Асосий мавзулар
2 май 2022

Императив 47. Этика ҳақида

(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 47-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)

Бу глобал муҳосаба иштирокчиларининг адабий дунёқарашидаги уларни умумлаштирадиган яна бир жиҳат бу ўз адабий қарашларини этикадан узоқ тутганлари ва ёки уни санъатда муҳим унсур мақомига юксалтирмаганидир.

Табиийки, бу асло уларнинг аҳлоқни менсимаганини кўрсатмайди.

Бу бир интеллектуал таржиҳ (танлов) эди.

Буни санъатда анъанавий насиҳатгўйлик тенденциясига қарши рефлекс дейиш ҳам мумкин.

Пол Валери Бодлернинг «Ёвузлик гуллари» (ёки «Қабоҳат гуллари») китобини йўримлар (тафсир қилар) экан, шу жумлани қуради: «Ёвузлик гуллари»да на тарихий поэма, на асотир бор. Ҳикоячиликка(сюжетга) асос берадиган ҳеч нарса йўқ. Унда баландпарвоз фалсафий парчаларни ҳам кўрмайсиз. Сиёсатга ҳам ўрин йўқ. Тасвирлаш сийрак ва ҳамиша тамғали. Аммо унда жозиба, мусиқа ва ташқи дунёдан тозаланган, қудратли моҳият бор… Барқ урган яшиллик, образ, тотли шаҳват бор».

Бу Валерига   кўра   соф   шеъриятнинг   кўзга ташланган сифатлари. Бу сифатларнинг қисман Эдгар По «Принципи» таъсирида шаклланганини сезиш қийин эмас.

Этика масаласига қайтсак: Пол Валери ҳалафи Шарл Бодлер шеърларини таҳлил этар экан, унинг самимияти унинг интеллектуал рақобат туйғусини доим жиловлаб турганини ва Бодлерга бўлган юксак эҳтиромини баралла эътироф этганини кўрамиз: «…Леконт де Лил (парнасчи) унга (Бодлерга) қисирлик айбини қўйди. У чинакам маҳсулдорлик шоир учун унинг шеърлари сони билан эмас, шеърлари таъсирининг умри билан ўлчаланади. Бу ҳақда ҳукм чиқариш учун асрлар керак. Бугун олтмиш йил ўтишига қарамасдан унимнг (Бодлернинг) кичик ҳажмли бир асари ўзи билан бутун бошли шеърият иқлимини тўлдириб турибди», деб ёзади Валери.

Икки фикр одами ўртасидаги бундай аҳлоқий муносабат постмодерн адабиётда сийрак учрайдиган бир сифат.

Ўзбек адабий муҳитида яшаганим бир воқеа эсимга тушади.

1979 йилда шоир Чўлпон Эргаш ҳақида «Соддалик жозибаси» деган бир мақола ёзгандим, газеталар узоқ вақт босмади. Адашмасам, икки йил ўтиб, «Ёшлик» журнали чоп этди. Эсимда йўқ, балки бошқа бир иккинчи даражали нашр…

Шу икки йил ичида Чўлпон Эргаш ҳақида унинг тенгдошлари тарафидан менга берилган даккиларни эсаласам, бу қадар бағри тош инсонлар эди бу инсонлар, деб ўйлайман. Ўз сафдошига бир илиқ сўзни раво кўрмаган инсонлар.

Бор-йўқ сабаб 70-йил ўрталарида Чўлпон Эргаш ҳақида коммунистларнинг газетаси «Совет Ўзбекистони»да бир фелъетон чиққани. КГБ нинг буюртмаси билан шоир хотинбозликда айбланиб ёзилган эди фелъетонда.

Ҳолбуки, ишғолчилар Чўлпон Эргаш шеърларидаги силлиқ кўринган маъжозларда миллий ҳислар уйғотиш потенциалидан қўрққан эдилар. Бу ўзини ва миллатини таниган бир мунаввар учун албатта шараф эди. Аммо бизда бунинг шараф эканини идрок этадиган бир адабий жамоа шаклланмаган эди 70-йилларада. Шаклланган бўлсайди, сафдоши ҳақда мақола ёзган биттасига «нима топдингиз бу қофиябозда?» деган шармсиз савол бермасдилар.

Бу шоир ҳақда унинг буюк шоир бўлгани учун ёзмаган эдим. Услуб жиҳатидан ҳам мендан жуда узоқ эди бу шоир.

Ҳар нарсадан аввал унинг миллий мавзудаги инсоний орзулари ўзига жалб этганди мени.

Масалан, у «Қариганимда, бир куни ярим тунда эшигимни чертсалар, эшигимни очсам-да, остонамда русларга қарши курашаётган ўзбек партизанларини кўрсам, улар «Чўлпон ака, бизни уйингизда яшираоласизми, қувиб келишаяпти!» десалар ва мен уларни дарҳол уйимда яширсам, деб хаёл қураман! Шундай кунлар келармикин-а, Солиҳ?” дея жилмаярди раҳматли хаёлпараст шоир.

Ўзбекнинг ўз уйига сиғмагани ҳақда унинг шеъридан парча:

Хайр энди ўғлоним, хайр энди, бор!

Сен боркиб жон сақлар муштумдек жоним, Ҳамиша мени деб топганинг озор,

Ўз уйингга ўзинг сиғмайсан доим!…

Бундай ғариб шоирларнинг қадрини биладиган, авайлайдиган адабий жамоа бизда бугун борми ажабо?..

Адабиётдаги толеранс муҳити ва танқид маданиятининг савияси адабиёт ривожини белгилайди. Бундай муҳит ва маданиятнинг пайдо бўлиши-

га эса, ўз асарлари ва аҳлоқий прициплари билан буюк шахслар туртки беради.

Ўрта асрларда Навоий ва Жомийнинг ўрнак дўстлиги Жанубий Туркистонда шундай толеранс муҳитини яратганди. Биноийларнинг кустоҳлиги ҳам бу муҳитни задалай олмади.

Чунки, у муҳитда ҳатто кустоҳликка ҳам ўрин бор эди.

(Давоми бор)

Муҳаммад Солиҳ

Тағин ўқинг
3 май 2020
Жанубий Хоразм шевалари ва Хоразм қарлуқчаси ҳақидаги саволларга берган жавобларим комментларда баҳсларга сабаб бўлди. Шуларга бироз аниқлик киритиб кетаман. ...
3 апрел 2024
Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та мактубни ўқиб эшиттирамиз, улар Ўзбекистоннинг Тошкент, Андижон, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятларидан келган. Хатлар оқими давом этмоқда, муаммолар ечимини тўлиқ таъминлаш учун Элтуз каналига обуна бўлиш, лайк босиш ...
16 май 2017
«Оила ва жамият» газетаси (10.05) мобил алоқа компаниялари «хизматларининг миллий маънавиятимизга таҳдиди» ҳақида бонг урди. Унда мобил алоқа операторлари ...
29 январ 2018
Яқинда вилоятга бориб, бир танишимникига кирдим. Дарвозахонасида бир қоп тўла ўрик дарахти ўтини турган экан. Ўтин бирор касалликка чалинмаган, ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...