Террорчи Машарипов бекинган уйдан ўзбеклардан таланган доллар чиқди
Йил бошида Истанбулнинг Reina тунги клубидаги қирғин ва ўтган йилнинг ëзида ўзбек ватандошидан 1 миллион 900 минг доллар пулнинг таланиши билан боғлиқ икки жиноят иши бирлаштирилди.
Турк матбуотига кўра, ўтган йилнинг 23 июн куни Истанбулнинг Енибосна мавзеида Ўзбекистон ватандошидан қароқчилик йўли билан тортиб олинган 1 миллион 900 минг доллар пулнинг бир қисми Reina тунги клубига ҳужум уюштирган Абдуқодир Машарипов беркинган уйдан топилган.
Ўтган йили қароқчилар ҳужумига учраб пулини олдирган О.Е. исмли ўзбек ватандошинимнг полицияга шикоятида ўғирлатган долларларнинг серия номерлари ва бошқа тафсилотларни айтгани жиноятни топишда ип учи бўлган.
Туркиядаги нуфузли Ҳуррият газетаси 1 миллион 900 минг доллар пулнинг ҳаммаси Машарипов беркинган уйдан чиққанлигини ëзади.
Бундан олдин бошқа нашрлар Машарипов беркинган уйдан бир юз тўқсон етти минг доллар атрофида пул чиққанлигини ëзишган эди.
Бу жиҳатга маҳкама ойдинлик киритиши кутилмоқда.
Маҳкамадан турк матбуотига сизган маълумотга кўра, ИШИД жангарилари ўзбекистон ватандошининг 1 миллион 900 минг сўмини қурол ўқталиб тортиб олган.
Куппа кундуз кунги қароқчилик
Элтуз нашри ўтган йили ўзбек ватандошининг қароқчилар ҳужумига учраганини Ота-Турк аэропортидаги ўз манбаларига таяниб ëзган эди.
Бу мақолада 2016 йилнинг 23 июн куни тушлик пайтида Истанбулнинг Енибосна мавзеида Ўзбекистонлик тадбиркор (балки мулозим) О.Е. йўлтўсар қароқчилар ҳужумига учрагани ëзилган эди.
Мақолада айтилишича, Ўзбекистон фуқароси О. Е. Тошкент-Истанбул учоғи воситасида Ўзбекистондан келтирилган бир миллион тўққиз юз минг нақд долларни Отатурк аэропортидан олиб ўз машинасида шаҳар томонга юрган.
Автомобил Енибосна (Yenibosna) мавзеига яқинлашганда қуролланган уч йўлтўсар тарафидан куршовга олиниб тўхтатилган.
Олдин таъқиб сўнгра талон
Талончилар Ўзбекистон фуқаросини пешонасига тўппонча тираб пул солинган сумкани тортиб олиб қочиб кетишган.
Ўғирлик атрофдаги хавфсизлик камералари нигоҳига тушди. Видеотасвирларни тахлил қилган турк полицияси талончилар ўзбек пулдорини аэропортдан бошлаб таъқиб қилгани ва қулай пайт келгани ҳамон талончиликка ўтганини билдирди.
Воқеа юзасидан бошланган суриштирув асносида талончиларнинг ИШИД мансублари экани аниқланган.
Eltuz.com