Асосий мавзулар
23 март 2018

Андижонда ўқитувчиларга «экдирилган» қўлбола гуллар

Кейинги пайтларда ўқитувчи ва боғча ходимлари ободонлаштириш бошқармасининг “қўл-оёғи”га айланган. Кўчаларни супуриб тозалаш, кўчатлар экиш ва оқлаш, йўл белгиларини янгилаш, қурилиш ишларида қурувчиларга ёрдам бериш каби ишларга энди кўчаларни безатиш ишлари ҳам қўшилди.

Андижонда тераклар ҳам «гуллатилган», eltuz.com © 2018

Наврўз байрами олдидан кўчалардаги дарахт ва буталар мактаб ўқитувчилари ва мактабгача таълим муассасаси ходимларининг қўл меҳнати билан ясалган сунъий гуллар билан безатилди.

  • Аёллар байрами – 8 март олдидан кўчада фаолиятни бошлаб юборганмиз, – дейди ўзини меҳнат таълими ўқитувчиси деб таништирган муаллим.

«Кўчаларни тозалаш, безатиш, дарахтларга шакл бериш, лотокларни оқлаш – ҳаммаси бизнинг гарданимизда.

Наврўз байрамига эса ҳали барг ёзмаган дарахтларга юзлаб сунъий гул ясадик. Улгурмаган ўқитувчилар уйида ясаб келишди гулларни.

Ўқитувчилар «экаётган» сунъий гуллар, eltuz.com © 2018

Пластик пакетлар учун ҳар бир ўқитувчидан 5 минг сўмдан пул йиғилди. Аммо кўпи билан бир ҳафта-ўн кунда дарахтлар барг ёзади ва сунъий гулларни яна йиғиштириб чиқишимизга тўғри келади».

Шаҳар боғчаларидан бирида ишловчи тарбиячининг сўзларига кўра, баҳорги ободонлаштириш ишлари доирасида уларга ҳам шундай вазифа топширилган.

Ходимлар сунъий гуллар ясаш учун жуда кўп миқдорда рангли целлофан пакетларни ўз маблағларига сотиб олганлар.

  • Бундай сунъий гулларни иш вақтида, катта гуруҳдаги боғча тарбияланувчилари ёрдами билан ясадик, – дейди тарбиячи. – Камалак сингари 7 хил рангдан фойдаланишимиз керак экан. Битта рангли ўрам бозорда 4 минг сўм туради. Ноилож ўз ҳисобимиздан сотиб олдик. Мудирамизнинг айтишича, ҳар бир фуқаро шу тахлит ободончиликка ўз ҳиссасини қўшиши керак экан.
Оч яшил рангли гул, eltuz.com © 2018

“Хабар.уз” сайтида ёзилишича, Самарқандда кўча тозалаш ишларига жалб этилган 23 ёшли ўқитувчи аёл “Камаз” автомашинаси уриб юбориши натижасида ҳаётдан кўз юмган. Ушбу фожиа ўқитувчилар орасида ҳам катта шов-шувларга сабаб бўлди.

  • Сайтда чиққан мақолани ҳамкасблар кўчадаги дарахтлар ва панжараларга сунъий гул ёпиштираётиб ўқиб чиқдик ва муҳокама қилдик, – дейди ўзини Шаҳодатхон деб таништирган мактаб ўқитувчиси. – Бизни ҳайрон қолдирган томони, бундай фожиалар рўй берганидан сўнг ҳам ўқитувчиларни кўча ва дала ишларига олиб чиқиш тўхтатилмаяпти.

Халқ таълими вазири ўринбосари Алишер Саъдуллаев фейсбукдаги саҳифасида: “Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин…”, дея муносабат билдириб чиқибди.

Бундай гулларни ўқитувчилар ўзлари ясашади, eltuz.com © 2018

Аммо ҳурматли мулозим нима учун бу гапларни ҳукумат йиғилишларида айтиб, таклифлар киритиш ўрнига фейсбукдаги шахсий саҳифасида ёзмоқда. Ёки у ўқитувчиларга ҳамма қатори ачинади-ю, бу тизимни ўзгартиришга ҳаракат қилишга журъати етмайдими? Бундай ишларга тезроқ барҳам берилиши керак, деб ўйлайман, акс ҳолда бир куни паймонаси тўлган ўқитувчилар “портлайди”.

Вилоят атроф-муҳит ва табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси инспекторининг айтишича, кўча бўйларидаги бу чиройли манзара вақтинчалик, эрта-индин сунъий гуллар қуёшда рангсизланиб хунуклашади ёки шамолда учиб ҳаммаёқни тўлдиради.

  • Бундай сунъий гўзаллик яратиш учун ўқитувчиларни ишдан қўйиб, овора қилишнинг нима кераги бор?! Ҳам табиатга зарар етказиляпти, ҳам ўқитувчи бечорага ортиқча меҳнат юкланяпти, – дейди эколог.

Унинг маълумот беришича, баҳор мавсумида Андижон вилояти бўйича жами 11,5 миллионга яқин янги дарахт кўчати ўтқазилади. Бундай миқдордаги кўчатларни экиш учун катта ишчи кучи керак бўлади. Халқ таълими соҳаси ходимлари йирик, текин ишчи кучи эканини ҳисобга олганда, ўқитувчиларни олдинда яна ихтиёрий-мажбурий ободонлаштириш ишлари кутмоқда.

Шоҳида Саидова
Андижонлик муаллиф тахаллуси
Eltuz.com

Тағин ўқинг
19 апрел 2016
«Ҳуқуқ» газетаси қўшни давлатларга келин бўлиб тушиб, бугун чегарадан ўтишдаги қийинчиликлар боис юртидаги қариндош-уруғлари билан борди-келди қилиш муаммосига дуч ...
14 март 2024
МИБ Зангиота тумани бўлими томонидан 98,4 млн сўмлик 435 та ижро ҳужжатлари тегишли қонунларга зид равишда тугатилиб, «МИБ портали» ...
31 август 2016
Бугун 31 август куни ЎзА ахборот агентлиги сайтида пайдо бўлган, президент Ислом Каримов номидан йўлланган табрик аллақачон ғойиб бўлди. ...
7 апрел 2020
«Элтуз» рассом Кирпининг коронавирус карантини туркумидан янги карикатурасини тақдим этади.
Блоглар
22 сентябр 2024
Вокаль ва визуал ундан олдинги жигули қўшиғининг сийқа такрори холос. Қўшиқ мелодияси кавказ дискотекалридаги «Шики ...
9 сентябр 2024
Яқинда мияни ўрганиш бўйича йирик мутахассис Татяна Черниговская маърузасида аёллар бир пайтнинг ўзида ҳамма нарсага ...
10 август 2024
Ўзбекистонда бир арвоҳ кезиб юрибди. Бу Каримов арвоҳи. Ўзбекистон Каримов давридаги паранояга қайтиб матбуотдаги «арвох» ...