Видео
13 декабр 2023

Ғужумсойдан олтин ўмараётган «кўчинский»лар

“Биз томонларда “кўча болалари”ни “босслар” деб аташади. Улар эҳтиёжманд ўсмирлар ва йигитларни ёллаб ёки қўрқитиб, таркибида олтин бўлган маъдан тошларни ўғирлаб  чиқиш учун “Ғўжимсой”, ”Зармитан”  конларига қарашли ерости шахталарига яширинча киритиш, маъдан тошларни ўзларига тегишли қўлбола минизаводларда майдалаб, қимматбаҳо металларни ажратиб олиш билан шуғулланадилар» 

Ўқиётганимиз бу хат Элтуз почтасига келган. Унда келтирилган фактларнинг қанчалик тўғри эканини текшириш учун Элтузда ҳозирча ресурс ва имконият йўқ. Бироқ бу маълумотлар миллат учун ҳам, ҳукумат учун ҳам жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб биз уни аслича ва муаллиф анонимлигини сақлаган ҳолда ўқишда давом этамиз.

Бу ноқонуний фаолият ортидан “босс”лар  милсиз бойликка эга бўлишяпти, уларга хизмат қилганлар эса ё  қўлга тушиб қамалаяпти ёки тош остида қолиб бевақт нариги дунёга равона бўлишаяпти. Ўлганларнинг жасади камдан – кам ҳолларда ташқарига чиқарилади. Гап-сўздан йироқроқ бўлиш учун мурдалар  ўша жойнинг ўзида шериклари ёки кон ишчилари томонидан забойларга улоқтирилади. Хатирчи, Пахтачи, Каттақўрғон ва бошқа  туманларидан бедарак йўқолганларнинг аксарияти   ана шу забойлардан топилиши аниқ.

“Босс”лар барча ишларни панада туриб бошқаришади. Шу боисдан улар ҳамиша ёллаган одамлари қўлга тушадими, ўлиб кетадими, жавоб беришмайди – сувдан қуруқ чиқишади. Чунки уларнинг доля олиб турадиган ҳомийлари бор. 

Жанубий кон бошқармаси директорининг тартибот масалалари бўйича ўринбосари Рустам Пўлатов, унинг ўринбосари Аҳрор Дилмонов, идоравий ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлими бошлиғи Собир Холмўминов, унинг Зармитан майдончасидаги муовини Бозор Муҳамедов уларнинг суянган тоғию ишонган боғига айланган. Итининг ялоғигача тилла бўлиб кетган бу шахслар “босс”ларга ҳар қандай вазиятда зарур шароитни яратиб беришмоқда. 

Масалан, бундан бир ярим – икки йил илгари маъдан ўғрилари шахталарга вентиляция тизимлари, ўпирилган жойлар, қаровсиз шахталар орқали яширинча кириб-чиқишар эди. Ҳозир эса  ҳеч кимдан тап тортмай бемалол, бамисоли метрога тушгандай кириб-чиқишмоқда. Фақат чипта нархларида  фарқ бор: бу ерда бир одамга кириш – 100 АҚШ доллари, чиқиш эса – 500 АҚШ доллари!

Чиқиш нархи намунча қиммат, деб ҳайратга тушманг. Чунки улар олиб чиқаётган  юклар – баклажкаларга жойланган олтин зарралари бир неча юз миллион сўмларга баҳоланиши мумкин. Шу боис Сайфуллаев Бобир, Омонов Олим, Қамбаров Зоир, Пардаев Абдулла ва бошқа “начкар” (қоровул бошлиқлари)ларнинг тун бўйи қўли-қўлига тегмайди. Ахир бир кечада 30-40 кишини ичкарига киритиш, тахминан шунча мижозни ташқарига чиқариш осонми?! Энди улардан тушадиган даромадни-ку қўяверинг. Уни чамалаш ёки ҳисоблаб кўриш биздан кўра тегишли идораларнинг ходимларига маъқулроқ.

Хуллас,”босс”лар билан “начкар”лар ўртасидаги бундай жиноий тил бириктирув ҳар икки томоннинг ошиғини олчи қиляпти. Ушбу тандемнинг самараси ўлароқ, кузатувчиларнинг фикрича, айни пайтда ер остида тахминан 350-500 киши ноқонуний олтин қазиб олиш ишлари билан шуғулланмоқда. 25 дан зиёд минизавод эса таркиби бой рудани қайта ишлаб, олтин зарраларини ажратиб, баклажкаларга жойлаяпти. Бу ишларнинг самараси  “босс”лар ва “начкар”ларнинг Ситилардан олган қўша-қўша  қимматбаҳо квартиралари, иномаркалари, данғиллама қасрларида ўз инъикосини топаяпти.

Ҳозир Ўзбекистонда “Долзарб қирқ кунлик” давом этаяпти. Ҳурматли Элтуз, юқоридаги гапларни сиздирсангиз, эҳтимол акция доирасида биздаги “кўча боллари” ҳам қўлга олинарди. Ана шунда олтин конлари теварагида вужулга келган кримоген муҳит ва  бисёр хуфя ишлар  ошкор бўларди…”

Эслатиб Элтуз почтасига келган ушбу мактубда келтирилган фактлар мустақил манбалар томонидан тасдиқланмаган. Элтуз айни муаммоларни ўрганишда давом этади ва расмийлар муносабатини кутади. Каналимизга обуна бўлинг, видеоларимизга лайк босинг.

Тағин ўқинг
22 октябр 2018
Яқин кунларда Ўзбекистонда қимматчилик бошланиши ҳақида аҳоли ўртасида шу кунларда анча кенг тарқалган хавотирнинг асоссиз эмаслигини ҳукуматнинг ўзи тасдиқлади. ...
16 май 2022
Ассалому алайкум Туз оға, сизга Қашқадарё вилояти Чироқчи туманидан мурожаат қиляпмиз. Ҳеч кимга сир эмас, уч-тўрт кундан кейин маҳалла ...
24 май 2023
Куни кеча Андижонда ўзларини «Тўмарис издошлари» деб атаган гуруҳ паркда ўз партияси учун имзо йиғаëтган Хидирназар Оллоқуловга ташланди ва ...
2 ноябр 2020
Намангандаги Grand Sherdor меҳмонхонаси олдига осилган Франция байроғи йиртиб ташланиши воқеаси расмий жавобларда билдирилганидан анча бошқачароқ кечгани маълум бўлди.  ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...