Подполковникнинг қамалиши МХХ сирларини фош қилмоқда
Миллий хавфсизлик хизматининг Афғонистондан ўтган 405 килограмм наркотикни сақлашда айбланиб, 2016 йили 20 йилга қамалган 42 ёшли подполковниги Баҳром Сувоновнинг яқинлари уни аслида МХХ ичидаги гуруҳ ўз жиноятларини яшириш учун қамоққа ташлашганини айтишмоқда.
Ўғлининг қамалишига олиб келган 2016 йилнинг баҳоридаги воқеани унинг отаси Хурсанд Сувонов бундай талқин қилади:
«Ғуломовчилар асли катта бир гуруҳ. Улар қотиллик, Афғонистондан наркотик, қурол олиб ўтиш билан шуғулланишган. Бу сирларни ўғлим билган».
2016 йилнинг апрелида унинг ўғли Афғонистон чегарасидан Ўзбекистонга олиб ўтиш учун чегарадаги тўқайзорга кўмиб қўйилган катта партиядаги салкам ярим тонна гиёҳвандлик моддасини топади.
Уни йўқ қилиш учун ҳужжат расмийлаштиради. Бироқ Хурсанд Сувоновнинг ўғлидан иқтибос келтиришича, ўғлининг ҳамкасблари наркотик моддаларни келаси 2017 йилга қадар сақлашни лозим кўришган.
Кейинчалик жиноятни ўзларидан соқит қилиш ва Баҳромнинг бўйнига илиш учун уни қамаб, оғир қийноқларга солишган.
“Президентинг ҳеч нарса қилолмайди. Бунинг бошида Нодир Тўрақулов турибди, дейишган ўғлимга”, дейди Баҳромнинг отаси ўз ўғлидан иқтибос келтириб.
Баҳромнинг яқинларига кўра, хавфсизлик хизмати ходимлари уларнинг ўғли қамалганини бир ой давомида яшириб келишган. Уларга ўғлинг хизмат сафарига кетган, деб айтишган.
”Ҳукмда 13 июнда қамоққа олингани катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган, лекин у 19 майда қамоққа олинган”, дейди Хурсанд Сувонов.
Унинг иддаосига кўра, ўғлини яширишга бўлган ҳаракат ортида уни ўлдириб йўқ қилиш нияти ётганини англатади.
Eltuz.com