Асосий мавзулар
13 май 2023

13 май – ҳукумат Андижон қўзғолонини ўққа тутган эди

2005 йилнинг 13 майида Ўзбекистон ҳукумати ҳарбийлари томонидан Андижоннинг Бобур майдонидаги бегуноҳ одамлар отилганди…

Ўша куни саҳарда Андижонда қўзғолончилар ҳокимият биноларини эгаллагани, у ерга репортаж тайёрлаш учун боришимиз кераклигини айтиб, мен ишлаётган нашр – Uznews муҳаррири Галима Бухорбоева қўнғироқ қилди. У Андижонга кетадиган, мен эса офисда қолиб, сайтдаги хабарларни янгилаб турадиган бўлдик.

Офисга келибоқ, телефонда олган сўнгги маълумотлар асосида сайтга қисқа биринчи хабарни қўйдим.

Бунгача сайтда андижонлик тадбиркорларнинг қамалиши ва бунга қарши норозилик жараёнлари акс этган хабарлар хроникаси бор эди.

Сал ўтмай ҳамкасбим Сид Яниш, Малик Бобоев келиб, параллел тарзда воқеани ўрганишга киришдик, воқеани ёритиш учун чет элдан етиб келган бир қанча журналистлар пайдо бўлди.

Орада Галима қўнғироқ қилар, у берган қисқа хабарларни тезликда сайтга жойлашга интилардик.

rasm1372
Бу хотиралар Элин Йоннсоннинг китобида батафсилроқ акс этган

Воқеалар силсиласи

Галима йўл-йўлакай намойишчилар баррикадалар қуришаётгани, бироқ журналистлар учун йўлак ҳосил қилиб ўтказишаётгани ҳақида хабар берди, буни тезгина сайтга қўйдик.

Кейинроқ ҳукумат қўшинлари шаҳар атрофида кўпайгани, учта БТР взводи намойишчилар тўпланган жойга яқинлашаётгани ҳақидаги хабарни етказди.

Учинчи бор боғланганимда мен даҳшатли пулемёт овозлари ва Галиманинг ҳаллослаб чопаётган нафасини эшитдим, холос. Тушунган нарсам ҳукумат қўшинларининг намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўт очишгани ҳақидаги хабар бўлди.

Офисимизга тўпланган халқаро журналистлар, жумладан, Туркия, Швеция, Россия каналлари журналистлари биздан янги мужда кутишарди. Хабарларни ёритиш асносида уларга интервью ҳам берардик. Бу воқеалар тафсилотлари ўша пайтларда ёнимда бирга бўлган швед журналисти Элин Йоннсоннинг «Оммавий қотилликни яшириш санъати» китобига кирди.

rasm1290
Мен ўшанда IWPRда ишлардим.

IWPRнинг тугатилиши

Кейинроқ Лондондан IWPR офисини ёпиш ҳақида буйруқ келди. Ўша куни Тошкентдаги деярли барча халқаро ташкилотлар ваколатхоналари, жумладан, EХҲТ, Freedom Hause ва бир қанча халқаро журналистик бюролар ёпиқ ҳолатга ўтган, фақат бизнинг эшигимиз ҳамма учун очиқ эди.

Туркия телеканали махсус ўрнатган антенна орқали дастлабки видеокадрларни дунё бўйлаб, жумладан, Швеция ва Россия ТВ каналлари учун тарқатишда ҳам бу офиснинг хизмати беқиёс бўлди.

«Мен офисни ёпмоқчи эмасман, фаолиятни давом эттирамиз!» дедим. Швециялик ҳамкасбим Элин ҳам менинг аҳдимни қўллаб-қувватлади. Бу вақтда Галима билан алоқа қисман узилган эди…

Орадан вақт ўтиб, у қўнғироқ қилди… У билан келишилган жойда учрашдик. У менга даҳшатли воқеа тафсилотларини гапириб бераркан, ўқ тешиб ўтган рюкзаки, дафтарчаси ва гувоҳномасини, андижонликларнинг сўнгги, қонли мурожаатини кўрсатди. Менинг офисни ҳалигача очиб ўтирганимни маъқулламади.

«Улар билан ҳазиллашиб бўлмайди. Офисни ёпиш керак», деди у. Кейин биз хайрлашдик. У мамлакатни тарк этди.

rasm1378
Андижон воқеаларини ёритиш пайти Галима Бухорбоеванинг рюкзаки, дафтарчаси ва пресс-кардини ўқ тешиб ўтганди

Яширин фаолият

Мен барибир июнь ойи ўрталаригача сайтни янгилаб турдим. Бу вақтга келиб, Uznewsда Андижон воқеаларига бағишланган 50 тача мақола эълон қилинди.

