Судланувчи ички ишлар вазири ва шаҳар прокурорининг судга келишини талаб қилди
2018 йилнинг 4 декабрь куни Тошкент шаҳри судида бўлиб ўтган апелляция маҳкамасида айбланувчи Шаҳноза Бойқунусова маҳкамага Ўзбекистон ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновни ва Тошкент шаҳри прокурори Шерзод Облоқуловни чақиришни талаб қилди.
“Мен бу прокурорга раддия бераман. Судимда айбловчи сифатида Тошкент шаҳри прокурорининг ўзи қатнашсин. Шерзод Облоқулов бу ерга оддий прокурорларни юбормасдан, судга ўзи келсин ва ўзининг туҳмат буюртмасини ўзи асослаб берсин”, – деди Шаҳноза Бойқунусова.
Биринчи босқич судининг ҳукмидан норози бўлиб, апелляция шикоятини ёзган айбланувчи маҳкамага Ўзбекистон ички ишлар вазири келишини ҳам талаб қилди. “Бу ерга Пўлат Бобожонов ҳам келишини талаб қиламан. Нега атиги уч ой ёки нари борса олти ой давом этиши керак бўлган тергов нақ 11 ой чўзилганини асослаб берсин! Менга қарши очилган ҳар учала жиноят ишида асосий жабрланувчилар – банк пластик карталарининг ҳақиқий эгалари мени танимаслигини ва менга қарши бирор даъвоси йўқлигини айтишди. Шунга қарамай, Пўлат Бобожоновнинг терговчилари мени уч ярим ой давомида қамоқда олиб ўтиришди. Ички ишлар вазири нега мени ноқонуний тарзда қамоқда сақлашганини тушунтириб берсин!” – деди Ш.Бойқунусова.
Айбланувчи Пўлат Бобожоновдан ҳам ҳафсаласи пир бўлганини айтмоқда. “Тергов давомида мен унинг қабулида бўлганман. У менга ишим адолатли кўриб чиқилишини ваъда қилди. Лекин амалда айнан акси рўй берди”, – дейди Ш.Бойқунусова.
“Тошкент шаҳри прокурори Шерзод Облоқулов ички ишлар вазири Бобожоновдан ҳам ўтган ваъдабоз экан. Прокурор жанобларининг адолат ҳақидаги ваъдасидан кўп ўтмай мени ҳибсга олишди”, – дейди Шаҳноза Бойқунусова.
Унинг айтишича, айбланувчи терговда ҳам, судларда ҳам ўзининг айбсизлигини етарли далиллар билан исботлаб бўлган. Шундай бўлса-да, жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур, Миробод туманлари ва Тошкент шаҳри судлари тергов органлари – Тошкент шаҳри Ички ишлар бош бошқармаси ва прокуратураси қўйган айблов бўйича адолатсиз ҳукм чиқаришган.
Шу сабабдан Бойқунусова мазкур суд инстанцияларини “прокуратура ва ички ишларнинг нотариал идоралари”, деб атади. “Чунки судлар нотариал идораларнинг вазифасини бажаришмоқда: ўзларига келиб тушган айблов хулосаларини тасдиқлаш билан шуғулланишяпти, холос”, – деди Шаҳноза Бойқунусова.
“Туҳматлиги очиқ-ойдин бўлган айбловни тасдиқлашдан бошқа нарсага ярамайдиган идора суд эмас, нотариус деб аталади”, – дея такрорлади айбланувчи кечаги суддаги нутқида.
Ш.Бойқунусованинг айтишича, 2017 йил давомида пойтахтнинг Шайхонтоҳур, Сергели ва Чилонзор туманлари ички ишлар бошқармаларида унга қарши учта алоҳида жиноят иши қўзғатилган. Учала туманда ҳам терговчилар Бойқунусовани Жиноят кодекси 168-моддасининг турли банд ва қисмларида кўрсатилган жиноятларни (фирибгарлик) содир этганликда айблашган. Бирорта жиноят ишида Бойқунусованинг айбини исботловчи далил йўқ.
Мамлакат Жиноят-процессуал кодекси мазкур уч жиноят ишининг бирлаштирилишни талаб қилса-да, терговчилар бу талабни бажаришмаган: уч ишни алоҳида кўриб чиқишган.
