Асосий мавзулар
4 сентябр 2017

Бош вазир Абдулла Арипов мендан пора талаб қилган

Бу мақолани Арипов Бош вазир қилиб тайинланган 2016 йилнинг 12 декабрида ëзгандим аммо янги одамга шанс берайлик, эски гапларни эсламайлик деган андиша билан бу мақолани ғаладонга солиб қўювдим. Фото: Чапда Алишер Хўжаев, ўнгда Абдулла Арипов.

Аммо Бош вазир Абдулла Арипов ўз қудаси Алишер Хўжаевни МТРК га раис қилиб тайинлагани унга ва у тамсил қилган ҳукуматга нисбатан барча ишонч кредитларини йўққа чиқарди.

«Эй Эл Си» TV студиясида, 1998 йил

Демак, 1998 йил мен Урганчдаги «Эй Эл Си» телекомпаниясида бош муҳаррир бўлиб ишлар эдим. Биз олган лицензиянинг муддати тугашига тўрт йил бор эди. Аммо, ўша йили Ўзбекистон ҳукумати барча мустақил ТВ лар қайтадан лицензия олсин деб қарор чиқарди.

Барча ҳужжатларни йиғиб, ўша пайтда Почта ва телекомуникациялар агентлиги деб аталадиган Олой бозори ëнидаги бинога бордим.

Агентликнинг юридик хизмат бўлими бошлиғи ҳужжатлар таҳламининг устига “Эй Эл Си телекомпаниясининг ҳужжатлари қонунга зид эмас” деб ëзилган қоғозни ëпиштириб берди. Кейин менга юзланиб, «Бош бухгалтерга учранг» деди.

Бухгалтер мени яхши кутиб олди ва «Ариповни хурсанд қилмасангиз ишингиз битмайди», деди. Бухгалтер Хоразмдаги 8-нчи каналда ишлайдиган ТВ лицензиясини олиш учун Ариповга бериладиган совға лимитини белгилаб берди.

«Эй Эл Си» Телекомпанияси ҳужжатларининг қонунга зид эмаслиги ҳақида юридик хизмат бўлими тасдиғи

Бир қоп авангард навли Хоразм гуручи (50 кило) Футбол ўйнаганда кийиладиган бутси (NIKE брендли оригинал) ва 500 АҚШ доллари.

«Акс холда лицензиясиз ишлаган ҳар кунингиз учун санкция қўлласак, бундан ҳам кўпга тушасиз», деди дўстона оҳангда бухгалтер. Гап орасида, «пулни жума куни берсангиз, чунки шанбада Арипов Парижга учиб кетяпти командировкага» деб вазиятни аниқлаштирди.

Мен душанба кунги кечки учоқ билан Урганчга қайтдим. Нақд доллар йўқ эди, шу боис қора бозор курси билан 500 АҚШ доллари сотиб олса бўладиган сўмларни хўжалик сумкасига солдик.

Ëнимда бутси ва яна бир қоп гуруч. Аэропортдан такси олиб тўғри агентликка бордим. Кираверишдаги милиция турадиган жойдан бухгалтерга телефон қилдим. Хуллас, қўриқ хизматидаги милиция ходими билан гуруч тўлдирилган қопни кўтаришиб, тепа қаватга Ариповнинг хонасига чиқдик.

Арипов табассум билан мени кутиб олди. Қопни очиб, гуручни қўлига олиб кўрди. “Авангард гуруча точний?” деб саволомуз реплика ташлади. Бухгалтер бўлса, «мен кафилман» деб гап қотди. Навбат бутсига келди. Арипов бутсини яхшилаб у ëқ буëғини кўрди. Ҳақиқий экан, деб ҳулоса чиқариб қутига қайта солиб қўйди.

Навбат пулга келганида мен унга сўм тўла хўжалик сумкасини тутқаздим. Бухгалтер бош чайқаб, буни долларга алмаштириш керак деди. Ҳушмуомала Арипов оталарча йўл кўрсатиб, Олой бозорида чимчи сотаëтган корейс аëл адресини берди. “Ўша аëл ишончли, фақат йили эски бўлмасин” деди.

1998 йилнинг 8 октябрида «Эй Эл Си» Телекомпанияси фаолияти учун олинган 0000027 рақамли лицензия

Чимчи сотадиган аëл бир сумка сўм эвазига беш дона юзталик долларни қўлимизга тутқазди. Яна агентликка қайтдик. Агентликдаги кабинетида Арипов кутиб ўтирган экан.

Ҳафсала билан пулни олиб силаб ҳам кўрди. Қалбаки бўлмасин дея. Кейин менга қўл бериб ишингизга омад деб муваффақият тилади.

Ташқарига чиқдим. Бир пасдан кейин бухгалтер орқамдан етиб келиб Арипов имзо чеккан лицензияни қўлимга тутқазди. 1998 йилнинг 8 октябрида берилган бу лицензия бир йил муддатга эди. “Бир йилдан кейин яна саломга келасиз, Хоразмни гуручига ўрганган одам бошқа гуручни ея олмайди” деди бухгалтер.

Бир йилдан кейин мен раҳбарлик қиладиган телеканал сайловлар арафасида сиëсий сабаблар боис ëпилди. Бу айри ҳикоя.

Айтмоқчи бўлган гапим шуки, бугун Ўзбекистон ҳукумати бошида турган одам Абдулла Ниғматович Арипов – порахўр ва таъмагирдир. Буни мен ҳар қандай маҳкамада гувоҳ сифатида айта оламан.

Қудрат Бобожон
Eltuz.com

Тағин ўқинг
22 декабр 2016
«Ҳуррият» газетасида (21.12) босма нашрлар ҳақида чоп этилган мақола сарлавҳасини ўқиб, унда долзарб масала кўтарилган экан, деб ўйлашингиз мумкин. ...
31 июл 2023
Шахрихонсойда уч ўспирин жасади топилди. 30 июл куни Андижон вилояти Хўжаобод туманидан оқиб ўтувчи Шаҳрихонсойдан учта ўспирин йигит мурдаси ...
29 март 2017
Мирзиёевнинг куёви Отабек Шаханов, Ўзбекистон президентининг Қозоғистонга расмий сафари чоғида ўзбек делегацияси таркибида кўринди. 22-март куни тасвирга олинган президент ...
11 сентябр 2018
«2006 йилга қадар «Косон» зонасининг ташқи штаби томи устидаги солдат ва снай­перлар ярим йил тўхтовсиз “террорчилар”ни кутиб яшашди. Улар ...
Блоглар
19 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...
28 март 2024
Россия гумондорларини қийнагани ИШИД версиясини йўққа чиқармайди.  Бу ерда бир эски сийқа трюк ишлатилади. Спецслужбада бу ...