«Ўлган бувисига янги кафан…»
Оммавий ахборот воситаларида турк актёри Бурак Ўзчивитнинг янги туғилган чақалоғига Тошкентдан уй совға қилингани ҳақидаги хабарларни 17 апрель куни Тошкентнинг «Bizning Uylar Development» қурилиш ширкати рад этди.
«Брендимизнинг реклама юзи бўлган Бурак Ўзчивитнинг янги туғилган чақалоғига компаниямиз томонидан хонадон берилганлиги ҳақида тарқалган миш-мишлар ҳақиқатга мос келмайди.
Бурак Ўзчивит совға олиш учун ҳеч қандай талаб қўймаган ва компаниямизда бундай турдаги совға бериш масалалари муҳокама қилинмаган», дея билдирилди ширкат Instagram саҳифасида.
Турк актёрининг боласига уй берилгани ҳақидаги хабарлар ортидан ўзбекистонлик таниқли блогер ва шоумен Нозим Сафаров Тошкент расмийларининг чет элликларга прописка ва уй совға қилиш удумини ҳажв қилиб чиққан эди.
«Ўзбекистонга умуман алоқаси бўлмаган туркиялик қаердаги Буракнинг кеча туғилган боласи даже пропискалик бўлди.
Сен эса ҳануз ўз уйингда ўзинг ижарада турасан, Мамарайим. Ўл шу кунингдан, Мамарайим.
Севара Назархон куйлаганидек, «Юр, Мамарайим, сурдик бу ердан», дея ёзган эди Нозим Сафаров.
Турк актёрининг ўғлига янги уй берилгани ҳақидаги хабарни дастлаб Россияга тегишли Спутник.уз нашри тарқатган, бошқа кўп сайтлар кўчириб босишган эди.
Бундан сал аввал, 16 март куни президент Мирзиёев Тошкентда мамлакат спортини ривожлантиришга ҳали ҳеч бир ҳисса қўшмаган Россия хоккейи ва фигурали учиш юлдузларига квартиралар ҳадя қилишга фармон берган эди.
Eltuz.com