Ёнидан Муҳаммад Солиҳ китоблари чиққан шоирнинг телефони ҳам мусодара қилинди
Ўзбекистонлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражаб 26 март куни эрталаб 8.30 ларда Гуржистоннинг Тифлис шаҳридан қайтаётганида Тошкент аэропортида ўзбек божхоначилари томонидан ушланди.
Бу ҳақда «Элтуз»га хабар етказган ҳамроҳлари Маҳмуд Ражабнинг ёнидан мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳ ва унинг укаси Муҳаммад Бекжоннинг китоблари топилгани, китоблари ва телефони мусодара қилиниб, қўйиб юборилганини билдиришди.
«Эрк» демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳ ўзбек шеъриятининг улуғ даҳоларидан биридир. Муҳаммад Бекжон эса «Элтуз» тингловчиларига «Алвидо, Жаслиқ» (Қўрқувнинг нариёғида) китоби аудиоверсияси билан яхши таниш.
Маҳмуд Ражаб Муҳаммад Солиҳни ватанга қайтаришни сўраб президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат билан чиққан ўзбек зиёлиларининг биридир.
Бир йил илгари, 2018 йилнинг 29 майида шоир Маҳмуд Ражаб ва яна уч нафар шахс Муҳаммад Солиҳ расми билан тушган суратини тармоққа қўйгани учун прокуратурага чақирилган эди.
Китобларига қўшиб телефони ҳам мусодара қилинган шоир Маҳмуд Ражаб сўнгги соатларда такси кира қилиб Тошкентдан Хоразм вилоятига қайтмоқда. Бироқ унинг ўзи билан боғланишнинг иложи бўлгани йўқ.
Eltuz.com