Асосий мавзулар
30 июн 2017

Банк кредит ресурсларининг чўғи пасайиб қолди

Ўзбекистон банклари жорий йилда ажратишни мўлжаллаган кредит ресурсларининг туби кўриниб қолди.

Шунинг учун мазкур молия муассасалари президентнинг тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган топшириқларини бажаришда қийинчиликларга дуч келмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган банк хизматчисининг айтишича, банклар 2017 йил учун мўлжалланган кредит ресурсларнинг асосий қисмини тарқатиб бўлди.

«Президент аҳолини тадбиркор қилиш, бизнесга кенг кўламли кўмак кўрсатиш ҳақида жуда кўп топшириқлар бермоқда. Банклар бугун 100 та одамга кредит бергани ҳақида ҳисобот топширса, президент нега 110 та эмас, деб бу ишлардан қониқмаяпти», дейди банк хизматчиси.

Эсингизда бўлса, йил бошида банк ходимлари уйма-уй юриб, аҳолининг тадбиркорликка эҳтиёжини ўрганиш, бизнес қилишга рағбат билдирганларга етарли миқдорда микрокредитлар ажратиш ҳақида топшириқлар олган эди.

Бу ишлар кўлами кенгайиб кетгандан сўнг айрим банклар кредит ажратишга қобилиятини йўқотгани тўғрисида маълумотлар пайдо бўлганди.

Ҳукуматнинг кейинги қадамлари мазкур маълумотларда жон борлигини кўрсатади.

«Албатта, банклар бундай катта ҳажмда кредит беришга ҳали молиявий жиҳатдан тайёр эмас эди. Шунинг учун бу борада қийинчиликлар бўляпти», деди банк хизматчиси.

Бундан бир неча ҳафта муқаддам Ўзбекистон ҳукуматининг банклар устав капиталини ошириш мақсадида уларга 500 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги қарори қабул қилинган эди.

«Аслида бу қарор ортида банкларнинг анча сусайиб қолган кредит ажратиш қобилиятини бирмунча тиклаш, уларнинг президент топшириқларини бажариш йўлида дуч келаётган қийинчиликларини имкон қадар енгиллатиш мақсади ётибди», деди банкир.

Яқинда Ўзбекистон Марказий банки қайта молиялаш ставкасини кўп йиллардан буён сақланиб келаётган 9 фоиздан 14 фоизга кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди.

Гарчи ушбу қарор ўта тезлашиб кетган инфляцияни жиловлашга қаратилгани айтилаётган бўлса-да, аслида у банкларга ҳам бироз нафас ростлаш имконини беради.

Таҳлилчилар фикрича, қайта молиялаш ставкаси ўсиши ортидан банклар ажратадиган кредитларнинг фоизлари ҳам кўпаяди. Бунинг натижасида тадбиркорларнинг кредит олиш имконияти чекланади.

«Чунки тадбиркорлар юқори фоизли кредит олишда етти ўлчаб бер кесишга мажбур бўлади. Зеро, Ўзбекистонда кредит фоизлари шундай ҳам анча юқори. Бу фоизларнинг янада оширилиши эса кредит олишга бўлган талабнинг кескин камайишига сабаб бўлади», дейди таҳлилчилар.

Улар GM компаниясининг ўз автомобилларини сўмга сотишга ўтиши ортидан машиналар нархининг кескин кўтарилиши сабабларидан бири аҳоли қўлида тўпланиб турган маблағларни банк айланмасига қайтариш эканини таъкидламоқда.

Чунки, таҳлилчиларнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда автомобилга эга бўлиш фуқаронинг жамиятдаги нуфузи белгиси сифатида қабул қилинади.

Шундай экан, Ўзбекистондаги каби ёпиқ автомобиль бозорида аҳоли қиммат бўлса ҳам маҳаллий машиналарни сотиб олишга мажбур.

Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 декабр 2019
Британиянинг нуфузли The Economist  журнали Ўзбекистонни «2019 йил мамлакати» деб эълон қилди. Нашр сўнгги йилларда мамлакатда муҳим ислоҳотлар амалга ...
15 май 2019
Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси «Элтуз»да чоп этилган “Тинтув қилинган Маҳмуд Ражабнинг уйидан ...
2 май 2015
Бу бахслар НКВД- КГБ пропагандаси яратган заҳарли заминда ўсган мутант дарахтлар меваси каби туюлди менга. Мамлакатда на Чор мустамлакачиларига ...
29 август 2016
Ўзбекистон тарихида илк бора Вазирлар маҳкамаси мамлакат раҳбарининг соғлиги ҳақида чиқарган баëнот ортидан Ўзбекнаво лицензияси билан фаолият юритаëтган артистлардан ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...