«Ўзбекистон 24»: Шакл ўзгарган билан, моҳият ўша-ўша!
Июль ойида Ўзбекистон телевидениеси ҳаётида рўй берган энг муҳим ҳодиса, шубҳасиз, «Ўзбекистон 24» телеканалининг фаолият бошлагани бўлди. Гарчи мамлакат телевидениеси бу ойда ўзининг «тиши» борлигини кўп ўринда намойиш эта олган бўлса-да, айнан янги телеканал фаолият бошлаганига оид аввалдан башорат қилинган кўплаб салбий фикр-мулоҳазалар, афсуски, ўз тасдиғини топди.
Аввало, яхши ўзгаришлар ҳақида. Июль ойида Ўзбекистондаги бир қанча телеканаллар халқ кутган анча-мунча муаммоларга эътибор қаратди. «Муносабат», «Бу ҳам муҳим», «Очиқ мулоқот» каби кўрсатувларнинг бир қанча сонларида яхши гаплар айтилди, аҳоли кўнглидаги масалаларга эътибор қаратилди, мавжуд муаммолар юзасидан мутасаддиларнинг жавобларига кенг ўрин берилди.
Айниқса, «Бу ҳам муҳим» кўрсатувининг олий ўқув юртларига қабул мавзусига бағишланган сонни катта шов-шувларга сабаб бўлди. Мутасаддиларнинг айрим муаммоларни тан олиб, ечимини топиш ҳаракатида бажарилаётган ишларни кўпиртирганига қарамай, асл вазият қандай экани тўғрисида дадил фикрлар ҳам айтилганига гувоҳ бўлдик.
«Очиқ мулоқот» кўрсатувининг ҳар бир сонида эса Тошкент шаҳри туманларининг раҳбарлари халқ олдида ҳисобот бериш мажбуриятини бажаришга ундалаётгани кўриниб турди. Бу кўрсатувда, асосан, коммунал хўжалик муаммолари кўтарилаётган бўлса-да, муаллифлар мавзуни кенгроқ қамраб олишга интилаётгани томошабинларга манзур бўлмоқда.
Бу нимадан дарак беради? Янги давлат раҳбари келиши ортидан маҳаллий оммавий ахборот воситалари, жумладан, телевидениеда анча-мунча ижобий ўзгаришлар кўзга ташлана бошлагани бор гап. Шу пайтгача табу ҳисобланган коррупция, бюрократия, ишсизлик, оммавий равишда хорижга иш излаб кетиш ҳолатлари тилга олинмоқда.
Гарчи камчиликларини турли баҳоналар, оғиз кўпиртиришлар билан хаспўшлашга уринаётган бўлса-да, ОАВ жамиятда ўз ўрнини топиш, тўғридан-тўғри функцияларини бажариш ҳаракатига тушиб қолган.
Кўпчилик Халқаро пресс-клубнинг йиғилишларидан олиб берилаётган репортажларни қизиқиб кўрмоқда. Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари ҳақида неча йиллардан буён сир бўлиб келаётган маълумотларнинг айнан шу репортажлардан бирида ошкор этилиши бу каби қизиқишлар бекорга эмаслигини кўрсатади.
Лекин ҳали ҳам Ўзбекистон телевидениеси жуда эҳтиёткорлик, сиёсий ҳушёрлик тамойилларини байроқ қилишдан чарчамаяпти.
Ўтган ойда жамиятни қизиқтирган биринчи катта муаммо, назаримизда, коммунал хизматлар нархининг ошгани эди. Афсуски, ЎзТВда бу мавзуга бағишланган бирорта таҳлилий кўрсатувни учратмадик.
Ойлик кўтарилмаган бўлса, аҳолининг даромадлари кўпайгани ҳақида бирорта ишонарли маълумот бўлмаса, унда нега коммунал хизматлар нархи ошди, деган саволларга жавоб кутган аҳоли яна доғда қолди.
Аҳолининг бу хизматлардан қарздорлари ниҳоятда улканлиги, уни йиғиш муаммо бўлаётганини тан олаётган амалдорлар нега била туриб муаммони катталаштириш йўлини тутгани сабаблари ҳақида халққа тушунтириш беришни ҳеч ким ўзига эп кўрмади.
