Кўзқараш
9 апрел 2019

Ўрнимизга келаётган роботлар

Яқинда бир ҳамкасбим янги тенденция, журналистлар ўрнига роботлар келаётганидан гап очиб қолди. Бу аллақачон матбуотда қўлланилаётган амал экан.

Долзарб хабарларни тўплаш ва тарқатишдан ташқари, улар мавзуни биздан кўра анча мукаммал, холис, чуқур ва кенг таҳлил қилиш, муҳимни номуҳимдан ажратишга ҳам қодир эканлар.

У менга жуда чиройли терилиб, саҳифаланган мақолаларни кўрсатди. Улар чиндан ҳам ўқиса ўқигулик эди.

“Бугунги кунда тўлиқ роботлаштирилган сайтлар бор ва уларнинг даромади оддий матбуотникидан анча унумдор”, деди у.

“Демак, эндиликда вақтли нашр эгасига фақат старт тугмасини босиш-у, ўқиганлар сонини санаш қоларкан-да”, дедим.

“Йўқ, уларни роботнинг ўзи санайди, турли контентлар, реклама ва материалларнинг чиқиш вақтларини, ундан келадиган даромад ва харажатларни ҳам ўзи белгилайди”,- эътироз билдирди ҳамкасбим.

Қойилман! Шу маънодаки, мен бу ишларнинг бирортасига ортиқ давогармасман. Матбуотда ишлаб кўрган одам сифатида, гапнинг очиғи, бу ишларнинг ҳаммасини роботга қўшқўллаб топширишга рози бўлардим.

Тағин, мен ишлайдиган сайтга шефлик қиладиган робот ёзганларимга одамлардан кўра холисроқ баҳо беради.

Роботлаштирилган замонавий газетада (у мутлақо қоғоз шаклида бўлмаслиги мумкин) ёзганларим, албатта, ўрнини топади, деб ўйладим.

Чунки мен анча амбицияли, ўзига ишонган журналистман.

Бироқ робот муҳаррирнинг шубҳалари меникидан кучлироқ. Унинг ўз эътирозлари бор. У нимани босиш, нимани босмаслик ҳақида мендан кўра қатъийроқ тасаввурга эга.

Тасаввур қилинг, пучга чиқарилган мақолангни чоп қилиш эвазига сен ҳеч қачон энди интеллектуал фикр соҳиби бўлган робот муҳаррирга яримта қуйиб беролмайсан ёки қабулхонадаги робот котиба ҳам ҳеч қачон меҳрибон сўзу битта конфет эвазига бебаҳо асарингни бир қават юқори токчага ўтказиб қўйишга рози бўлмайди.

“Ўқувчиси бўлмаган нарсаларни ёзишнинг нима кераги бор”, эътироз билдиради робот муҳаррир шиша кўзларини лўқ қилиб. Гарчи унинг пачакилашиб ўтиришга вақти ҳам йўқ. Ўрнингга келган темир мухбир эса “детлайн”га тўлиқ ва мукаммал амал қилиб, ўзи тузган хабар контентларини прайм-таймга тиза бошлайди. У темир муҳаррирнинг ишонган тоғи.

Биз эса одамлармиз. Бир-биримизникидан фарқли ўлароқ, турли ғоя одамларимиз. Ҳар биримизнинг ўй-хаёлимиз ва ёзганларимиз ўзимизга мукаммал кўринади, уларни эшитишни исташмаса, аюҳаннос солишга тайёрмиз. Ўқувчи нимани ўқиш иштиёқида эканини эса биз ҳеч қачон замонавий роботлар билганчалик билмаймиз.

Ибратли томони, ўрнимизни роботларга бўшатиб бераркан, ниҳоят ўқувчиларнинг биздан кўпроқ нимани истагани, нимани кутганларини билиб оламиз. Бу сизу биз ўйлагандан бошқачароқ бўлиши мумкин, бироқ роботларгина туша оладиган бу савияга илло-билло биз ҳеч қачон туша олмаймиз.

Қудрат Бобожон,
Eltuz.com

Тағин ўқинг
15 апрел 2016
Тадбирда терроризм, экстремизм билан боғлиқ жиноятларга қарши курашишда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш масалалари юзасидан фикр ...
14 феврал 2024
«Ёшлар» телеканалида содир бўлаётган коррупция олдида «Спорт» телеканали директори Зоҳид Каримов қўй оғзидан чўп ололмайдиган юввош йигит бўлиб қолади. ...
18 июн 2018
Ўзбекистон кучишлатар тизимлари делегацияси 4-8 июнь кунлари Пекинда махсус семинарда қатнашди. Хитой пойтахтида “Пул ва моддий ўтказмалардан ноқонуний фойдаланиш” ...
21 июн 2017
Андижонлик шифокорларнинг берган маълумотларига кўра, кейинги пайтларда ари чақишидан шикоят қилиб мурожаат қилувчи беморлар тез-тез учрамоқда. Бу беморларнинг аксарияти ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...