Асосий мавзулар
26 март 2016

Арман балиқчисининг судида АҚШ элчилари сўроққа тутилди

Суд мажлисидан чиқаётган АҚШ элчихонаси вакилларини ташқарида Жиззах вилоят телевиденияси мухбирлари Дилмурод Абдурахимов ва тасвирчи Умид Носировлар кутиб олишди.

Мухбирнинг “Нега энди Америка элчихонаси жиходчи экстремистларнинг махкама жараёнига қизиқиб қолди? Нега энди ИШИДга алоқадор жиноятчиларни химоя қиляпсиз?” каби саволлари нақадар ғалати жарангламасин, Антон Купер ва хуқуқбон Сурат Икромов уларга батафсил жавоб беришди.

Интервьюни кузатиб туришган Арамаис Авакян, Фурқат Жўраев, Бектемир Умрзоқовларнинг яқинлари, “Биз хам гапирамиз! Бизга сўз беринг! Хаммасига Пахтакор хокими Ғофур Қаршибоев айбдор! Болаларимиз жиходчи эмас!” дея қичқиришган бўлсада, мухбир уларга қараб хам қўймаган..

Жиззах вилоят телерадио ташкилотларида ишлаган журналист сифатида шуни айта оламанки, Ўзбекистон Оммавий Ахборот Воситалари мухбирлари жойлардаги бирон бир тадбирда қатнашаётган хорижлик мехмондан ўз ихтиёрлари билан интервью олмайдилар.

Мехмонни гапга тутиш ёки тутмаслик хақидаги кўрсатмани Миллий Хавфсизлик хизмати (МХХ) идорасининг ходимлари берадилар. Агар у мехмон дипломатик корпус вакили бўлса, журналистнинг “сиёсий хушёрлиги” энг критик нуқтага чиқади. Баъзи холатларда, хорижлик иштирокчининг ногахон камера объективига тушиб қолишига хам рухсат берилмайди. Бехосдан тушиб қолган тақдирда хам, монтаж жараёнида ўша кадрлар қирқиб олиб ташланади.

Нафақат Ўзбекистон, балки дунё матбуоти ва бир қатор нуфузли хориж ташкилотлари назарига тушган “Араакис Авакян иши”нинг Аппеляция махкамасига етиб келган АҚШ элчилиги вакиллари, кутилмаганда махаллий мухбирларнинг нишонига айланганлиги, мазкур суд мажлиси Миллий Хавфсизлик Хизматининг (МХХ) нозик нуқталаридан бири эканини билдиради.

Айнан шу идоранинг ходимлари 3 ва 4 сентябр кунлари куппа кундузи 5 нафар йигитни кўчадан ўғирлаб кетиб, уларни ертўлада 40 кунга қадар хибсда сақлашган ва шафқатсизларча қийноққа солиб, яқинларига хибс хақида хабар беришмаган. Энг қизиғи, МХХнинг “шоввозлари” шу қадар ролга кириб кетишганки, эринмасдан Қозоғистонга бориб, у ердан “Биз Қозоғистондамиз, шу ердан жиходга кетамиз” мазмунида СМС ёзиб, хибсхонада қийноқлар туфайли қон қусаётган йигитларнинг қариндошларига жўнатишган. Бошланишидан вилоят МХХ идораси ва вилоят Ички Ишлар Бошқармаси, шунингдек вилоят ва шахар Прокуратуралари вакиллари томонидан ўйлаб чиқилган режа бўйича амалга оширилган “Арамаис Авакян иши” бўйича хукм 19 феврал куни ўқилди ва кутилганидек, фермер Арамаис Авакян бошчилигидаги 4 нафар йигит Конституцион тузумга тажовуз, Қўпорувчилик каби қатор оғир моддалар билан 6 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосига хукм этилди.

Нохақ жазодан норози судланувчиларнинг ёзган Аппеляция шикояти 23 март куни кўриб чиқилди. Ушбу махкамани кузатиш учун Тошкентдан келган номдор хуқуқ химоячиси Сурат Икромов ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчилиги вакиллари Антон Купер ва Мамед Аскеровлар, ушбу жиноят иши жиловини қўлда тутган вилоят МХХ идораси ходимлари учун “бош оғриғи” бўлгани турган гап. Чунки ушбу аппеляция махкамасида, МХХ ходимлари сира хам кутмаган холат юз берди: 4 нафар судланувчи судда терговдаги ноинсоний қийноқлар хақида очиқ гапириб беришди, калтакдан кўкарган баданларини судга ва йиғилганларга кўрсатишди. Ўзларининг “Жиходчи” ва “Қўпорувчи” эмасликларини, бу ишларнинг барчаси МХХ терговчилари томонидан тўқиб чиқарилганини ошкор қилишди. Ва бу гаплар суд залида ўтирган Америкалик мехмон қулоғи остида жаранглади.
Бироқ, йигитларнинг қийноқлар хақида ошкора гапирганлари, суд раисига таъсир қилмади: Аппеляция суди аввалги хукмни ўз кучида қолдирди.

Судланувчиларнинг яқинлари навбатдаги босқич республика Олий суди деб айтишяпти.

Уларга сабр ва матонат тилаяпману, бугун Ўзбекистонда “террорчи”, “ИШИД”чи, “диний экстремист” каби айбловлар билан қамоқларда ётганларнинг яқинларини махаллаларда тахқирлаш кампанияси авж олаётганини кўриб, “Ўзбекистонга 35 йиллар қайтиб келдими?” деб ўйлаб қоламан. Уларни махалла куйдан ажратиб яккалаётган, кўчириб юбориш ишларига бош қош бўлаётган махалла раисларига инсоф тилагим келади.

Арамаис Авакяннинг рафиқаси Ширин Турсинова билан телефондаги сухбат чоғида у менга шундай деб қолди.

“Андроник (Арамаисни ўғли) тоғалари ва амакилари уйга келса уларни махкам қучоқлаб, бағридан тушмаяпти. Хаттоки менга хам келмаяпти. Кечалари йиғлаб чиқадиган бўлди. Қизим хам ичикиб кетди. Дадасининг расмига қараб гаплашиб ўтиради. Йиғлаб юборгим келади, лекин кўз ёшларимни болаларим кўрмасин дейман. Бизни шу куйга солганлар икки дунё рўшнолик кўрмасин!”…

Улуғбек Ашур
Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 май 2023
Руслан Давлетов Адлия вазири экан қўли остидаги ходимнинг пора олганини билатуриб, унинг ишишини прокуратурага оширмагани ҳақидаги пост Элтузда нашр ...
4 ноябр 2023
Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётган X Factor халқаро телешоу ҳакамларидан бири Маданият вазири муовини Баҳодир Аҳмедовни ўзи ва ҳамкасбларига нисбатан ...
23 декабр 2016
Фарғона вилоят ҳокимининг туманларда ўтказаётган мажлисларда чироқ ўчиб қолиб, мажлис аҳли лампа чироқ, қўл фонарларини ёқишга мажбур бўлишмоқда. Туманларнинг ...
15 ноябр 2016
Ўзбекистон матбуотида фельетон жанри деярли йўқолиб бўлган, десак янглишмаймиз. Босма нашрлардаги бу нуқсонни электрон ОАВ тўлдиришга уриняпти, шекилли. Сўнгги ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...