Ягана йўқ, чопиқ йўқ, кетмонда ишлов бор
Мақолада ёзилишича, Андижон вилоятида фермерлар ғўзага ишлов беришда катта тажриба тўплаган бўлиб, бугун бу куздаги мўл ҳосил гарови бўлиб қолаётир.
«Тажрибали деҳқонларнинг иш услуби кенг тарқалади. Бугунги кунда вилоятда илмий ютуқлар билан тажрибани уйғунлаштириб, даласини яшнатаётган фермерлар кўп», дея ғурур билан таъкидлайди газета.
Қизиғи шундаки, мамлакатда ғўза қатор ораларига қўл меҳнати орқали ишлов бериш айни авжига чиққан шу кунларда газетада «ягана», «чопиқ» сўзларини учратмайсиз.
Бунинг ўрнига, «техника билан бир қаторда ғўзага кетмон билан ишлов берилмоқда», дейилади мақолада.
Гап шундаки, ягана ва чопиқ қўл меҳнатини талаб қилади. Айни пайтда мустақил нашрлар мана шу тадбирларда мажбурий меҳнатдан фойдаланилаётгани ҳақида бонг урмоқда.
Шунинг учун бўлса керак, газета «чопиқ» ва «ягана» сўзларини ишлатишдан атайин қочгандек таассурот уйғонади.
Аммо зийрак ўқувчи «кетмон билан ишлов бериш» деганда аслида ягана ва чопиқ, яъни кенг кўламли қўл меҳнати назарда тутилаётганини дарров англаб олади.
Eltuz.com