Асосий мавзулар
6 март 2019

Ўзбеклар отаси Шайбоний нега унуттирилди?

“Миллий тарих” моҳиятан конструкт эканлиги ҳақида кўп гаплашганмиз. Бугунги ўзбек миллий тарихи ўтган асрнинг 20–40-йилларида Якубовский ва бошқа олимлар саъй-ҳаракатлари билан кодификация қилинган, бугунги “бобокалонлар” рўйхати ҳам тахминан ўша даврда шаклланган (мустақиллик даврида бу рўйхат кичик ўзгаришларга учраган).

Бу рўйхатдан жуда кўп йирик тарихий шахслар тушиб қолган. Шулардан бири, ўзбек миллатининг асосчилари қаторида бўлишга даъвогар давлат арбоби Шайбонийхон рўйхатдан тушиш билан бирга “қора рўйхат”га ҳам кириб қолган. Унинг меросини ва тарихда тутган ўрнини тушуниш учун тадқиқотлар деярли ўтказилмаяпти.

Ёш шоир Хуршид Абдурашид шу шахснинг тарих дарсликларидаги “тақдири” ҳақида диққатга сазовор шеър ёзибди. Шеърни қуйида келтираман.

Кечир бизни, сени бобо қила олмадик,
Ўрган эдинг ахир кимнинг арпасини хом?
Манфаатлар эшигидан ҳатлаёлмадик,
Ўзи менинг бобоммисан, Шайбоний бобом?

Сохта мозий айтиб берди бошқа ҳикоя,
Биз ишондик, замон бизга шундай ўргатган.
Авлод бўлиб қилолмадик сени ҳимоя,
Номинг тарих туғиб кетган қаро рўйхатда.

Ким яхши-ю, ким ёмонга ажрар одамзот,
Кенг эмасдир андаккина феъли хўйимиз.
Дашти Қипчоқ баҳодири наҳот бизга ёт?
Ҳақ-ноҳақни ажратолмай чуваш ўйимиз.

Ё темурий салтанатни тузаркан қайта,
Дастинг қамчи теккиздими халққа аёвсиз.
Қачон тарих эркак бўлиб ростини айтар,
Асл кечмиш тикланажак банд-у тушовсиз.

Ё Бобурга дунё кўриш имконин берган
Ғолиблигинг ўз бошингга тушди қимматга?!
Бу тупроққа ҳар бир ўғлон шон бўлиб келган,
Қандай тушиб қолдинг, бобо, бундай қисматга?

Бобур Мирзо каби сен ҳам ардоқли бизга,
Бир кун тарих ниқобини ечиб ташлайди.
Шонли аждод эрурсан сен миллатимизга,
Турон асло ботиридан юз ўгирмайди.

Ҳақиқатин ютиб ётар ҳозирча мозий,
Ҳар тўкисда бир айб дерлар ҳамма замонда.
Бизни авф эт, ўпкалама, бобо Шайбоний,
Икки қўчқор қайнамаскан битта қозонда!

Эльдар Асанов,
Телеграмдаги «Асанов формати» блогери

Тағин ўқинг
11 январ 2022
Лукашенконинг яқин келажакда «Ўзбекистон ҳам ғалаëнга саҳна бўлиши» ҳақидаги гапини икки хил талқин қилса бўлади: Биринчи талқин – «Лука ...
2 феврал 2021
“Элтуз” қисқа ҳажвий анимацион фильмлар туркумини давом эттиради. Навбатдаги фильм ёзувчи Раҳимжон Раҳмат матни асосида тайёрланди. Муаллиф Қўқоннинг Каппонбозорида ...
18 апрел 2023
Салом қадрли муҳлислар. Элтуз порталига келган навбатдаги 5 та шикоятни ўқиб эшиттирамиз. Мактублар Ўзбекистоннинг Бухоро, Сурхондарё, Фарғона, Тошкент вилоятларидан ...
19 сентябр 2022
Эстония, Латвия, Литва ва Польша  19 сентябрдан эътиборан туристик Шенген визаси бўлган россияликларни мамлакатга киритмаслик амалиётини йўлга қўйди. Улар ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...