Cатира
24 апрел 2019

Адлия вазирлиги фаоллашаётган фуқаролик жамиятини жавобгарлик ҳақида огоҳлантирди

Адлия вазирлигининг ўз телеграм канали орқали йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш ёхуд ўтказиш тартибини бузиш жавобгарликка тортилишга сабаб бўлиши ҳақидаги огоҳлантириши Ўзбекистондаги эркинлашишга ҳаракат қилаётган фуқаролик жамияти учун ўзига хос чақириқдир.

Вазирлик ўз огоҳлантиришида бундай ҳаракатлар ташкилотчилари ҳам, уларга шароит яратиб берган фуқаролар ҳам жавобгарликка тортилиши тўғрисида эслатиб ўтган.

Шароит яратиш деганда бундай тадбирлар қатнашчиларига бинолар ёки бошқа мулк (алоқа воситалари, кўпайтирадиган ва бошқа хил техник ускуналар, транспорт)ни бериш ёки шундай тадбирларни ўтказиш учун бошқа шароитларни яратиш тушунилади.  

Гарчи бу огоҳлантириш Тошкентда 9 май куни “Барҳаёт полк” акциясини ўтказиш масаласига боғланаётган бўлса-да, моҳиятан ўз ҳуқуқларини талаб қилиб рухсатсиз турли йиғинлар ўтказиши мумкин бўлган фуқароларга ҳам тааллуқлидир.

Бундан аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳри ҳокимлиги “Барҳаёт полк” акциясини ўтказишга рухсат бергани ҳақида хабарлар тарқалганди.

Кейинроқ пойтахт ИИББ ҳокимликнинг бундай тадбир ўтказишга рухсат берганига оид маълумотга эга эмаслиги ҳақида баёнот эълон қилнган.

Лекин моҳиятан Адлия вазирлигининг огоҳлантириши аслида сўнгги вақтларда фаоллашган фуқаролик жамиятига қаратилгандек кўринмоқда.

Жумладан, яқинда фуқаролик жамияти фаоллари бир қанча халқаро ташкилотлар вакиллари, дипломатлар, тадбиркорлар иштирокида мамлакатдаги “буз-буз”лар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Расмийлар иштирок этмаган бу йиғилишда фуқароларга тегишли кўчмас мулкларни бузиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар муҳокама этилди.

Айнан шу мавзу кейинги вақтларда Ўзбекистон расмийларининг оғриқли нуқталаридан бири бўлиб турибди. Ҳатто халқаро миқёсда бу жараёндаги қонунбузарликлар ҳақида гапирила бошланди.

Бундан аввалроқ Сергели туманида қурилган кўп қаватли турар жой эгалари ипотека тўлови миқдори ошиб кетганидан норози бўлиб, парламент олдида рухсат этилмаган йиғинга тўплангани хабар қилинганди.

Аввалига уйларнинг бир квадрат метри 2,8 миллионга баҳоланиб, кейин нархлар 4,3 миллион сўмгача оширилгани аҳолининг норозилик сифатида турли йиғинлар ва учрашувлар ўтказишига сабаб бўлгани ҳақида ижтимоий тармоқлар бонг ура бошлади.

Адолат излаб Сенатга келган аҳолини тинчлантириш учун ҳукумат анча тер тўкишига тўғри келди. Турли даражадаги учрашувлар ташкил этилиб, уйлар нархи асоссиз ўсиб кетишига йўл қўймаслик ҳақида ваъдалар берилмоқда.

Албатта, аҳоли вакилларининг ўз ҳуқуқлари ҳимояси учун бундай чиқишлар қилиши ҳукуматга маъқул келяпти, деб бўлмайди.

Қолаверса, фаолларнинг йиғилишлар ўтказиб, амалдорларга ёқмайдиган мавзуларни уларнинг бурни тагида муҳокама қилиши ҳам улар учун ёқимсиздир.

Шунинг учун Адлия вазирлигининг юқорида тилга олинган огоҳлантириш билан чиққани айнан шундай ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган бўлиши эҳтимоли йўқ эмас.

Сардор Азим
Eltuz.com

Тағин ўқинг
26 август 2016
Француз фотографи Анри Картье Брессон репортаж фотожурналистикасининг “отаси” дея ном чиқарган эди. У бир жойда ўтирмай тинимсиз саëҳат қилишга ...
11 август 2021
“Толибон” етакчилари чегараларни назорат остига олгандан кейин қўшни давлатларга ҳужум уюштирилмаслигини ваъда қилмоқда”, дейди Россиямудофаа вазири. Al Jazeera ахборот ...
3 ноябр 2021
Одатда ички сиёсий масалалар юзасидан жамоатчилик фикридан ўзини тиядиган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тўсатдан хорижда “пистирма”да турган ...
5 декабр 2023
Навоий кон-металлургия комбинати акциядорлик жамиятига қарашли “Зармитан” олтин қазиб олиш конида оқибати ўлим билан тугаган бахтсиз ҳодисалар сони яна ...
Блоглар
30 апрел 2024
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
21 апрел 2024
Картинани кеча уйимга олиб келдим. Бир кеча термилиб ётмоқчи эдим. Лекин имкон бўлмади. Доимгидек ҳаёт ...
6 апрел 2024
Бугунги кунда рус пропагандаси фақат рус телеканаллари орқали бериляпти деган одам қаттиқ янглишади, чунки пропаганда ...