Шоир Турсунбой Адашбоев вафот этди
12 май куни Тошкентда атоқли ўзбек шоири Турсунбой Адашбоев юрак ҳуружидан вафот этди.
Турсунбой Адашбоев 1939 йил 1 январида Ўш вилоятига қарашли Олабуқа туманида туғилган. Тошкент Давлат университети ҳамда Москвадаги Адабиёт институтини битирган.
76 ёшли адиб ҳам Қирғизистон, ҳам Ўзбекистонда болалар шоири деган ном қозонди.
Шоирнинг «Камолнинг олмаси» деб номланган илк китоби 1967 йил чоп этилган.
Кейинчалик унинг «Биз, саёҳатчилар» (1969), «Арслонбобо шаршараси» (1973), «Сурнай» (1975), «Нурдарё» (1977), «Гулдаста» (1979), «Олатоғ – лолатоғ» (1982), «Оқбура тўлқинлари» (1985), «Совға» (1987), 1989-1990 йилларда унинг «Арслонбобо афсонаси», «Сичқоннинг орзуси», «Уч бўталоқ ва сирли қовоқ» тўпламлари босилган.
Марҳумнинг жаноза маросими 13 май куни Тошкентда, Ўзбекистон вақти билан 10 да бўлиши айтилмоқда.
Элтуз нашри таҳририяти шоирнинг оила аъзоларига, яқинлари ва мухлисларига ўз таъзиясини билдиради.
Eltuz.com