Асосий мавзулар
4 декабр 2018

Тўрткўл интернати директори устидан ёзган тарбиячи ишдан бўшатилди

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги сил касалликларига мойил болалар мактаб-интернати тарбиячиси Зулфия Мавлонова интернат директори Нурилла Рўзимовнинг тарбияланувчиларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлаётгани ҳақида “Элтуз” нашрига билдирди.

Ушбу мақола нашрга тайёрланаётган пайтга келиб Зулфия Мавлонова ишдан бўшатилгани маълум бўлди. 

“Ўз аризангга биноан бўшадинг. Шикоят қилдинг, қўлингдан нима келди?” деган директор гапларидан иқтибос келтиради Мавлонова “Элтуз”га ёзган хатида.  

Тарбияланувчиларга нисбатан ноинсоний муносабат

Интернат тарбиячисига 2016 йил апрелида ўқувчилари ёзиб берган тушунтириш хатларида мактаб директори Нурилла Рўзимовнинг болаларни тинмасдан уриб-сўкиб ҳақорат қилгани, шанба кунлари овқат берилмаганлиги ҳақида ёзилган.

“Беш йил мактабда директор бўлган бўлса, тўрт йил давомида шанба кунлари овқат берилмаган. “Овқат егунча фалонимни е!” деган сўзлари бор. Ичкарига кириб, сочларидан ушлаб деворга уриб, таҳқирлаган. Мана, ҳаммасини болалар ёзиб берди”, деди Мавлонова “Элтуз” мухбири билан суҳбатда.

Тарбиячининг билдиришича, ҳеч ким бунга чора кўрмаган. Аксинча, “Ёзганинг қаерга ўтди?” деб устидан кулишган.

“Улар болаларинг билан ҳеч нарса қила олмайсан, қўлингдан ҳеч нарса келмайди, дейишди. Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмаслиги мумкин. Лекин қонун бор. Агар шу етим-есир болаларнинг ўзларидан сўрашса, айтиб беришади болаликлари қандай ўтганини”, дейди Мавлонова.

Муштумзўр директор

Мавлонованинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчисини ургани учун интернат директори Рўзимовга нисбатан 2016 йили маъмурий чора ҳам қўлланилган эди.

“2016 йили Рўзимбой Маткаримов деган ўқувчимни ургани учун Рўзимов 2 минимал иш ҳақи миқдорида жарима тўлашгача борди. Бундан ташқари, синф раҳбари сифатида ўқувчиларимни уриб ҳақорат қилгани учун мен туман прокурорига мурожаат қилдим.

Лекин Тўрткўл тумани прокурори “Болаларнинг ота-онаси келсин, сиз келманг. Агар сиз келсангиз, ўзингизга жиноят иши қўзғайман”, деди. Лекин кўпчилигининг отаси-онаси йўқ, етим болалар эди. Мен уларнинг ҳам синф раҳбари, ҳам онаси сифатида борганман”, дейди Мавлонова “Элтуз” билан суҳбатида.

Педофил мактаб қоровули

Тарбиячи Мавлонова, шунингдек, бир сафар директор Рўзимов мактаб қоровулининг ўқувчига нисбатан педофил ҳаракатларини яширишга интилганини эслайди.

“2017 йили менинг қизим Динора Мавлонова ишлаётган синфда мактаб қоровули кечқурун соат 22.30 лар чамаси бир болага нисбатан “ножўя ҳаракат” содир қилади. Бироқ мактаб директори шу сирни ҳеч кимга айтмаслигимизни тайинлаб, ишдан бўшатиш ҳақида бизни қўрқитди, ишдан бўшаш тўғрисида аризаларимизни олиб қўйди олдиндан”, дейди Мавлонова.

Пахта тераётган аскарларга 50 та кўрпа-тўшак

Бу йилги пахта теримида Тўрткул интернатидан сил касалига мойил болаларнинг 50 та кўрпа ва 50 тўшагини чойшаблари билан қўшиб бир ойга пахта тераётган аскарларга ажратиб беришгани матбуотда овоза бўлган эди.

“28 сентябрь куни мактаб директори буйруғи билан Гулистон Жабборова мактабнинг 50 та кўрпасини 50 чойшаби билан бирга пахтада бир ой юрган аскарларга бериб юборганидан хабарим бор.

Уларнинг 20 таси захирада турган кўрпа-тўшак, 30 таси болаларнинг устидан олиб бериб юборилди. Кўп болалар кўрпа-тўшаксиз совуқда қийналишди”, дейди Мавлонова.

Бир маҳал овқат, шанба кунлари эса очлик

Шунингдек, тарбиячининг “Элтуз”га билдиришича, сил касаллигига мойил болаларга мўлжалланган озиқ-овқат ва дори-дармон эса фақат қоғозлардагина таъминланган.

“Болалар оч. Битта овқат пишиб турди. Ҳозир иккита овқат. Ҳозир иккинчи чоракдан буён бирор марта болаларга тухум, сариёғ берилмади. Компот, мева-чева, умуман, ҳеч нарса болаларга берилмади. Болаларга берилаётган озиқ-овқат менюдаги билан тўғри келмайди.

Силга мойил болаларни даволаш мактаб-интернатида бирорта ҳам дори-дармон йўқ. Номига ҳар ойда фалон миллион пул ўтди, деганини эшитамиз. Касал кўп, жудаям кўп”, дейди Мавлонова.

У бу ҳақда 2016 йилдан буён туман прокурорига, Халқ таълими вазирлиги ва президентга шикоят аризалари ёзгани, бироқ ҳеч қандай чора кўрилмаганини айтади.

“Элтуз” нашри сил касаллигига мойил болалар мактаб-интернатида содир бўлаётган юқоридаги ҳолат юзасидан адолатли чоралар кўрилишини кутади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
29 декабр 2015
Абдужамил Дўстмуҳаммад Eltuz.com Йил сўнггида содир бўлган воқеалар ва матбуотга сиздирилган иддаолар шундай тахмин қилишга асос беради. Кейинги кунларда ...
5 январ 2018
Ҳориждаги ўзбек мигрантлари ва фаоллари президент чақириқларидан руҳланиб, ватанга қайтишни ўйлашмоқда, Ўзбекистондаги реал вазият эса бошқача. “Чет эллардаги ватандошларимиз ...
12 июн 2019
Швед апелляция суди “Исломий давлат” террор ташкилотининг Швециядаги портлашларини уюштиришда айбланиб етти йилга қамалган 46 яшар Фарҳод Тошмуҳаммедов (Швецияга ...
18 феврал 2019
АҚШ пойтахти Вашингтонда Ўзбекистон ҳукумати делегацияси Cotton Campaign халқаро коалицияси вакиллари билан учрашди. Бу учрашув коалициянинг йиллик стратегик йиғилиши ...
Блоглар
4 декабр 2019
(Муҳаммад Солиҳ ва Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон суҳбатларини тинглаб) 1980 йиллар бошида раҳматли отам Мадамин Бек ...
27 ноябр 2019
Ўзбекистон Бош прокуратураси Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ижтимоий тармоқда тарқалгани аудиоёзувидаги ҳолатларни текшириш юзасидан ...
19 ноябр 2019
Матбуот хизматлари ва жамоатчилик билан алоқалар соҳаси бўйича таҳлиллар рукнимизнинг янги сонига катта эҳтиёж пайдо ...