутун оламларни Яратган Зот тарафидан инди- рилган Қуръони Карим — шу илоҳий жозиба билан йўғрилган тенгсиз Китобдир.

Қофия, аллитерация нақадар рационал ҳи- собланса ҳисоблансин, ижодкор Шахс Руҳининг ифодачисидир.

Бошқача айтсак, қофия устанинг қалбидан юк- салган бир жазбадир. Унинг дафъатанлиги, оний- лиги ҳар қандай ҳисобни остин устун қилади. Айт- моқчиманки, соф санъат ҳали ҳам мавжуддир. Биз уни яратмасак ҳам ёки ҳеч қачон яратмаган бўлсак ҳам.

Қуйида ўқияжагингиз матн Ғарб шеърияти ми- солида соф санъат учун юритилган мужодала ҳақдаги кичик лавҳалардан иборат.

ФИКРЛАРНИНГ ШИДДАТЛИ УМРИ

Пол Валерининг адабий қахрамони жаноб Тэст кечинмаларини такрор ўқиётиб, «Қудуқдаги ой» тўпламидан қуйидаги шеърни хотирладим:

Кун – фикрлар битилган қоғоз.

Майли.

Тунлар – куйдирилган қўлёзма.

Майли.

Барибир мамот йўқ,

Ҳаёт бор фақат –

Фикрларнинг шиддатли умри.

Асрларни тешар қорачиқ

Орзуларнинг метин кўмири!

(1975)

«Бешинчи фасл».1977

Бу кичик шеърий матн аслида ўтган аср 70-йил- лар ўртасида менинг ижодий манифестим эди. Ҳа, бизнинг авлод кўз қорачиқлари ёнган орзуларнинг қоп-қора кўмири эди.

Бу шеър ишғолчи Совет тузумида вояга етаёт- ган бир ўзбек йигитининг экзистенциал (бор бў- лиш) мужодаласи баёни эди.

Орзулар ушалмади, улар ёниб, кўмир қатлами бўлди ва кўз қорачиқларимизга айланди. Аммо бу қорачиқлар асрларни тешиб ўтадиган кучда. Ор- зулар ушалмади, аммо улар ёнаркан, бошқа бир энергияга айланди. Асрларни тешишга шайлана- ётган энергияга.

Бу энергия – фикрларнинг шиддатли умри эди. Бу иддаоли, оптимистик кайфият ўтган аср

70-йиллар адабиётининг ёш бўғинини коммуни- стик мафкуранинг биқиқ муҳитида оёқда тутган фактор эди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
2 октябр 2020
Жума келса, худди узоқ кўрмаган дўсту ëрларим гурас-гурас бўлиб, мени қучоқлаб кўришгандай ҳис-туйғуни бошдан кечираман.  Жаҳоннинг шодлиги йиғилса бутун,  ...
16 август 2022
Элтуз мухбирининг ёзишича, душанба куни тушлик пайтида Тошкентнинг Юнусобот тумани ИИБ ёнида катта тезликда Жентра автомашинасини бошқариб бораётган шахс ...
5 апрел 2019
Тиббиётга оид «The Lancet» интернет нашри 3 апрель куни эълон қилган, 195 давлатни қамраган тадқиқот натижасига кўра ёмон овқатланиш ...
11 июн 2016
Гарчи бу иш тўғрисида матбуотда кам гапирилган бўлса-да, 2013 йил охирида халқаро арбитраж суд Каримов ҳукуматидаги коррупция тўғрисида кутилмаган ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...