Пул дарахтига сиғинадиган қавм
Шуҳрат Бобожон
Eltuz.com
Шоҳ Бобур ўз она ватани ҳақида ëзар экан “Ошлиғи вофир, меваси фаровон, қовун ва узуми яхши бўлур. Қовун маҳалида полиз бошида қовун сотмоқ расм эмас,” дея тасниф беради.
Асли зарафшонлик бир журналист дўстимнинг айтишича, полиз бошида қовун-тарвуз сотмаслик удуми ҳануз бор:
Далварзинда полиз бошида 18 та тарвуз танладим. Ҳар бири қулочга сиғмас ботмондек улкан тарвузлар эди. Пул чиқарсам олмади. Полиз бошида савдо-сотиқ йўқ ҳали биз тарафларда¸ дейди ëши қирқдан ўтган бу дўстимиз.
Қарангки, бу удум байналмилал экан.
Масалан, мен яшаëтган Чехияда ҳам бор экан бундайин одат.
Гилос ҳикояси
Ифтор пайтида Прага масжидида столга гилос тортилди.
Йирик-йирик ëқутдек гилослар рўзадор ўзбек муҳожирлари дастурхонига Чехия боғларидан териб келтирилган эди.
Столда ўтирган косонлик тожиклардан бири “Прагада яшаб гилосга тўйиб кетдик,” деб қолди.
Прага атрофидаги омборлардан бирида ишловчи бу элдошимиз¸ йўл четида ўсган гилосларни ер билан бир бўлиб ëтганини кўриб, териб олишга азм қилганини гапирди:
Бир челакни тўлдириб териб олдим¸ гилос ўсиб турган уйнинг эгаси чиқиб менга кулиб қараб: “Олавер, ош бўлсин,” дейди. Пул берайми, десам¸ қанақа пул, деб кулади.
Ўзбекистонлик муҳожир ўз юртида гилос “пул дарахти” деган мавқеда бўлганини айтади:
Ўзбекистонда девордан гилоснинг бир бутоғини кўриб, ҳавас билан қўл узатсам¸ эгаси милтиқ кўтариб чиқди. Гилос эгаси “пул дарахти бу¸ тирикчилик шундан ўтади,” деб мени ҳайдаб солди.
Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоясида бошқоронғи бўлган хотини учун анор ўғирлаган бечоранинг кўргилиги акс этади.
Наҳот бу элда бир аëлманд бечорага иккита анор совға қиладиган боғбон йўқ бўлган?
Тоғам новвой – пул берсам нон беради, деган мақол ҳам шу элники-ку.
Пул бермаган жиянга новвой тоға нон бермайди.
Бунинг баробарида тоға ëки бобонинг пулига кўз тикаëтган «паразит» қариндошлар ҳам кўпайган.
Кап-катта одамлар қиморда ютқизиб “Бобой билан момойни пенсияси чиққанда қайтараман,” деб ўтиришади.
Каттақўрғон шаҳрида яшовчи 14 яшар қизча 76 яшар бобосини пул бермагани учун болта билан чопиб ўлдирди.
Бош прокуратура воизига кўра, ўзбек эр-хотин пул учун 186 та кекса аёлни ўлдирган.
Яна бир ўзбек эр хотин эса Истанбулга бориб икки кекса нафақахўрни ўлдириб пулини ўмаришди.
Мақсад пулга эга бўлиш.
Восита иккиламчи.
Пулчамбар
Ўзбек ҳофизлари пулдан тўн кийишга ишқибоз.
Прокурорнинг қариндоши тўй қилса, бўйнига доллардан пулчамбар осиш урф бўлибди.
Пул жигардан бўлган, дейди Озодлик билан суҳбатда ўзбек хофизларидан бири¸ Исроилда берган концеертида устидан сочилган пулларни кўзига суртган видеоси тарқалган қўшиқчи.
Бундай ҳикоялар кўп, дейди Прагадаги олий ўқув юртларидан бирида дарс берадиган мударрис ўзбек:
Ўзбеклар борган сари пул дарахтига сиғинадиган қавмга айланмоқда. Барча бирдек абгор. Мирзиëевни ëмон дейсизлар¸ тўғри у ëмон. Аммо ўқитувчиларнинг ойлигидан уриб қолаëтган коллеж директори ëмон эмасми. Ëки Тошкентдаги олийгоҳлардан бирида ишлайдиган домла бир ой давомида ҳар куни деканнинг эшигига уят гап ëзиб кетгани акс этган видео тарқалди. Институт деб аталган пул дарахтининг бир бутоғига эга бўлган одамга ҳасад қилиш эмасми бу?!
Яна боғу-бўстон мавзусига қайтамиз.
Москвадаги мева бозори.
Уюм-уюм мевалар ортида қуюқ қошини уюб ўтирган ўзбек ўз қавмдошини кўрар кўрмай баттар қовоғини уяди.
«Еб кўриш йўқ. Пулинг бўлса ол, бўлмаса иди на х..,» дейди Москвагача етиб борган миришкор ўз элдошига.
Бу миришкор эрталаб илк харидордан олган пулини олдин кўзига кейин прилавкага суртади.
Ирими шунақа экан.