Ўзбекистонда 23 яшар миллионер яшамоқда
Ўзбекистон раҳбарияти “бизда миллионерлар йўқ” деб турган бир пайтда Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманида 23 яшар миллионер истиқомат қилмоқда.
Агар Яккабоғга бориб “қани миллионер” десангиз сизга Рўзиқул аканинг уйини кўрсатишади. Ҳудди шу уйда Миллионер истиқомат қилади.
Ишонмасангиз паспортини кўришингиз мумкин. Бу йигитнинг паспортида Миллионер Ëрматов Рўзиқул ўғли деб ëзилган. Рўзиқул ака бу саволга жавоб беравериб кўникиб ҳам кетган.
“Ҳа энди яҳши ният билан қўйдикда. Балким ҳали миллионер бўлар” дейди Миллионернинг отаси. 1993 йилда туғилган Миллионер Ëрматов келгусида Россияга бориб ишлаб пул топмоқчи.
Қашқадарëда болаларга исм қўйиш масаласидаги эркинликка ҳеч ким шубҳа билдирмайди. Ўтган йил августда Қашқадарё вилояти, Қамаши туманида туғилган қизалоққа Ишани, деб исм қўйган эди.
Ишани «Ёшлар» телеканалида қисман намойиш қилинган Ҳиндистонда суратга олинган «Сенга ошиқман» сериали бош қаҳрамонларидан бирининг исмидир.
Бунгача, Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида туғилган болаларга Ишани (Қашқадарё), Месси (Фарғона), Роналдо (Хоразм) каби исмлар қўйилгани маълум бўлганди. Шунингдек, Ўзбекистоннинг турли шаҳарларида Брюс Ли, Чингачгук, Марадона, Неймар, Дэвид Бекхэм, Жумонг кабилар учрайди.
Муқаддас Рўзимуродова
Қарши, Eltuz.com