Асосий мавзулар
25 июл 2017

Kўпчилик МИБнинг қарз ундириш чораларига тайёр эмас

1 июлдан Фарғонада иш бошлаган Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ишидан одамлар норози бўла бошлади.

МИБ инспекторлари уйма-уй юриб алимент, газ, электр энергияси, ичимлик сувидан қарздорлик каби мажбурий тўловларни ундирмоқда.

Бу фаолият президент Мирзиёевнинг «тўлов интизомини мустаҳкамлаш» ҳақидаги 29 май куни чиқарган қарорига кўра йўлга қўйилган.

Ит эгасини танимайди…

Қарздорлар Фарғона шаҳрининг коллеж биноларидан бирида қабул қилинаяпти. МИБ бошлиғи ҳам ҳозирча вазифасини бажарувчи. Ҳали бу вазифага одам тайинланмаган.

Илгари туман судида алимент ундириш билан шуғулланиб келган МИБ инспектори Элтуз мухбирига, эндиликда у электр қарзларини ундираётганини билдирди.

«Бу ерда ким нима қилаётганлигини билмайди. Оддий айтганда, “каша-малаша”. Менимча, президент бу қарор ижросини озроқ кечиктириши керак эди», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, одамлар ҳам, дабдурустдан бориб, светини, газини, сувини узиб қўйишларига тайёр эмас.

МИБ кўзёшларга ишонмайди

Кўпчилик, устиларига ноқонуний қарздорликлар юклаб қўйилганини айтмоқда. Биринчи навбатда шу муаммолар бартараф этилиши керак эди.

Бошқалар эса, шунчаки МИБчиларнинг қўққисдан ҳужуми жабрини чекишаётганини билдиришмоқда.

«Уйимизда уста ишлаётганди. Икки нафар оқ кўйлак кийган йигит келиб «мажбурий ижро»данмиз дейишди, шартта мендан сўрамай, томга чиқиб кетишди.

Расмга олишди. Кейин томдан тушиб, сваркачи ноқонуний улаволибди токка деб, дарров далолатнома тузишди. «Ие, укалар бир сафар кечиринглар, аввал огоҳлантиринглар!», дейишимга қарамай туман электр тармоқларининг авария хизматини чақириб, токни уздиришди», дейди туманлардан бирида яшовчи эркак.

Унинг сўзларига кўра, тўй қилмоқчи бўлган. Тўй куни яқинлиги учун сваркачиларни шоширган.

Туман марказидан 6-7 чақиримда жойлашган МИБ туман бўлимида узоқ кутганидан кейингина, унга «отнинг калласидай» жарима ёзиб беришган.

Қоғозбозлик кўпайди

Чироғи ўчириб кетилган яна бир фарғоналик истеъмолчи тадбиркорлик фирмаси ҳисобидан электр учун ўтказган пули МИБчиларнинг хатоси билан счетга тушмай қолганини иддао қилади.

«Бир амаллаб МИБдан тўғри ҳисоб рақам олгунимча анча кеч кириб қолди. Банклар ишини тўхтатди. Ўша куни уйда чироқсиз ўтирдик. Эртаси яна банкка бориб пулни ўтказдим. Поручение нусхасини олиб МИБга борсам, у ердаги қиз асл нусхаси керак деб қабул қилмади», дейди у.

Унинг сўзларига кўра, одатда асл нусханинг бири банкда, иккинчиси пул ўтказган ташкилотда қоларди. Бу ишни ҳал қилиб келгач ижрочи тағин, паспорт нусхаси, маҳалладан маълумотнома талаб қила бошлаган.

«Олдин келганимда бу гапларни айтишмаганди. Роса тутоқиб кетдим. Яна овора бўлишим керак эди-да. Хуллас, бир амаллаб уруш-жанжал, тўполон билан светимни ёқволдим», – дейди МИБнинг илк “қурбонларидан” бири.

Элтуз мухбири суҳбатлашган бир қанча масъуллар, қарор яхши мақсадда чиқарилганлиги, агар бир меъёрда ишласа давлат хазинасига каттагина тушум тушишини билдиришди.

Аммо ҳозирча халқ ҳам, амалдорлар ҳам бу каби бюролар ишига тайёр эмаслиги кўриниб қолмоқда.

Насима Даврон қизи
Фарғоналик муаллиф таҳаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
20 апрел 2018
Коллеж ўқувчисини урган урганчлик ўқитувчи Зебо Нафасова 14 апрель куни ишдан бўшатилди. Унинг ишдан кетишига оёқ кийими билан ўқувчини ...
21 декабр 2021
Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров 10 килограммгача озган амалдорларга 5 млн. сўм мукофот пули беришини эълон қилибди. Халқ ризқидан ...
29 декабр 2020
Қишлоқ хўжалиги мутахассиси, 70 ёшли Исмоил Оспанов “Элтуз” орқали ўз туркум чиқишларини давом эттириб, навбатдаги видеосини қишлоқ хўжалигидаги ер ...
17 январ 2017
Истанбул ҳокими Восип Шоҳин ва Истанбул амният мудири Мустафо Чолишқон 17 январь куни матбуот анжумани ўтказиб, қўлга олинган одамнинг ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...