Асосий мавзулар
4 декабр 2018

Тўрткўл интернати директори устидан ёзган тарбиячи ишдан бўшатилди

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги сил касалликларига мойил болалар мактаб-интернати тарбиячиси Зулфия Мавлонова интернат директори Нурилла Рўзимовнинг тарбияланувчиларга нисбатан ноинсоний муносабатда бўлаётгани ҳақида «Элтуз» нашрига билдирди.

Ушбу мақола нашрга тайёрланаётган пайтга келиб Зулфия Мавлонова ишдан бўшатилгани маълум бўлди. 

«Ўз аризангга биноан бўшадинг. Шикоят қилдинг, қўлингдан нима келди?» деган директор гапларидан иқтибос келтиради Мавлонова «Элтуз»га ёзган хатида.  

Тарбияланувчиларга нисбатан ноинсоний муносабат

Интернат тарбиячисига 2016 йил апрелида ўқувчилари ёзиб берган тушунтириш хатларида мактаб директори Нурилла Рўзимовнинг болаларни тинмасдан уриб-сўкиб ҳақорат қилгани, шанба кунлари овқат берилмаганлиги ҳақида ёзилган.

«Беш йил мактабда директор бўлган бўлса, тўрт йил давомида шанба кунлари овқат берилмаган. «Овқат егунча фалонимни е!» деган сўзлари бор. Ичкарига кириб, сочларидан ушлаб деворга уриб, таҳқирлаган. Мана, ҳаммасини болалар ёзиб берди», деди Мавлонова «Элтуз» мухбири билан суҳбатда.

Тарбиячининг билдиришича, ҳеч ким бунга чора кўрмаган. Аксинча, «Ёзганинг қаерга ўтди?» деб устидан кулишган.

«Улар болаларинг билан ҳеч нарса қила олмайсан, қўлингдан ҳеч нарса келмайди, дейишди. Менинг қўлимдан ҳеч нарса келмаслиги мумкин. Лекин қонун бор. Агар шу етим-есир болаларнинг ўзларидан сўрашса, айтиб беришади болаликлари қандай ўтганини», дейди Мавлонова.

Муштумзўр директор

Мавлонованинг сўзларига кўра, мактаб ўқувчисини ургани учун интернат директори Рўзимовга нисбатан 2016 йили маъмурий чора ҳам қўлланилган эди.

«2016 йили Рўзимбой Маткаримов деган ўқувчимни ургани учун Рўзимов 2 минимал иш ҳақи миқдорида жарима тўлашгача борди. Бундан ташқари, синф раҳбари сифатида ўқувчиларимни уриб ҳақорат қилгани учун мен туман прокурорига мурожаат қилдим.

Лекин Тўрткўл тумани прокурори «Болаларнинг ота-онаси келсин, сиз келманг. Агар сиз келсангиз, ўзингизга жиноят иши қўзғайман», деди. Лекин кўпчилигининг отаси-онаси йўқ, етим болалар эди. Мен уларнинг ҳам синф раҳбари, ҳам онаси сифатида борганман», дейди Мавлонова «Элтуз» билан суҳбатида.

Педофил мактаб қоровули

Тарбиячи Мавлонова, шунингдек, бир сафар директор Рўзимов мактаб қоровулининг ўқувчига нисбатан педофил ҳаракатларини яширишга интилганини эслайди.

«2017 йили менинг қизим Динора Мавлонова ишлаётган синфда мактаб қоровули кечқурун соат 22.30 лар чамаси бир болага нисбатан «ножўя ҳаракат» содир қилади. Бироқ мактаб директори шу сирни ҳеч кимга айтмаслигимизни тайинлаб, ишдан бўшатиш ҳақида бизни қўрқитди, ишдан бўшаш тўғрисида аризаларимизни олиб қўйди олдиндан», дейди Мавлонова.

Пахта тераётган аскарларга 50 та кўрпа-тўшак

Бу йилги пахта теримида Тўрткул интернатидан сил касалига мойил болаларнинг 50 та кўрпа ва 50 тўшагини чойшаблари билан қўшиб бир ойга пахта тераётган аскарларга ажратиб беришгани матбуотда овоза бўлган эди.

«28 сентябрь куни мактаб директори буйруғи билан Гулистон Жабборова мактабнинг 50 та кўрпасини 50 чойшаби билан бирга пахтада бир ой юрган аскарларга бериб юборганидан хабарим бор.

Уларнинг 20 таси захирада турган кўрпа-тўшак, 30 таси болаларнинг устидан олиб бериб юборилди. Кўп болалар кўрпа-тўшаксиз совуқда қийналишди», дейди Мавлонова.

Бир маҳал овқат, шанба кунлари эса очлик

Шунингдек, тарбиячининг «Элтуз»га билдиришича, сил касаллигига мойил болаларга мўлжалланган озиқ-овқат ва дори-дармон эса фақат қоғозлардагина таъминланган.

«Болалар оч. Битта овқат пишиб турди. Ҳозир иккита овқат. Ҳозир иккинчи чоракдан буён бирор марта болаларга тухум, сариёғ берилмади. Компот, мева-чева, умуман, ҳеч нарса болаларга берилмади. Болаларга берилаётган озиқ-овқат менюдаги билан тўғри келмайди.

Силга мойил болаларни даволаш мактаб-интернатида бирорта ҳам дори-дармон йўқ. Номига ҳар ойда фалон миллион пул ўтди, деганини эшитамиз. Касал кўп, жудаям кўп», дейди Мавлонова.

У бу ҳақда 2016 йилдан буён туман прокурорига, Халқ таълими вазирлиги ва президентга шикоят аризалари ёзгани, бироқ ҳеч қандай чора кўрилмаганини айтади.

«Элтуз» нашри сил касаллигига мойил болалар мактаб-интернатида содир бўлаётган юқоридаги ҳолат юзасидан адолатли чоралар кўрилишини кутади.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
14 апрел 2017
Самарқанддаги мобил мухбирлар, Оқиловнинг уйи сурати, видеоси ва унинг яқинлари ҳақидаги мақолани эълон қилди. Оқилов яшаган маҳалладагилар, нашр мухбирига ...
26 ноябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Сочи калта олинган, пастки лаби олдга туртиб чиққан, ўзи сариқдан келган бақувват жуссали бу кишининг тунд ...
30 апрел 2022
Жорий ойда Ўзбекистон ҳисоб палатаси, коррупцияга қарши кураш қўмитаси, монополияга қарши қўмита, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ҳарбий ...
29 ноябр 2016
Ўзбекистоннинг чегара ҳудудларида аҳолининг кўзи қўшни мамлакатлар худудига ўтган магистрал газ қувурларига тушади. Ўзбекистон газининг аксарияти қўшни давлатлардан ташқари, ...
Блоглар
11 май 2024
1944 йилнинг 11 майида Сталин барча қрим татарларини Қримдан сургун қилиш ҳақидаги машъум қарорни имзолади. ...
6 май 2024
Ҳайрли кун! Урганч шаҳрида яшайман. Бугун қуйидаги воқеа юз берди: мен автобусда телефонда гаплашиб тургандим. ...
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...