Асосий мавзулар
30 апрел 2019

Сергей Майоров: Олий суднинг журналистлар уйини тортиб олиш бўйича ажрими абсурд ва адолатсиздир!

Ўзбекистон Олий суди жорий йилнинг 16 апрель куни журналист Бобожоновларга тегишли уйларни тортиб олиш тўғрисидаги суд қарорларини ўз кучида қолдирди.

Журналист Ғайрат Бобожоновнинг суд қарорларидан норози бўлиб ёзган аризасига келган рад жавобга Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров имзоси қўйилган.

Жаноб Ёдгоров аризани «ўрганиб чиққани» келтирилган важлар Олий суднинг 2019 йил 1 февралдаги ажримида «батафсил муҳокама қилинганлиги ва суд қарорларини бекор қилиш учун асос бўла олмаслиги сабабли» қаноатлантирилмаслигини билдирди.

2019 йилнинг 1 февралида Ўзбекистон Олий суди судьяси Жамшид Тиркашев хоразмлик журналистлар Бобожоновлар шикоятини рад этиб, уларнинг уйларини мусодара қилиш ҳақидаги суд ҳужжатини қайта кўриш учун асослар мавжуд эмас, дея ажрим чиқарган эди.

«Суд механизмларининг бирортаси ҳам ишламади»

Адвокат Сергей Майоров

Жамшид Тиркашев суд ажримида журналистларга қарашли уйларнинг давлат рўйхатига олинмагани боис мулкларнинг давлат фойдасига мусодара қилиш қарорини қонуний, дея иддао қилган.

Бироқ журналистларни ҳимоя қилаётган Тошкентдаги «Симай» адвокатлик бюроси вакили 13 февраль куни «Элтуз»га Олий суд ажрими ноқонуний эканини, мулкнинг давлат рўйхатига олинмагани уни тортиб олиш учун асос бўла олмаслигини билдирган ва Олий суд раисига ажрим юзасидан шикоят аризаси билан мурожаат қилган эди.

«Эслатиб ўтаман, 2018 йилнинг 22 январида мутлақо ноқонуний қарор қабул қилинган, қурилган турар жойларни давлат тасарруфига ўтказиш ҳақида. Бу хўжасизлик. Бутунлай абсурд қарор.

Чунки у ерда одамлар яшаяпти. Фойдаланилмоқда. Бундан ташқари, бу уйлар маҳаллий ҳукумат идоралари рухсати ва розилиги билан қуриб битказилган. Шунга қарамасдан, бу нарсалар инобатга олинмаган ва ноқонуний қарор чиқарилган.

Табиийки, шикоят қилинганидан кейин, албатта, қарор юзасидан турлича шикоят қилиш мумкин эди, ҳам янги юзага келган вазият бўйича, ҳам процессуал тартибда бу механизмларнинг бирортаси ишламади.

Иккала ҳолатда ҳам Бобожоновларнинг турар жойга эгалик ҳуқуқи рад этилди. Бу қарорларинг қандай ёзилгани, кўриниб турган фактларнинг инобатга олинмагани, гап алоҳида давлат амалдорларининг журналистларга нисбатан салбий муносабатидан келиб чиқиб нообъектив қарор чиқарилганини англатади.

Ушбу қарор буюртма тарзида чиқарилган. Ҳар ҳолда қайсидир давлат амалдорининг журналистлардан айнан шундай қасд олганига жуда кўп аломатлар бор. Бу, албатта, нотўғри ва адолатсиз қарор», дея таъкидлайди «Симай» адвокатлик бюроси раҳбари Сергей Майоров «Элтуз» мухбирига.

Судья ўз қарорини ўзи ўз кучида қолдирди…

Урганч тумани суди журналистлар Шуҳрат, Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларнинг Урганч туманидаги уйларини мусодара қилиш қарорини ўз кучида қолдириши ортидан 2018 йилнинг 5 декабрь куни журналистлар ҳимоячиси суд ҳужжатларини назорат тартибида қайта кўриб чиқиш юзасидан Ўзбекистон Олий судига мурожаат қилган эди.

2018 йилнинг 27 декабрида Урганч туманлараро фуқаролик суди судьяси Ўткир Машарипов журналист ака-ука Бобожоновларнинг уйини мусодара қилиш борасидаги ўзи чиқарган қарорни кучида қолдирган эди.

Судья Ўткир Машарипов ўз қарорига асос қилиб судга мурожаат этишнинг барча муддатлари ўтказиб юборилганини рўкач қилган.

«Симай» адвокатлик идораси вакили шу боис биринчи инстанция ва кассация тартибидаги судларни четлаб ўтиб, Олий судга назорат тартибида мурожаат қилган эди.

Журналистларнинг Интернетдаги аккаунтлари очиқ таҳдид нишонига айланди

Журналист Қудрат Бобожоннинг сўзларига кўра, Олий суднинг бундай ажримига унинг «Элтуз» нашрида босилган МХХ ва ДХХ раҳбарлари кирдикорларига оид туркум мақолалари ва суриштирув фильмлари сабаб бўлган, айни мақолалар сабаб унинг тармоқдаги аккаунтлари очиқ таҳдид нишонига айланди.

«Уларнинг сўнггиси «ДХХ инқирози. Янги раҳбарият эски назоратини давом эттирмоқда» сарлавҳаси остида 2019 йилнинг 14 январида босилган, орадан 15 кун ўтиб – 1 февраль куни Олий суднинг ажрими чиқарилди», дейди «Элтуз» муҳаррири Қудрат Бобожон.

Унинг қўшимча қилишича, мақоладаги фактлар 8 февралга келиб тўлиқ тасдиқланди. ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев ишдан олиниб, унга жиноят иши очилди. Ўнлаб ДХХ зобитлари қамалди. 11 февраль кунига келиб, Ихтиëр Абдуллаевнинг ўзи ҳам, «Элтуз» манбасига кўра, давлат тўнтариши қилишга уринишда гумонланиб қамоққа олинди.

2018 йилнинг 22 ноябрь куни «Озод Европа – Озодлик радиоси» (RFERL) нинг Вашингтондаги қароргоҳи маъмурияти бу амалнинг журналистлардан ўч олиниши экани ҳақида баëнот берганди.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
3 октябр 2015
Сурхондарë вилоятида Солиқ Инспекция ходимлари ошхона ва дўконларга кечаси соат 21:00 ларда кириб корхона рахбарларига дўқ қилиб: «Агар эртагаëқ ...
11 ноябр 2021
Халқаро журналист «Агнешкахон воқеаси» кўп саволларга жавобларни очиб берди. Келинглар, жонажон аккредитациядан бошлаймиз. Айнан уларни назорат қиладиган институтнинг ўзи ...
30 декабр 2020
Кечган йил бир вақтлар Гулнора Каримова ўтказган тадбирларга ўхшаган “ëлғон” тадбирлар билан тўла бўлди. “Ëшлар форуми” “Ëшлар билан учрашув” ...
4 феврал 2022
Рассом Кирпи
Блоглар
22 ноябр 2024
Қудратлар айрилган тузум, яъни демократия автократиядан яхшидир. Бу гапни айтавериб тилим қаварди. Демократик жамият бўлган ...
28 октябр 2024
(Элтузга телеграм орқали келган мактуб) “Хоразм вилояти Урганч туманлараро суд раиси Ё.А.Алмосов жаноби олийларининг бугунги ...
24 октябр 2024
Бир одам ҳаммага яхшилик қилишга сўз берибди. Қўшниси келиб уни отини сўраб олиб миниб кетганича ...