Асосий мавзулар
13 март 2019

Аччиқ қалампирнинг ачиштирадиган қилмиши

Ўзбекистон президентининг мамлакатда катта ҳажмда аччиқ қалампир етиштириб, кейин уни хорижга экспорт қилиш орзуси биринчи йилданоқ саробга айланишига сабаб бўлган айрим фирмаларга нисбатан қонуний жазо чоралари кўрилмоқда.

Бу ҳақда маълум қилган Бош прокуратурадаги манбанинг билдиришича, Қорақалпоғистонда аччиқ қалампир етиштириш билан боғлиқ талон-тарожликлар “чуқур ўрганилмоқда”.

Ўзбекистонда аччиқ қалампир экиш Вазирлар Маҳкамасининг “Республикада хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиришни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори асосида бошланган эди.

Мазкур қарор асосида 2018 йилда республика бўйича жами 17117 гектар майдон, шу жумладан, томорқа ер участкаларида қалампир экилиб, ундан жами 207 015 тонна ҳосил олиш режалаштирилган эди.

Аммо ҳали ташқи бозорлар ўрганилмасдан, муайян бир тизим яратилмасдан бошланган бу иш кўпчиликни касод қилди.

Аччиқ қалампир билан боғлиқ машмашалар хорижий матбуотда ҳам, маҳаллий матбуотда ҳам кўп бора тилга олинди.

Бу шов-шувлар ортидан тегишли ҳуқуқ-тартибот идоралари аччиқ қалампир етиштириш билан боғлиқ можароларни ўргана бошлаганди.

Бош прокуратурадаги манбанинг “Элтуз”га билдиришича, Қорақалпоғистонда биргина фирманинг фермерлар ва кўчат етказиб берувчиларга етказган зарари миллиардлар билан ўлчанади.

Масалан, бу фирма 430 дан ортиқ фермер хўжалигига қиймати 3 млрд сўмликдан кўпроқ кўчатлар етказиб бермаган ва бу маблағларни эгаларига ҳам қайтармаган.

Бунинг оқибатида мазкур фермер хўжаликларининг тижорат банклари олдидаги кредит қарздорлиги 31 млрд сўмдан ошиб кетган.

“Бу фирма хўжайинлари Тўрткўл, Беруний, Элликқалъа ва Амударё туманларида томорқа ер эгаларини ҳам жуда катта пулга чув туширган. Масалан, юзлаб томорқачилар билан кўчат етиштириб бериш юзасидан шартнома тузиб, уларга етказиб берилган кўчат учун жами 2 млрд сўмдан ортиқ пулни тўламаган”, дейди прокуратурадаги манба.

Унинг яна айтишича, бу ҳали биргина фирма бўйича ва фақат битта ҳудуддаги қонунбузарликларга оид маълумотлар. Мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам шунга ўхшаш қонунбузарликлар кўплаб содир этилган.

Ўтган йили энг кўп қалампир етиштириш Қорақалпоғистон чекига тушган эди. Хусусан, бу ерда 15 минг гектар майдон шу экин учун ажратилганди.

Президент 2017 йил декабрда Оролбўйида бўлганида аччиқ қалампирни “юқори даромадли ва тез пишиб етиладиган” ўсимлик сифатида мақтаган ва бу экин экиладиган майдонларни кенгайтириш ҳақида шахсан топшириқ берган эди.

Президентнинг бу сафарини ёритган маҳаллий матбуот эса ҳали йўқ “товуқнинг тухумини санаш”га тушиб кетганди.

“1 гектар майдондан 16 тонна ҳосил етиштирилса, 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир олинади. Унинг 1 тоннасининг нархи дунё бозорида 8 минг 640 доллар атрофида баҳоланади”, деб ёзганди, масалан, gazeta.uz.

Мана шундай ваъдаларга ишониб, орзулари бир олам бўлган кўплаб одамлар аччиқ қалампирнинг ачиштирадиган таъсирини ўз танасида ҳис қилмоқда.

Аммо ҳали мамлакатдаги ҳуқуқ-тартибот идоралари аччиқ қалампир бизнеси ортидан бойиган олғир компанияю фирмалардан жабр кўрган фермер ва томорқачиларга қанча зарарини ундириб бергани ҳақида маълумотлар йўқ.

Баҳодир Шариф
Eltuz.com

Тағин ўқинг
24 январ 2018
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев автобусда тириклайин ёниб кетган фарғоналик 16 йўловчини «ҳароми» деб ҳақоратлади. Ўзбекистондан Россияга кетаётган йўловчилар ...
29 апрел 2019
Ўзбекистондаги «Вақф» хайрия жамоат фонди раиси Искандар Халилов хизмат машинаси сифатида миниб юрган «Малибу-2» автомобили тармоқларда баҳс уйғотди. “Вақф” ...
13 январ 2023
Ўзбек киноси шимолдаги «уришқоқ» давлат эмас, балки Гарбдаги тараққийпарвар давлатлар билан ҳамкорлик қилаётгани қувонарли ҳолдир. Сал олдин ВГИКнинг филиали ...
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...