Асосий мавзулар
22 апрел 2022

Ҳайкалга ҳалақит бермаслиги учун бино бошидан жудо қилинди

“Smart Houses” МЧЖ томонидан Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида қурилаётган уй-жойларнинг улушдорлари мазкур биноларда қурилиш ишлари якунига етказилмаётгани, кўплар фирибгарлик қурбонига айланганидан шикоят қилмоқда. 

Маълум бўлишича, ушбу корхона тумандаги Ғалаба боғи ёнида 8 қаватли, 7 та блокда 200 дан зиёд хонадондан иборат “Олмазор” турар жой мажмуасини улуш киритиш шарти билан қуришни 2018 йилда бошлаган. 

Улушдорлар билан тузилган шартномага кўра, “Smart Houses” 2020 йил 31 декабрь кунига қадар уйларни қуриб битказиши белгиланган бўлса-да, ишлар ниҳоясига етказилмаган. 

Улушдорларнинг Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева номига жўнатилган шикоят аризасида айтилишича, МЧЖ раҳбари Расулжон Файзиевдан бу ҳақда изоҳ сўралганида, у асосланмаган турли баҳона ва важлари келтириб, улушдорлар билан алоқага чиқишдан бош тортиб келмоқда. 

“Натижада юздан ортиқ оила ўз хонадонига эга бўла олмай жабр чекмоқда. Янги уйли бўлиш ниятида тўлов қилган аксарият оилалар турар жойини сотиб, ижарага квартира олиб яшашга мажбур бўлиб келмоқда. Ҳатто баъзи оила вакиллари шу муаммоли вазият туфайли касалликка чалиниб, уйи битишини кўролмай вафот этиб кетди”, дейилади аризада. 

Нусхаси “Элтуз”да мавжуд мазкур аризадан маълум бўлишича, корхона раҳбари 8 қаватга мўлжалланган қурилиш объекти шу яқинда жойлашган Ғалаба боғидаги монумент баландлигидан юқори бўлиб қолаётгани сабабли тепа қаватларни қуришга давлат ташкилотлари томонидан рухсат берилмаганини айтган. 

Олдиндан 100 фоиз тўлов қилиб қўйган юқори (6, 7, 8) қаватлардаги хонадон эгалари бундан огоҳлантирилмаган ва улушига мос равишда бошқа қаватга ўтказилмаган.

Улушдорларнинг билдиришича, муаммоли вазиятни ҳал қилиш мақсадида бир неча ой олдин Олмазор тумани ҳокимлиги ва туман прокуратураси иқтисодий жиноятлар департаментига мурожаат билан чиқилган бўлса-да, вазият ижобий томонга ўзгармаган. 

Аҳоли вакиллари Ўзбекистон Президенти, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери, Бош прокурор, ДХХ раиси, ички ишлар ва қурилиш вазирлари номига ҳам жамоавий ариза йўллаган. Шундан сўнггина 2022 йил январь ойида мурожаатни кўриб чиқиш ва қонуний чора кўриш учун иш туман ИИБга юклатилган. 

Аризадан маълум қилинишича, бир неча ой олдин Расулжон Файзиев МЧЖ раҳбарлиги ва таъсисчиликни бошқа шахсга ўтказиб берган ва ўзи ғойиб бўлган (чет элга чиқиб кетган деб гумон қилинмоқда). Унинг хатти-ҳаракатларида жиноят (фирибгарлик) аломатлари аниқлангани сабабли иш туман прокуратурасига ўтказилган. 

“Бу давр мобайнида МЧЖга тайинланган янги раҳбар юқори қаватларни қуришга рухсат олиш ҳаракатларини бошлаган. Аммо жорий йил 2 апрелга келиб туман ҳокимининг оғзаки буйруғи асосида (суд қарорисиз) чала бўлса ҳам қурилган 6 ва 7-қаватлар тўлиқ бузиб ташланди. 

Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг ўз норозилигини билдириш учун ижтимоий тармоқлар орқали ҳукуматга видеомурожаат билан чиқишига ва мамлакат раҳбаридан ёрдам сўраб мурожаат қилишига сабаб бўлди. 

3 апрель куни аҳоли вакиллари Тошкент шаҳри ҳокими қабулига борганида эса туман мутасаддилари томонидан учрашув ўтказилишига йўл қўйилмади”, дейилади шикоятда. 

Улушдорларнинг сўзларига кўра, ҳозир тергов сабаб МЧЖ фаолияти тўхтатилди ва суриштирув-тергов ишлари олиб борилмоқда. Устидан жиноят иши қўзғатилган собиқ раҳбар Расулжон Файзиев 1 та квартирани 2 та одамга сотганликда ҳам гумон қилинмоқда. 

Ҳозирги вақтда юқори (6,7,8) қаватлардаги бузиб ташланган ва қуришга рухсат этилмаётган хонадонларнинг 20 дан ортиқ улушдори вазиятдан энг кўп азият чекмоқда. Уларнинг аксарияти вилоятлик бўлиб, бегона давлатларда ҳалол меҳнати билан бир неча йиллаб йиққан маблағини уйга тиккан. Энди улар на тиккан пулини, на янги уйини ололмаётгани ҳеч кимни қизиқтирмаяпти. 

“МЧЖга тайинланган янги раҳбар эса имкон беришса қуриб берамиз, аммо шунча инсоннинг пулини қоплаб беришга ҳозир шароитимиз йўқ, деб жавоб беряпти. Тергов ва суд, қолаверса, ундириш жараёни узоқ вақт талаб қилиши сабаб пастки қаватлар битказилиб, эгаларига топширилиши ҳам кечикиши тайин. 

Бу эса, ўз навбатида, шу (1-5) қаватлардан уй олган фуқаролар норозилигига ва келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда”, дейилади улушдорларнинг Сенат раисига жўнатилган шикоят аризасида. 

Улар Танзила Норбоевадан муаммоли вазиятни ечимини топишда амалий ёрдам сўраб, “одил ечим” сифатида ўз таклифини ҳам билдирган. 

“Қурилиши тугалланмаган бино ёнида ушбу МЧЖга қарашли яқинда битган ва эгаларига қисман топширилган уй-жой мажмуасидан бўш (ёхуд ноқонуний расмийлаштирилган) хонадонларни;

Қурилиши тугалланмаган пастки қаватлардаги бўш (ёхуд ноқонуний расмийлаштирилган) хонадонларни ундириб бериш;

Қурилишга туташ ҳудуддан қўшимча жой ажратиб, қурилишига рухсат этилмаётган 3 та қаватдаги хонадонлар улушдорларига уй қуриб бериш масъулиятини МЧЖнинг янги раҳбариятига юклаш масаласини шахсан назоратингизга олишингизни илтимос қиламиз”, дейилади аризада. 

Тағин ўқинг
9 апрел 2018
«Ўзбекконцерт» давлат муассасасида 30 март куни муҳокама этилган тўйларни ихчамлаштириш ҳақидаги Сенат қарори тасдиғи номаълум муддатга қолдирилган эди. Eltuz.com
11 май 2017
Нотариал идораларнинг юлғичликлари  ҳақида мақола чоп этган “Жамият” газетасига Адлия вазирлиги дағдаға оҳанги юқори бўлган жавобни йўллади. 2017 йилнинг ...
2 декабр 2019
Қиш мавсуми бошланиши билан мамлакат вилоятларида электр тармоғидаги узилишлар тағин кучайди. Рассом Думҳам Фарғона вилояти, Бешариқ тумани, Телов қишлоғи, ...
18 октябр 2015
Ассалому алайкум азиз ҳамюртлар! Мен бу воқеани сизларга айтмасам бир умр бўйнимда қарз бўлиб қолади. Шу сабабли узоқ ўйлаб ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...