Мен ҳар куни кечаси, кузатув камайган пайтни пойлаб, компьютерлардан сайт учун у-бу нарса кўчириш учун офисга борар, сайтни бўлса бошқа жойлардан туриб янгилардим.

Лекин кейинчалик бунинг ҳам ортиқ иложи бўлмади. Чунки офис атрофига қуролли соқчилар қўйилган, улар мени таниб қолган эди.

Сўнгги ишим офисдаги тўртта компьютернинг ҳард дискларини ечиб олиш бўлди.

Офис қоронғу, жалюзилари ёпиқ, чироқ ўчирилган эди. Мен отвёртка ва фонар билан ҳард дискларни ечишга киришдим.

Тағин бир нарса эсимдан чиқмайди, офис ичида пайдо бўлган ингичка нур ва деворда ўйнаётган қизил нуқта.

Илк ўйлаган нарсам мени кузатишяпти, деган хаёл бўлди.

Бу ҳақда тошкентлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромовга айтганимда, у киши эътироз билдириб: «Йўқ. Бу мерган нишони. Сени нишонга олишган», деган фикрни билдирди.

Ҳақиқатан ҳам шундайми-йўқми, шундан кейин менинг ортимдан кузатув кучайди.

Аввал Урганчдаги уйимга, кейин Тошкентда мени бир неча бор йўқлаб участка милициясидан, ўзини қайсидир солиқ идорасидан, маҳалладан деб таништирган шахслар кела бошлади.

Мамлакатни тарк этиш

Деразам олдида ҳар сафар «Нексия» машинасида ухлаётган тўрт нафар одамни кўрардим.

Ҳатто бир куни уларни уйғотиб кимлигини сўрашга ҳам жазм қилганман.

Улар ўшанда ўзларини Президент қўриқчиларидан эканини айтишган, гарчи президент шоссеси уйимиздан озроқ нарида эди.

rasm1377
Швецияга келиб қолган журналистлар – Тўлқин Қораев, Юсуф Расул ва мен

Шу гаплардан сал ўтиб, бир куни уйим эшиги қаттиқ тақиллади. Менинг гўёки «Бобожоновлардан эканим»ни билган, ўзини шаҳарнинг «катталардан бири» дея танитган амалдор баъзиларини эшик олдидаги машинада кўрган тўрт нафар йигит билан бирга кириб, мен яшаётган уй хоналарини кўрикдан ўтказиши кераклигини айтди.

«Тинтув қилишга ордер борми?» дея сўрадим.

«Бу тинтув эмас, шунчаки кўздан кечириш. Керак бўлса, девордаги гулқоғозларгача ечиб олиб тинтишга ҳақимиз бор. Албатта, бунга сабаб ҳам, далиллар ҳам топилади», деди маънодор қилиб.

Кейин мени ташқарига бошлаб, у ёқ-бу ёққа олазарак боқиб, ярим овозда Каримовга салкам «биринчи рақамли душман эканим», «қўзғолонлар уюштириб, уруш чиқарадиган» қайсидир хорижий ташкилотга ишлашимни билишини айтди.

«Дўстона маслаҳати» сифатида тезроқ, ёмонликни кутиб ўтирмай мамлакатдан кетишимни маслаҳат берди.

«Ишонавер, бугун-эрта сени олиб кетишади ва жуда кеч бўлади…».

Бу шунчаки қўрқитишмиди ёки ҳақиқатан ҳам одамгарчиликми, ҳозир бир нарса дея олмайман.

Бироқ кейинчалик айни маслаҳатни IWPR раҳбарлари ҳам берди. Албатта, бироз юмшоқроқ, беш-олти кун «мамлакат ташқарисига чиқиб туриш» тарзида.

Биз, беш-ўнта журналист бир ҳафтага Қирғизистонга кетдик. Бу ҳафта ойларга, кейин эса йилларга чўзилди…

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
25 май 2024
2010 йилда 25 май санаси National Center for Missing and Exploited Children – NCMEC ташкилоти ташаббуси билан Йўқолган болалар ...
12 январ 2018
«Элтуз» почтасига Ўзбекистон Марказий банки ходимлари номидан экани айтилган мактуб келди. Мактуб муаллифлари банк раҳбариятини коррупцияда айблаган. Мактубга Марказий ...
25 май 2016
«Ҳуррият» газетасида маҳалла тўғрисида эълон қилинган мақолада «совет даврида қаергадир «справка» керак бўлгандагина мурожаат қилинадиган идора» бўлган маҳалла мустақиллик ...
4 декабр 2017
Ўзбек қамоқхонасида 21 йил ëтган диссидент, қашқадарёлик Мурод Жўраев 65 ёшида 4 декабрь куни вафот этди. «Эрк» демократик партияси ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...