Бахром Ҳамроев озод этилди!
Москвадаги “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроевнинг Москвадаги уйига қўнғироқ қилган eltuz.com нашри мухбири, унинг турмуш ўртоғи билан гаплашиб, ФСБ Бошқармаси терговхонасидан қўйиб юборилгани тасдиғини олди.
«Уни қўйиб юборишди, ҳозиргина ташқарига чиққан эдилар», деди ҳуқуқ фаолининг аёли.
Эрталаб ФСБ ходимлари томонидан олиб кетилган Бахром Ҳамроевнинг ҳозирча, экстрадиция қилинганларни озод этиш ҳаракатлари бўйича гувоҳ сифатида сўроққа тутилгани ва иш ҳали ёпилмагани маълум.
Бугун тонг саҳарда Россия ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари келиб унинг уйида тинтув ўтказишган ва уни олиб кетишган эди. Шунингдек, Eltuz.com нашрига маълум бўлишича, тинтув пайти олиб кетилган материаллар ва компютер жиҳозлари ҳали Ҳамроевга қайтариб берилмаган.
Турли диний айбловлар билан таъқибга олинган шахслар ҳимояси билан танилган Баҳром Ҳамроев 1992 йилдан буён Россияда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келади.
Кейинги йилларда унга ва унинг маслакдошлари бўлган Россиядаги бошқа ҳуқуқ фаолларига ҳуружлар кучайгани кузатилмоқда.
Eltuz.com