Сайрамликнинг «ошкора қотиллик қиссаси»
Қозоғистоннинг Сайрам туманида яшовчи 34 ёшли Хайрулла Норметов «ўрис динига кириб кетгани учун» хотинининг қорнига пичоқ тиққанини иддао қилиб, тармоққа видео қўйди.
13 ноябрь куни Ватсап орқали тарқалган видеода Норметов қассоблик пичоғини кўрсатиб, «Мана шуни охиригача тиқиб олдим», дейди.
«Кўпдан бери қиламан деган бир ишим бор эди, қиламан деб Аллоҳга қасам ичган эдим. Қасамимнинг устидан чиқдим, деб ўйлаяпман, Иншаоллоҳ. Ўзимнинг аёлим ўриснинг динига кириб кетибди. Қайтмади. «Қўлингдан нима келади?» деди, «Пошёл!» деди охири.
Қўлимдан келди. Мана шуни охиригача тиқиб олдим. Ўлса ўлгандир, мен гуноҳ қилдим, бироқ Аллоҳга ширк келтирганим йўқ. Дуо қилиб қўйинглар, Иншаоллоҳ», дейди у тармоқда тарқалган видеода.
Ҳамқишлоқдошларидан бири «Элтуз»га бу йигитни таниганини айтди.
«Ҳа. Сайрамлик бола. Хотинини пичоқлаб қочворган, дейишяпти», деди у.
Бироқ айни пайтда унинг хотини тирик ёки ўлгани ҳақида «Eltuz»да расмий маълумот йўқ.
Буни аниқлаш учун «Элтуз» мухбири Қозоғистоннинг Сайрам тумани ИИБга қўнғироқ қилди.
Телефонни кўтарган навбатчи аёл бу ҳақда эшитмагани, бўлимга келиб ариза бериш кераклигини билдирди.
«Элтуз» таҳририяти ҳорижда жойлашганини эшитгач, бошқа телефонга қўнғироқ қилишимиз лозимлигини айтди. Лекин бу телефон рақами ҳозирча жавоб бергани йўқ.
Eltuz.com