Ўзбекистонда гўшт нархи ошгандан ошиб бораётгани сир эмас. Ўлганнинг устига тепган қилиб ТВда бозорларда гўштни 21000-24000 сўмдан сотиш йўлга қўйилгани ҳақида «хушхабар» чиқиб қолганда томошабин бир сўкиниб олган бўлса ажаб эмас.
Шу лавҳани кўргандан кейин таниш қассоблар билан гаплашдим. Қўй гўштини кушхонадан килосини 27 мингдан олиб, 30 мингдан сотаётган экан. Ёлғон эканини янада ойдинлаштирганимдан кейин бошқа томошабинларга қўшилиб сўкким келди лавҳа муаллифларини.
Тўғри, лавҳада айтилган нархдаги гўшт бор бозорда. Лекин қўшиб берадиган суяги ҳам ҳисобга олинса, нархи эркин бозордаги билан тенглашади. ТВ эса давлат раҳбарининг кўзини бўяш учун ҳақиқатдан йироқ ёлғонлар тарқатиш билан овора.
Мамлакатимиз ҳаётидаги яна бир эътиборли воқеа собиқ малика Гулнора Каримованинг кирдикорлари ҳақида расман тарқатилган маълумотлар эди. Афсуски, бу мавзу ҳам «силаб» ўтилди.
Халқнинг шунча пули ўмарилишига йўл қўйиб берилганига ким айбдор, нега бу маълумотлар эндигина расман ошкор этилди, бунинг сабаблари нима каби саволлар очиқ қолди. Гўёки бунинг халққа қизиғи йўқдек.
Яна ўша осмондан қарашнинг, халқни менсимасликнинг, унинг олдида ҳисобдорлик мажбуриятининг йўқлиги билинди. Давлат эгаларининг: «Бунинг сизларга алоқаси йўқ, ишларингни қилинглар, сиёсатга аралашманглар», деган ёзилмаган кўрсатмалари ҳали долзарб экани билинди ТВнинг «гунг»лигидан.
Гапни «Ўзбекистон 24» телеканали эфирга чиқаётгани билан бошлагандик. Собиқ «ахборот»чилару бошқа ҳайбаракаллачиларга ишониб топширилган бу телеканал эркин матбуот ошуфталари талабига жавоб бера олмаслигини башорат қилишгача боргандик.
Афсуски, бу танқидий фикр-мулоҳазалар исботини топа бошлади. Танқидчиларнинг кутгани бўлди, кутмагани эмас. Кутгани ҳатто ортиғи билан амалга ошмоқда.
Гапни чўзиб ўтирмайлик, дангалини айтиб қўя қолайлик – маддоҳТВлар сони янада биттага кўпайди.
Фақат мадҳ этиладиган субъект ўзгарди. Эндигина иш бошлаган бу телеканал Шавкат Мирзиёевни Ислом Каримовдан ҳам улуғ илоҳга айлантириш йўлини тутаётгандек назаримизда.
Чунки унинг шаънига мадҳиябозлик шу даражада кучайяптики, телеканал журналистлари халқ ислоҳотчи, адолатли, халқ манфаати йўлида тиниб-тинчимас деб анча-мунча юксак ишонч билдираётган янги давлат раҳбарини худди аввалгиси сингари йўлдан уришга уринаётгандек таассурот уйғотмоқда.
Чунки ҳар қандай маддоҳлик, лаганбардорлик бундай иллатлардан безиллаб қолган томошабиннинг бир амаллаб қайтган ишончини сўндиришга олиб келади, деб ишонамиз.
Информацион-таҳлилий деб таъриф берилаётган янги телеканалнинг дастлабки бир ҳафталик кўрсатувлари шундай хулосага ундайди кишини.
Чунки шу кунларда «Ўзбекистон 24» улкан «Ахборот»га айланган, ўша президент танқид қилган, кўпчилик «жаннатдан хабарлар» берадиган кўрсатув сифатида биладиган «Ахборот»нинг давомчиси ўлароқ танитяпти ўзини.
Фақат шакл-шамойилда сал ўзгариш бор, мазмун-моҳият эса ўша-ўша!
Баҳодир Шариф
Ўзбекистонлик газетхон таҳаллуси
Eltuz.com