Номзод рақибнинг ғояларини тарғиб қиляпти
Айни кунларда Ўзбекистондаги барча босма нашрларнинг бутун диққат-эътибори 4 декабрда бўлиб ўтадиган президент сайловига қаратилган. Қайси газетани олиб қараманг, асосий мавзулар шулар.
«Сизнинг ғоя – бизнинг ғоя, биз уни қўллаб-қувватлаймиз». Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Ҳотамжон Кетмоновнинг сайловчилар билан учрашувлардаги гапларини ана шундай қабул қилиш мумкин.
Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзАнинг Ҳ.Кетмоновнинг қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувидан тайёрланган материалида (8.11) фикримизга далиллар келтирилади.
Унда ёзилишича, учрашувда Ҳ.Кетмонов «фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш каби муҳим вазифаларга эътибор қаратган».
Яқиндагина Ўзбекистоннинг муваққат президенти, айни пайтда ЎзЛиДеП томонидан номзоди давлат раҳбарлигига кўрсатилган Шавкат Мирзиёев дори-дармон тўғрисида махсус ҳужжатни имзолаб, айнан шу масалани кўтарганди.
Бундан ташқари, ЎзЛиДеП қурултойида сўзлаган нутқида бу масалани алоҳида тилга олиб, дори-дармон савдосидаги нархлар юзасидан анча-мунча гаплар айтганди.
Энди бошқа партиядан кўрсатилган номзод ўз рақибининг бу ташаббусини қўллаб-қувватлаб, гўёки «сизнинг гапингиздан чиқиш йўқ», дегандек ишора бермоқда. Мана буни «очиқ-ошкора, демократик руҳда ўтаётган сайлов кампанияси», деса бўлади! Қойил…
Шунингдек, Ҳ.Кетмонов қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш юзасидан ҳам гапирган. Аслида бир қанча вақт аввал эндиликда марҳум президентнинг кўрсатмаси билан чекка жойлардаги кўпгина ҚВПлар ёпилиб, йириклаштириб юборилган пайтда бу валломат бир оғиз ҳам гапирмаганди.
Ҳолбуки, ўшанда ҳам у парламентдаги энг йирик фракциялардан бирининг раҳбари эди. Сулаймон ўлгандан кейин девлик қилганини қаранг бунинг.
Ҳ.Кетмонов Фарғонадаги учрашувда олий таълимнинг оғриқли нуқтасига тўхталгани диққатга сазовор («Ўзбекистон овози» газетаси – 8.11). У Ўзбекистонда бир йилда 550-600 минг йигит-қиз коллеж ва лицейларни битирса-да, бор-йўғи 56-57 минги олий ўқув юртларига қабул қилинишини тилга олган.
Аммо бу муаммо ечими тўғрисида ҳеч нарса дея олмай, «… жисмоний имкониятлари чекланган (ногирон) талабаларнинг олий ўқув юртларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чораларини кўриш лозим»лигини айтиш билан чекланган.
Фойдали дарахтни кўпайтирамиз, сунъий уруғлантиришга рухсат берамиз
Бошқа номзодлар ҳам бекор ўтиргани йўқ. “Адолат” социал-демократик партияси номзоди Наримон Умаров Навоий вилояти сайловчилари билан учрашувда экология соҳасини комплекс ривожлантириш ҳақида сўз очган.
У «чанг ва заҳарли моддаларни кўп ютувчи дарахтлар сони ва турини кўпайтириш»нинг аниқ механизмларини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурибди. Яшанг, гап деган бундай бўлибди-да.
Президент томонидан парламентга сайловсиз ўтказиладиган Экологик ҳаракат вакиллари бутун Ўзбекистонда чинорлар кесиб ташланаётганига индамай қараб турган бир пайтда «адолат»чилар етакчиси уларнинг ишини бажариб юрибди.
Сайловда ютқазганидан кейин (ахир у Дональд Трамп эмас-ку ҳеч ким кутмаган жойда сайловда ютиб чиқадиган) унга ўрмон хўжалигини ёки Экологик ҳаракат раҳбарлигини бемалол ишониб топширса бўлади.
Н.Умаров Бухорода сайловчилар билан учрашув чоғида «янада муҳим» бир масалага эътибор қаратганки, уни ҳам эслатиб ўтиш жоиз бўлади. Бу Ўзбекистонда экстракорпорал уруғлантиришга рухсат бериш масаласидир.
Қизиққанлар учун маълумот. Экстракорпорал уруғлантириш оддий тилда айтганда сунъий қочиришдир. Бунда аёл организмидан олинган тухум ҳужайраси сунъий шароитларда (пробиркада) уруғлантирилади. Олинган эмбрион инкубатор шароитида 2-5 кун давомида ривожлангандан кейин бачадонга кўчириб ўтказилади.
Тилга эътиборни кучайтирамиз
«Миллий тикланиш» партиясидан номзоди кўрсатилган Сарвар Отамуродов эса сайловолди учрашувларида «халқимиз, айниқса, ёш авлод қалбида Ватанга муҳаббат, ўз тарихидан ғурур-ифтихор туйғусини кучайтириш» («Миллий тикланиш» газетаси – 9.11) билан банд.
Айниқса, у ўзбек тилининг бугунги мақоми борасида қаттиқ қайғураётган кўринади. С.Отамуродов партия ташқи ёзувларда, реклама ва эълонларда, ОАВда ўзбек тили меъёр ва қоидалари бузилишига қарши курашиб келаётган бўлса-да, ҳали бажариладиган ишлар кўплигини айтган.
Бу мавзу аслида 25 йилдан бери чайналади. Аммо ҳалигача ўзбек тилининг мақоми юксалиб, рекламаларда тилнинг меъёрларига тўла амал қилинаётганига ишона олмайсиз. Олдинги шундай «буюк йўлбошчи» бажара олмаган ишни сайланишига биров ишонмайдиган номзод қандай амалга оширар экан?! Ана шуниси жумбоқ…
Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com