Асосий мавзулар
18 май 2017

Шаҳрихондаги заҳарланиш музқаймоқ бизнесига зарба берди

Шаҳрихон туманида юз берган оммавий заҳарланиш музқаймоқ бизнесига сезиларли таъсир кўрсатди. Андижон шаҳридаги ўнлаб музқаймоқ дўконларида савдо 30 % гача тушиб кетган.

Мавсумий савдо билан шуғулланувчи тадбиркорнинг айтишича, одамлар музқаймоқ ейишдан чўчимоқда.

«Бир кунда 100-150 кг гача фрезерли музқаймоқ сотар эдик. Шу воқеадан сўнг, одамлар болаларига музқаймоқ обергани қўрқиб қолди» дейди у.

Музқаймоқдан заҳарланиш ҳақидаги илк хабарлар 15 май куни тарқалганди.

Шаҳардаги барча музқаймоқ сотувчилар тафтиш қилинган

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, воқеалар сабабини Шаҳрихон тумани, Амир Темур кўчасида жойлашган «МАКС» кафесида фрезерли музқаймоқ истеъмоли билан боғлайди.

Вазирлик тарқатган хабарга кўра, беморларнинг аксарияти 14 май куни ўша ерда музқаймоқ истеъмол қилишган.

Шунингдек, вазирликнинг аниқлашича, Бултирбоев Жаҳонгирмирзо исмли тадбиркор, ҳеч қандай тегишли рухсатномалар расмийлаштирмасдан, ўзи яшайдиган Андижон шаҳар, Фаробий МФЙ, Тешабой Мирзаев кўчасидаги 29-уйда ноқонуний равишда музқаймоқ учун қоришма тайёрлаш цехи ташкил этган.

Музқаймоқ тайёрлаш жараёнида санитария талабларига риоя қилинмагани, қоришмалар озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш мумкин бўлмаган пластик идишларда кафега келтириб, сотишга йўл қўйилгани расмийлар томонидан иддао этилади.

Шунингдек вазирлик хабарида, у ердаги 4 та фрезер ускуналарининг музқаймоқ солинадиган сиғимлари, ҳамда фрезер ускунаси қисмларини ювиш ва зарарсизлантириш учун шароит яратилмаган, дезинфекция воситаларидан фойдаланилмагани билдирилади.

Тадбиркорда юмшоқ музқаймоқ қоришмаси тайёрлашда ҳавфсизликни кафолатловчи ҳужжатлар бўлмаган, музқаймоқ ишлаб чиқаришда эса ишлаб чиқарилган вақти ва яроқлилик муддатлари номаълум бўлган хомашёлардан фойдаланилган.

Кафеда фаолият юритган 4 нафар ходим эса белгиланган тартибда тиббий кўрикдан ўтмаган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, шунингдек, юзага келган эпидемик вазиятни жойига чиқиб ўрганиш, беморларга ва маҳаллий мутахассисларга ўз вақтида ҳар жиҳатдан амалий ёрдам кўрсатиш учун бир гуруҳ етакчи мутахассислари Андижон вилояти Шаҳрихон туманига юборилганини маълум қилган.

Жабрланганлар расмий маълумотлардагидан кўп бўлиши мумкин

Расмий маълумотларда заҳарланганлар сони 186 нафар деб кўрсатилган бўлсада, шахрихонликлар жабрланганлар унданда кўп эканлигини айтишмоқда.

Беморлар Шаҳрихондаги касалхонадан ташқари, қўшни Асака, Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонасига ҳам келтирилган.

Ўзини Андижон шаҳар юқумли касалликлар шифохонаси ҳамшираси деб таништирган аёлнинг айтишича, у тунги навбатчиликни топшириб, уйига қайтаётганида ишхонасидан чақириб олишган.

Айтишича, уларнинг шифохонасига ҳам музқаймоқдан заҳарланган беморлар жойлаштирилган.

«Одатда музқаймоқ қоришмасига турли мевалар таъмини берувчи қўшимчалар қўшилади. Содда қишлоқ одамлари ўткир ҳид ва таъмлар туфайли ачиган маҳсулот таъмини сезмаган бўлиши мумкин», дейди ҳамшира.

Элтуз мухбири сўров ўтказган шифохонада даволанаётган бир аёл қўшнисининг оилавий заҳарланган ҳақида айтса, яна бир келинчак 8 ойлик чақалоғига ҳам ўша музқаймокдан едирганидан пушаймонлигини билдиради.

Маълумот учун; Шаҳрихон туманида оммавий заҳарланиш холатлари биринчи маротаба юз бераётгани йўқ. Ўтган ёз мавсумида ҳам айнан шу туманда қандолатчилик маҳсулотларидан 200 нафарга яқин бола заҳарланганди.

Айни кунларда эса, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Шаҳрихон туманида кузатилган эпидемик вазият назоратга олинганини билдирмокда.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
27 январ 2023
РТ: Сиз билан яна гурунглашиш насиб этганидан ичимга сиғмай севиниб ўтирибман.  МС: Ничиксизлар, жоллимисизлар, мўччи бика, хўжик биррилар… Бормисиз, ...
11 феврал 2019
Бир йил олдин ишга тайинланган 53 яшар Ихтиёр Абдуллаев жорий йилнинг 8 февралида ДХХ раҳбари лавозимидан бўшатилди. Абдуллаев устидан ...
1 ноябр 2019
Кеча Манғитдан Қозоғистоннинг Тароз шаҳрига бориб таксичилик қилаëтган амаки билан гаплашдим. Тароз Ўзбекистондан яхши, деди у одам. Нега яхши ...
23 май 2018
Ўзбекистонда 2017 йилги пахта йиғим-терими мавсумида болалар меҳнатидан фойдаланиш жуда сезиларли даражада камайганига қарамай, мажбурий меҳнатдан фойдаланиш кўлами кенглигича ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...