Cатира
19 феврал 2018

Янги супертузилма керакми?

Ўзбекистондаги жўшқин сиёсий ўзгаришлар шу пайтгача мамлакатда энг қудратли куч бўлган Миллий хавфсизлик хизмати ўрнига янги супертузилма – прокуратурани қудратга келтираётгандек таассурот уйғотмоқда.

Шу пайтгача ўзбек жамиятида МХХ аралашмаган соҳа бўлмаган. Давлат муассасаларини қўя туринг, ҳатто нодавлат нотижорат ташкилотлар, оммавий ахборот воситаларининг ҳам шу тузилмадан ўз кураторлари бўлгани сир эмас.

Амалдаги президентнинг бугунги чиқишларидан маълум бўляптики, ўз вақтида бу тузилма унинг ҳам кўзини очирмаган. Ҳозир Шавкат Мирзиёев МХХни ўзи амалга ошираётган ислоҳотларга энг катта тўсиқ ўлароқ баҳоламоқда ва бунга барҳам беришга уринмоқда.

Шунинг учун гидранинг «боши кесилди» – МХХ раиси ишдан олинди, тузилмадаги ўнлаб раҳбарлар лавозимидан четлатилди. Хуллас, ташкилотда тозалаш кетмоқда.

Аммо айни шундай ўзгаришлар фонида прокуратура органларининг ҳаддан ташқари кучайтирилаётгани кузатилаётир.

Илгари МХХдан чиққан Рашид Қодиров бош прокурор бўлиб узоқ йиллар ишлаган бўлса, энди собиқ бош прокурор МХХни бошқармоқда.

Бош прокуратурада тўққизта янги бошқарма ташкил этилди ва бошқа кучишлатар тузилмаларнинг айрим ваколатлари уларга ўтказиляпти. Прокурорларнинг соҳага алоқадор бўлмаган бошқа тизимларга раҳбарлик лавозимларига тайинланаётгани ҳам бор гап.

Бир суперқудрат ўрнига икинчиси вужудга келтирилаётгандек гўё. Гарчи президентнинг ўзи сўнгги чиқишларида бунга қарши фикрлар билдираётган бўлса-да, аслида шундай бўлмоқда.

Куни-кеча Шавкат Мирзиёев Бухорога ташрифи давомида МХХ шаънига навбатдаги танқидларни ёғдирар экан, «битта давлатнинг идорасига шунча ваколат бериш давлатга бўлган қип-қизил хиёнат»лигини таъкидлади.

«…Погон кийган ноинсофларга бирорта давлатда ундай ваколат берилмайди. 37-йилда ҳам бундай (эмас) эди», деди президент МХХнинг мислсиз ҳокимиятга эга бўлганига ишора қилиб.

Ҳолбуки, бугун давлат раҳбаридан тобора кўпроқ ваколатлар олаётган прокуратура ҳам оппоқ эмас. Эсингизда бўлса, ўтган йили мазкур орган вакиллари билан учрашган президент уларни роса танқид қилган эди.

Шавкат Мирзиёев уларга тегишли қават-қават ҳашаматли уйлар, қўша-қўша квартиралар, беҳисоб мол-мулк «қаердан келганини билишини», агар улар «эсини йиғмаса», ҳолига маймунлар йиғлашини айтиб, таҳдид қилган эди.

Аммо президентнинг танқидидан бир йил ўтар-ўтмас прокурорлар «қўли тоза», ватанпарвар, адолатпарвар инсонларга айланганига ҳеч қандай кафолат йўқ ва бунга биров ишонмайди ҳам.

Бу гапимизнинг исботини Бош прокуратура ҳузурида тузилган ва катта ваколатлар берилган Мажбурий ижро бюроси фаолияти мисолида кўришимиз мумкин.

Мазкур идора коммунал хизматлар учун қарзлар асосли ёки асоссизлигига қарамай, ҳақиқий қарздорларни ҳам, коммунал хизматлар айби билан асоссиз равишда қарздор қилинганларни ҳам бир хилда қийратмоқда.

Шунинг учун бугун Мажбурий ижро бюросининг, бу тузилма ходимларининг кўпгина хатти-ҳаракатлари халқ орасида асосли равишда норозилик кайфиятини уйғотаётган ҳолатлар кам эмас.

Биз тоталитар тузум даврида битта тузилма қўлида ҳаддан ортиқ ваколатлар тўпланиши нималарга олиб келганини ўз бошимиздан ўтказдик.

Айниқса, эркин матбуот ва эркин жамият тўлиқ шаклланмаган мамлакатда бундай ҳолат икки баробар хатарлироқ.

Сардор Азим, рассом Туз
Eltuz.com

Тағин ўқинг
30 июн 2021
Шовот тумани ҳокимлиги 28 июнь куни ижтимоий тармоқларда тарқалган “Ғалла режасини бажарган фермерлардан қўшимча ғалла талаб қилинмоқда” мазмунидаги хабар ...
14 июл 2020
Қадрли ўқувчилар. “Элтуз” нашри жамоаси таътилга чиқишга қарор берди. Биз каналларимизда cиз билан яна юзлашамиз. “Элтуз” таҳририяти ўз ишини ...
26 апрел 2021
Президент Шавкат Мирзиёевнинг кенжа куёви Отабек Умаров Ўзбекистонга қайтди. Бу ҳақда актёр Дилшодбек Каттабеков ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди. ...
24 октябр 2015
Наманган вилояти Косонсой тумани Чиндовул қишлоқ фуқаролар йиғини раиси Ш.Рустамов фуқаро А.Тошпўлатовдан унинг отасини Саудия Арабистонига – ҳаж зиёратига ...
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...