Императив 48. Мусиқавийлик ҳақида
(Таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг “Императив” китобидан 48-қисм. Аудиокитоб матнини муаллифнинг ўзи ўқиган. Давоми бор.)
«Соф санъат» фидоийларининг Шеърият учун муҳим санаганлари яна бир хусус бу шеърдаги мусиқа: ритм, оҳанг, қофия.
Шарқ адабиёти учун бу хусус ҳеч қачон тортишув мавзуси бўлмаган. Шарқ учун шеърдаги ритм, оҳанг, кофия доим Шаклнинг табиий унсурлари бўлган. Лекин Шарқда ҳеч қачон бу унсурлар шеърдаги таъсир манбаининг муҳим қисми сифатида қийматлантирилмаган.
Бундай қийматлантиришни Ғарб адабиёти бажарди.
Улар бу масалага ҳам мукаммалиятчилик (максимализм) билан ёндошдилар.
Шарл Бодлер Эдгар По ҳақида ёзган мақоласидан бир иқтибос: «Мусиқа ўзининг ритм, ҳижо ва қофия кўринишларида шу қадар муҳимки, буни инкор этиш ақлсизликдир, мен унинг мутлоқ аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтирмайман… Ҳатто сонетга ҳам аниқ план зарур каркас, замин бу руҳ ижодининг сирли ҳаёти учун муҳим шартлардир».
Эдгар По ҳам ўзининг «Қарға» шеърида математик ҳисоб билан қурилган ритм, такрор ва қофия системаси воситасида юксак мусиқавий, мистик эффектга эришганини эътироф этади.
«Математик ҳисоб» ва «мистик таъсир» бир-бирга зид (рационал-иррационал) қутблар мўжизавий шаклда бир-бирларини тўлдирадилар ва шоирнинг ақли ва ҳиссиёти ўртасида мукаммал бир уйғунлик гармония яратади. Бу мукаммал гармония шеъриятда акс этганида бу мукаммалликнинг яратилишида қатнашган ақл ва ҳиссиёт иккинчи планга ўтиб, майдонга аввал кўринмаган Руҳ сулдори(силуэти) чиқади.
Руҳ соф санъат йўлчиларининг маёғи.
Аслида, санъатда Шаклнинг камида Мазмун каби муҳим эканлигини идрок етган ҳар қандай мутаффакир мусиқавийликнинг шеърда нақадар муҳим рол ўйнашини билади. Фақат биз мансуб бўлган адабиётнинг кейинги (Совет) босқичи санъатнинг бу ҳаётий, профессионал жиҳатларини менсимаган бир мафкурага таянарди. Шу сабабдир-ки, адабий ҳақоратлар умумият-ла «шаклбоз», «қофиябоз» қабилида бўлган. Бу атамалар худди «хотинбоз», «масхарабоз» сингари бир сўкинч эди.
Шарл Бодлер мусиқавийлик фақат шеър эмас, наср учун ҳам муҳим эканини урғулайди. Унинг фикрича, шеърнинг ниҳоий ҳадафи гўзаллик бўлса, новелла учун кўпинча ҳақиқатдир. Бу йўлда новеллага ҳам ритм керак. Ритм бўлса, мантиқий сюжетга қурилган бу жанрда ёзувчи соф шеърият чўққилари савиясида бўлмаса ҳам нисбатан авом ўқувчига тушунарли мукаммал асарлар бериши мумкин.
Камина 70 йилларда верлибр (сарбаст шеър) ёзиб кўрдим.
Бу ҳаракат шоир Эркин Воҳидов таъна қилганидек, «ёшларнинг сунъий янгилик яратиш» олифталиги ёки шунчаки механик интилиш эмасди.
Бу руҳнинг қолиплардан чиқиш инстинкти, интеллектуал эрк истаги эди. Аммо ҳис этганимдек, у жабҳада ҳам матнлар мендан мусиқавий озиқ талаб килди:
Мен сенга энг аччиқ сўзларимни титраб Бугун айтаман.
Мен сени бугун аямайин сира, Сен-чи ғазаблан.
Мен айтиб титрайин, сен сўздан титра, Титра нигоҳдан.
Бугун менинг сўзим, сенинг ғазабинг Ўтсин никоҳдан! 1975
«Бешинчи фасл», 1977. Ғафур Ғулом нашриёти
Ҳатто ғирт насрий жумлаларни эслатган қуйидаги қофиясиз сатрларда ҳам ички оҳанг эшитганим учун уни бармоқ вазнига солмадим:
Август.
Ҳеч кимнинг кўнглига тегмайдиган илиқ бир фасл. Япроқлар саросимада бу майинликдан.
Тунда шивирлаб кўр,
Ойга эшитилади шивиринг. Жим қадам босасан
Юлдузлар тўкилиб кетмасин дея… Август.
Япроқлар саросимада.
«Бешинчи фасл», 1977
Аммо сарбаст шеърга бўлган таважжуҳ узоқ давом этмади. Бир муддат сўнгра яна ўша қафас, ҳижолардан қурилган олтин панжара орқасидаги СИР мени ўзига жазб этабошлади. Сарбаст матнга саёҳатдан сиқилган руҳим, xудди туғма аскар каби, яна интизомни соғина бошлади. Ва ниҳоят, ўша қатъий, деспотик шаклга қайтдим.
Нега қайтдим? Чунки «деспотик шакл» мен учун сарбаст шаклларга нисбатан шеър ғоясини (гўзалликни) кўпроқ бўрттириб кўрсатадиган бир чорчўп(ром)эди.
Қофиянинг категориялари бор, албатта. Аския усталарининг қофиясидан тортиб, яллачиларнинг яллаларидаги қофия ҳам қофиядир. Биз бу ерда тортишаётган категория ишнинг профессионал аҳлига оид категориядир.
Шарл Бодлер ўзининг «Эдгар По ҳақда янги битиклар» мақоласида шундай дейди. «У (Эдгар По) қофиядан олинган лаззатни икки мисли орттириш учун унга дафъатанлик ато этди. Унинг иккиламчи, учламчи қофиялари, рефренлари замонавий шеъриятга леонин (Ўрта аср латин шоири Леонинг сатр ичи қофиялари.М.С.) услубининг яна-да аниқ, ажойиб намуналарини туҳфа этди».
Қофиянинг ҳеч ким урғу бермаган бир жиҳати бор. Бу унинг юзаки қараганда парадоксал, теранлашганимизда мантиқли кўринадиган табиати: Қофия метафористик шеър матнида қийин, сюжетли матнларда жуда осон қўлланилади. Қофия суверен бир унсур ўлароқ, эркин ҳаракат килиш учун шеърдан ўзига кенгроқ майдон талаб қилади. Бу майдон унга берилса, бу ҳолат ташбиҳ тизимини сиқиштириб қўяди, метафоранинг кучини заифлаштириб, уни майиб қилади.
Аммо уста шоирлар метафора ва қофия ўртасида куч мувозанатини ўрнатиши мумкин.
Бу мувозанат ўрнатилганида санъатда юқорида зикр этилган юксак гармонияга эришилади.
(Давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