Ўзбекистон ёшларига дунё ҳавас қилсинми?
«Ҳуррият» газетасида Халқаро ёшлар бирдамлик куни муносабати билан эълон қилинган мақолада бугунги кунда дунё ёшлари муаммолар гирдобига ботиб қолгани, ўзбекистонлик ёшлар эса ҳукуматнинг эътибори туфайли омон-омон замонда яшаш бахтига эришгани баён этилади.
Мақолада ёзилишича, Марказий ва Шарқий Европа мамлакатларида ёшларнинг 33,6 фоизи ҳеч қаерда ўқимайди ёки ишламайди. Бу ерда ОИТСга чалиниш даражаси ҳам юқори. Бекорчи ёшлар эса ичкиликбозлик, гиёҳвандликка рўжу қўйган.
«Бугунги ғарблик ёшларнинг оёққа туриб олишлари, ҳаётда ўз ўринларини топишлари қийин кечади», дейилади газетада.
«Жонажон Ўзбекистонимизда эса ёшларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга қаратилган давлат сиёсати изчил амалга оширилаётгани самарасида ёшларимиз барча соҳаларда улкан ютуқларни қўлга киритмоқда», дейди муаллиф.
Аммо газетада бир бурда нон илинжида ҳар йили мардикорлик учун чет элга кетаётган юз минглаб ёшлар, ишсиз юрган ўғил-қизлар нега «ғамхўр ҳукуматнинг, оқилона давлат сиёсати»нинг таъсирини ўз тақдирида ҳис қилмаётгани ҳақида ҳеч нарса дейилмайди.
Eltuz.com