Ўликнинг табриги
Қудрат Бобожон
Eltuz.com
Элтуз манбаларига кўра жанозада ортиқча гап сўз бўлмаслигини МХХ зобитлари махсус назорат қилган.
Ўз ТВ диктори Абдумўмин Ўтбосаров 31 декабрь куни эфирда президент табригини ўқиб эшиттирди. Ëзиб олинган бу табрик эфирга кетаëтганида Абдумўмин Ўтбосаров аллақачон ўлиб бўлган эди.
Ўтбосаров кенг қамровли инфаркт оқибатида оламдан ўтгани айтилади. Элтуз манбаларига кўра, Ўтбосаров президент табригини 30 декабрь куни ўқиган.
31 декабрга келиб эса президент девонидан табрикнинг тахрир қилинган варианти тушган.
Ўтбосаров бу вариантни ўқиш асносида МТРК директори билан низога киришган. МТРК директори Ўтбосаровни изнсиз уйга кетиб қолганликда айблаб тергаган. МТРК раиси кабинетидан чиққан диктор ўзини ëмон ҳис қилган. Ўз ТВ биносидаги ҳамшира унга укол қилган. Бу кор қилмагач, Ўз ТВ биносига тез ëрдам чақирилган. Абдумўмин Ўтбосаров 31 декабрь куни тахминан кундузги соат 11 ларда касалхонага олиб келинган ва ўша ерда жон берган.
Ўтбосаров жон бергани хабари Ўз ТВга етгач раҳбарият зудлик билан табрикни бошқа дикторга қайта ўқиттирган.
Элтуз манбаларига кўра, табрикнинг иккинчи дублини диктор Алишер Бадалов ўқиган. Аммо раҳбарият Бадалов ижросидан қониқмган ва марҳум сухандон ўқиган табрик эфирга кетган.
Бор гап шу. “Ўликнинг табриги” деган жумлани илк бора 1999 йили мен Бош мухаррир бўлган Урганчдаги Эй Эл Си телекомпанияси ходими Нигора Абдуллаевадан эшитувдим. Реклама ишларига бош қош бўлган Нигора ўша куни оламдан ўтган маҳаллий депутат ўлими ҳақидаги хабарни эфир сеткасига жойлаштирар экан “Ўликнинг табриги” деган жумлани ишлатди. Зотан эфир сеткасидаги “Табриклар” деган жойга илк бор таъзия эълони қўйилаëтган эди.