Дайжест
13 июн 2016

Ҳамма ҳам бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқми?

«Ўзбекистон овози» газетасида эълон қилинган «Мустақил юрт одамлари бугунидан рози, эртасидан кўнгли тўқ» сарлавҳали мақолада Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ҳаётининг энг мушкул даврлари бўлганидан ёзғиради.

«Бир йили қишнинг қоқ ўртасигача, янги йилга икки кун қолгунига қадар пахта йиғим-теримида бўлдик. Совуқ ва изғириндан кўпчилик курсдошларим қатори мен ҳам шамоллаб қолдим. Икки-уч ой даволаниб, зўрға саломатлигимни тиклаб олганман», дейди депутат «умрининг энг мушкул даврлари»ни хотирлар экан.

«Аммо жуда кўплаб аёллар, мактаб ўқувчилари ёмғир-қор остида пахта териб, касалликлар орттириб олишар эди», деб давом этади депутат ва мустақиллик йилларидаги «бахтли онлар»га мадҳия ўқийди.

Унинг бу гапларини ўқиб, бу депутатлар шунчалик соддами ёки ўзини гарангга солиб, атрофида бўлаётган воқеларни кўрмайдими, деган хаёлга боради киши.

Чунки бугун ҳам аёллар – ўқитувчилар, шифокорлар январгача бўлмаса-да, мажбуран бир-бир ярим ой давомида иссиқни иссиқ демай, совуқни совуқ демай пахта даласига қувилмоқда.

Коллеж ва олий ўқув юртлари талабалари ҳам ўз «олтин даври»нинг бир қисмини пахтазорда ўтказиш ташвишида қолган. Пахта далаларида касалланиб, даволаниш учун пул топа олмай, майиб бўлиб қолаётганлар қанча экан?

Халқнинг вакили бўлиши керак бўлган депутат эса негадир буларни кўрмайди. Депутатлари шундай бўлганидан кейин бечора халқ қаерга бош урсин?

Ҳеч ким фаолликни кўраётгани йўқ, лекин «Ижтимоий фикр» кўряпти

Ўзбекистондаги расмий босма нашрларда «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан «Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайловлар – 2016» мавзуида ўтказилган ижтимоий сўров натижалари эълон қилинди.

Унда иддао қилинишича, аҳолининг аксарияти, яъни 91,6 фоизи айни пайтда мамлакатимизда фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови бўлиб ўтаётганидан хабардор.

«Мамлакатимизда аниқ асосда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, … ҳудудни ободонлаштириш, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш каби … масалалар ечими маҳаллага тегишли экани, бу борада маҳалла фаоллари изчил ишларни амалга ошираётганини сўровда иштирок этганларнинг 80 фоизи айд этган», деб ишонтиришга уринади «Ижтимоий фикр».

Бундан ташқари, деярли 80 фоиз аҳоли сайлов кампаниясида иштирок этиш ниятида эканини билдиргани ҳам айтиб ўтилади.

Умуман олганда, аслида бу сайловга аҳолининг катта қисми бефарқ эканини ҳар қадамда сезиш мумкин. Ҳар-ҳар жойда осилган сайлов тўғрисидаги ахборотларни айтмаса, биров бу машваратга деярли қизиқиш билдираётгани йўқ.

Шунинг учун юқорида «Ижтимоий фикр» келтирган рақамларни ўқиб, кишининг кўз олдига кўчада фол кўриб, «ғойибдан очайми…» деб ўтирган лўли аёлнинг қиёфаси келади.

«Миллий тикланиш» депутатлари «улкан ютуқларимиз»дан қувониш билан банд

«Миллий тикланиш» газетаси шу номдаги демократик партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ўтказган йиғилиш тўғрисида мақола эълон қилди.

Уни ўқиб, бу йиғилиш фақат мадҳиябозликдан иборат бўлибди-да, деган хаёлга боради киши.

«Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самараси ўлароқ, Ўзбекистон барча соҳа ва тармоқларда мисли кўрилмаган ютуқларга эришиб, юксак марраларни қўлга киритди. Бутун дунёда «ўзбек модели» дея эътироф этилаётган ўзига хос тараққиёт йўлимиз улкан натижаларимизга мустаҳкам замин бўлаётир», деб ёзади газета.

Яна давом этилади: «Биргина ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари охирги 11 йил давомида жаҳондаги саноқли давлатлар қаторида 8 фоиздан кам бўлмасдан келаётгани амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигидан, танлаган йўлимиз ҳаётийлигидан далолатдир».

Бу «улкан ютуқлар» натижаси халқимизнинг ёппасига «дангаса»га айланиб қолгани бўладиган бўлса, бундай «ўзбек модели»нинг «ўзига хос, ўзига мос» эканига шубҳа бўлиши мумкинми? Асло йўқ.

Ўлганнинг устига тепгандек, газета «Ватанимиз истиқлолга эришган дастлабки йилларда Президентимиз Ислом Каримовнинг «Мустақилликнинг олий мақсади – ўзбек халқининг иззатини жойига қўйиш» экани борасидаги таъкиди ҳаётимизда ўз аксини топди», деб хулоса қилади.

Агар бугун халқимизнинг иззати жойига қўйилган бўлса, иззати жойига қўйилмаганда қандай аҳволда бўлар экан?

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 апрел 2018
Сўнгги вақтларда президентнинг вилоятларга ташрифлари давомида уни алдашга уринишлар авжига чиқмоқда. Интернетда куни-кеча Жиззахга борган президент Шавкат Мирзиёев Зарбдор ...
13 октябр 2020
Президентнинг куëвлари бир-бири билан низолашмоқда. Президентнинг хотини Зироат Ҳошимова эса Иноятов назоратида. Бу иддаолар устига қурилган тахминлар бугунги кўрсатувда. ...
11 март 2022
Бугун 11-март. Яъни 8-март халқаро хотин қизлар байрамидан  3 кун ўтди. Элтуз каналининг Ютубдаги обуначилари сони 300 мингдан ошди.  ...
16 октябр 2018
Урганч тумани ҳокими Отабек Бекчонов 15 октябрь куни ишдан олинди. Унинг ишини ҳозирги пайтда ҳокимлик мулозими Қудрат Ражабов вақтинча ...
Блоглар
3 январ 2023
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 20-қисмида журналистнинг «Адабиёт нима?» деган ...
25 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ билан суҳбатнинг 18-қисмидан 90-йилларда таниқли адабиётшунос Иброҳим ...
20 декабр 2022
Улуғ ўзбек шоири ва муҳолифат лидери Муҳаммад Солиҳ суҳбатнинг 17-қисми мухолифат ва ҳокимиятнинг келажаги ҳақида ...