Асосий мавзулар
12 феврал 2019

​​Навоий ўзбек шоири бўлганми?

Алишер Навоийнинг навбатдаги юбилейини эсон-омон ўтказиб олдик. У аллақачон ўзбек миллатининг, ўзбек тарихи ва маданиятининг рамзига айланганини ҳеч ким шубҳа остига олмаса керак. Шу билан бирга, фанда у ҳақдаги бир факт устида кўп баҳслар боради: Навоийни ўзбек шоири дейиш қай даражада тўғри?

Гап шундаки, Навоий яшаган XV асрда ўзбек деганда ҳозирги Ўзбекистондан шимолроқда, Олтин Ўрда ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли тушунилган. Бу ҳудудларда эса чиғатойлар яшаган.

Навоийнинг келиб чиқиши ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Ундан анча кейин яшаган Мирзо Ҳайдар Дуғлотгина бу масалага тўхталади. Унинг ёзишича, Навоий турфонлик уйғур бахшиларининг (котибларининг) авлоди экан; Темурийлар даврида турк тилидаги ҳужжатларни уйғурлар юритар эди. Кейинчалик яна бир қанча муаллифлар Мирзо Ҳайдарнинг маълумотларини такрорлайди.

XVI аср бошида шимолдан ўзбек қабилалари кириб келиб, ҳокимиятни қўлга олади. Тил, дин ва маданият жиҳатидан улар маҳаллий чиғатойлардан жиддий фарқ қилмас, улар орасидаги тафовут сиёсий бўлинишга бориб тақаларди — чиғатойлар Чиғатой улусида, ўзбеклар эса Жўчижон улусида шаклланган сиёсий-этник бирликлар эди. Ўзбек ҳокимияти ўрнатилгач, чиғатойларнинг катта қисми ўзбекларга қўшилиб кетади; яна бир катта бўлаги уларга қўшилмай, алоҳида ҳудудларда яшашда давом этади. Кичик қисми жанубга, Ҳиндистонга кўчиб кетади.

Буюк этнограф Қармишеванинг ёзишича, XVII асргача ўзбеклар ва чиғатойлар орасида фарқ сақланиб қолган; ўзбеклар чиғатойларни одатда турк деб атаган. XVII аср охирларига қадар ҳужжатларда маҳаллий халқлар санаб ўтилганида, ўзбеклар, тожиклар ва турклар санаб ўтилади. XVII аср охири — XVIII аср бошидан эса ҳужжатларда турк номи йўқолади, фақат ўзбеклар ва тожиклар қолади. Шу даврда турли асрларда Мовароуннаҳрга кўчиб келган туркий халқлар қўшилиб, ягона ўзбек номи билан юритила бошлайди, десак бўлади. Буни XVII аср иккинчи ярмида ижод қилган Турди Фароғийнинг ғазалларида ҳам кўрамиз — у биринчи бўлиб Бухоро хонлигини Ўзбекистон деб атайди.

XVIII асрда ўзбек хонликларига келган рус ва Европа сайёҳлари ҳам бу ҳудудда фақат ўзбекларни қайд этади, яъни XVI асрдаги ўзбек-турк фарқи унутилган эди. Бухоро ҳақида илк статистик маълумотларни келтирган Егор Казимирович Мейендорф хонликнинг асосий аҳолиси ўзбеклардан иборатлигини айтиб ўтади (ўзбеклар — 1,5 миллион, тожиклар — 650 минг, туркманлар — 200 минг, қолганлар кам миқдорда).

Шундай қилиб, XVIII–XIX асрларда маҳаллий туркий тилли қабилалар ўзбек номи остида ягона сиёсий-маданий бирликка айланади; шундан сўнг Мовароуннаҳрнинг ўзбекларгача бўлган тарихи ва маданияти ҳам шу бирликка тегишли деб қарала бошлайди. Чингизхон, Темур, Яссавийни маҳаллий аҳоли ўзбек деб ҳисоблаганини илгариги постларда ёзгандим. Навоийга ҳам шу даврда ўзбек шоири сифатида қарала бошланган бўлса керак. XIX аср ўрталарида илк марта бир машҳур муаллиф уни ўзбек шоири деб атайди — 1863–1864 йилларда Ўрта Осиёга саёҳат қилган Герман Вамбери. Иқтибос келтираман:

“Хивалик дутор ва қўбиз ижрочилари бутун Туркистонда машҳур. Энг буюк ўзбек шоири Алишер Навоий ҳаммага маълум ва машҳур, аммо ҳар ўн йилда иккинчи ёки учинчи даражадаги янги шоир майдонга чиқади. Хивада икки ака-ука билан танишдим. Улардан бири – Мунис шеърлар ёзади, айримларини кейинчалик нашр этмоқчиман; иккинчиси – Мироб улкан сабр билан Мирхонднинг асарини ўзбек тилига таржима қилаётган эди”.

Аммо сиёсий ёки этник ном Навоийни қайси асрда қандай қабул қилганларини акс эттиради, холос. У яшаган даврда турклар ҳали бугунги миллатларга бўлинмаган, Навоийнинг ўзи ҳам барча туркларни ягона халқ деб таъкидлашдан чарчамасди. Шунга қарамай, у чиғатой тилида ёзган, чиғатой тилининг бугунги авлодлари эса ўзбек ва уйғур тилларидир.

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
12 июн 2017
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, афтидан, тозаликни жуда яхши кўради. Унинг қаерга бориши маълум бўлса, ўша жой улкан ободонлаштириш масканига айланиши, ...
12 январ 2017
Ўзбекистонда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ортидан сенатор ва депутатларнинг бу ҳужжатга оид баландпарвоз чиқишлари пайдо бўла ...
9 июл 2024
Россиянинг урушдаги талофати, Афғонистондан келтирилаётган ҳавфли ичимлик, Халқ пули деган тушунча йўқлигини айтган ўзбек мулозимига кўрилган чора ва бу 600 ...
18 июн 2018
Ўзбекистон кучишлатар тизимлари делегацияси 4-8 июнь кунлари Пекинда махсус семинарда қатнашди. Хитой пойтахтида “Пул ва моддий ўтказмалардан ноқонуний фойдаланиш” ...
Блоглар
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...
10 октябр 2024
Юксалиш мактабининг гендер айирмачиликка асосланган бошқаруви ҳақидаги мақолага ўқувчилар икки хил муносабат билдирди. Бир сурув ...