Қизиғи шундаки, учала ишда ҳам бир хил шахслар ҳам жабрланувчи, ҳам гувоҳ сифатида иштирок этишган. “Шайхонтоҳур ИИБсида очилган ишда менга қарши жабрланувчи бўлиб кўрсатма берганлар Чилонзор ИИБсидаги ишда ҳам шу вазифани бажаришди. Худди шу шахслар Сергелидаги очилган ишда яна жабрланувчи бўлиб келишди”, – деди Ш.Бойқунусова “Eltuz” нашрига берган интервьюсида.
Бойқунусованинг “Eltuz” нашрига билдиришича, тергов ва суд жараёнида унга қарши ички ишлар ходимлари ҳам гувоҳлик беришган. “Мисол учун, Абдукарим Йўлчиев деган милиция командири менга қарздор бўлатуриб, олган пулларини қайтармаслик учун менга қарши гувоҳлик беришдан чарчамади. Бирорта кўрсатмасини исботлаб беролмади”, – дейди Шаҳноза Бойқунусова.
Ушбу жиноят ишларида Шаҳноза Бойқунусовага қарши кўрсатма берган барча гувоҳлар айбланувчидан қарздорлиги ҳам киши диққатини тортади. “Уларнинг олдимдаги умумий қарзи 398 миллион сўмни ташкил қилади. Қарзимни ундириб беришларини сўраб Сергели, Учтепа, Шайхонтоҳур, Юнусобод, Яккасарой, Яшнабод туманлари ички ишлар бошқармаларига расман мурожаат қилганман. Лекин аризаларим ўрганиб ҳам чиқилмади”, – дейди Ш.Бойқунусова.
Айбланувчининг айтишича, унга қарши асосий даъво қўзғатган Ҳамид Содиқов (“Ўзбекистон” санаторий-курорт акциядорлик жамияти ходими) терговда ҳам, судда ҳам “Шаҳнозага қанча суммалик банк пластик карточкасини қаерда ва қачон берганимни ҳам, карточкалар кимларга тегишли эканлигини ҳам билмайман”, – деб кўрсатма берган. Шундай бўлса-да, “курортчи”нинг кўрсатмалари терговчи ва судьялар томонидан жон деб қабул қилинган.
Шаҳноза Бойқунусова бу ҳолатдан норози бўлганида Ҳамид Содиқов очиқдан-очиқ: “Мен мартабали “акахон”ларимни курорт йўлланмалари билан таъминлаб қўйганман. Кўрсатмаларимни ўзлари келиштириб ёзишади”, – деган.
Шаҳноза Бойқунусованинг айтишича, асосий жабрланувчилар Регина Пишченко, Ғулом Маликов, Собит Билолов, Раҳматилла Раҳмонов тергов ва суд давомида Шаҳноза Бойқунусовани танимасликларини, айбланувчига қарши ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтишган. Шунга қарамай, тергов идоралари Бойқунусовани барибир фирибгарликда айблашган ва уни уч ярим ой давомида Тоштурмада ноқонуний ҳисбда сақлашган.
Жиноят ишлари ёпилгач, Тошкент шаҳри прокуратураси ҳам ноқонуний айбловни тасдиқлаган ва ишни судга оширган. 2018 йил 18 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани суди ҳам ички ишлар ва прокуратура идораларидан ўрнак олган: айбловни тасдиқлаган ва Бойқунусовани 14 ой ва 6 кунлик ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилган.
Бугунги кунда Бойқунусова айнан шу ҳукм устидан апелляция шикояти ёзган. Унинг айнан шу аризаси кеча, 4 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судида кўрила бошлади.
Апелляция маҳкамаси очилиши билан судья Даврон Шоазизов даъвогардан: “Прокурор, судьянинг шахсларига эътирозингиз борми?” – деб сўради. Шунда Ш.Бойқунусова: “Ҳа, бор!” – деб мақола бошида келтирилган талабларини баён этди.
“Менга қарши очилган ишда мендан жабр чеккан ёки моддий зарар кўрган одамнинг ўзи йўқ. Лекин барибир мен айбдор деб топилдим. Бу ҳолат ташқаридан комедия бўлиб кўриниши мумкин, лекин мен учун бу трагедия”, – дейди Шаҳноза Бойқунусова “Eltuz” нашрига берган интервьюсида.
Шаҳноза Бойқунусова берган апелляция шикояти бўйича кейинги маҳкама Тошкент шаҳри судида 11 декабрь куни соат 12.00 га белгиланган.
Элбарсхон Валиев,
Eltuzнинг Тошкентдаги мухбири